Ўзаро илк ўйинда 9 та гол ёхуд Ўзбекистон ва Таиланд ўйини олдидан зўр фактлар!

Қатар мезбонлик қилаётган Осиё кубогида бирин-кетин чорак финалчилар номи аниқланмоқда. Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб, Бирлашган Араб Амирликлари футболчиларини ортда қолдирган Тожикистон терма жамоаси кейинги босқичга ўтди. Энди навбат - Ўзбекистон миллий терма жамоасига!

IMG_1730

30 январь куни Тошкент вақти билан соат 16:30 да Ўзбекистон миллий терма жамоаси таиландлик футболчилар билан чорак финал йўлланмаси учун кураш олиб боради.

Гарчи Таиланд терма жамоаси сафида Европанинг кучли чемпионатларида порлаган ўйинчилар бўлмаса-да, бу мамлакат футболчилари доим ҳамюртларимизга жиддий қаршилик кўрсатиб келган.

Sports.uz портали бўлажак ўйин олдидан Ўзбекистон ва Таиланд терма жамоаларига оид қизиқарли факт ва маълумотларни ҳавола этади.

Энг аввало, ҳар икки терма жамоа ўз квартетида бир хил натижа – биттадан ғалаба ва иккитадан дуранг қайд этиб, иккинчи ўринни эгаллаган ҳолда нимчорак финал йўлланамасига эга чиқди.

Ўзбекистон ва Таиланд футболчилари Осиё кубоги финал қисмида илк маротаба тўқнаш келмоқда.

Мусобақалар тарихида бу икки терма жамоанинг энг яхши натижаси ярим финал бўлган.

Ўзбекистон терма жамоаси шу кунга қадар қитъа чемпионати плей-оффида етти мартаба ўйнаб,  фақатгина 2011 йилги мусобақада кейинги босқичга ўтган холос.

Таиланд Осиё кубоги тарихида аввалги 24 та учрашувдан атиги учтасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. Бу галги чемпионатда таиландликлар гуруҳ бочқичининг учта беллашувидан бирортасида гол ўтказгани йўқ.

Таиланд терма жамоаси дарвозабонлари Саранон Ануин жами еттита, Пативат Хамма тўртта сейв намойиш этган ҳолда терма жамоа дарвозасини дахлсиз сақлаб келмоқда.

Чемпионатда ҳали гол ўтказмаган яна юир дарвозабон Машаал Баршам саккизта зарбани қайтарган.

Ўзбекистон ва Таиланд терма жамоаларининг ўзаро тўқнашувлари тарихига назар солсак, рақиб ҳар доим жиддий қаршилик кўрсатиб келганини кўришимиз мумкин.

Статистика билан шуғулланадиган нуфузли манбалардан бири – wildstat.ru сайтида ушбу терма жамоалар ўзаро 12 маротаба куч синашган. Қизиғи шундаки, бирор маротаба дуранг натижа қайд этилмагани ўйинларнинг муросасиз ўтганидан далолат беради. Олтита баҳсда ўзбеклар, яна шунчасида таиландликлар ғолиб чиққан. Тўплар нисбати бизнинг фойдамизга – 22:20.  

Ушбу манба маълумотига кўра, ўзбекистонлик футболчилар таиландликлар билан илк бор 1994 йили Японида ўтказилган Осиё ўйинларининг гуруҳ босқичида рўбарў келган ва тўққизта гол урилган баҳсда 5:4 ҳисобида зафар қучган.

Бир йилдан кейин Ҳиндистондаги “Неру кубоги”да ҳамюрларимиз рақибни кичик ҳисобда таслим қилган.

Кейинчалик уч йил давомида, яъни 1998 йилдан 2001 йилгача устунлик Таиланд футболчилар  томонида бўлди. Улар кетма-кет тўртта ўртоқлик ўйинида ғалаба қозонди.

2001 йил “Мердека кубоги”да футболчиларимиз нохуш анъанага чек қўйиб, таиландликларни яна енгди.

2004 йилги Осиё кубогининг саралашида ҳар икки терма жамоа ўз уйидаги ўйинларда учта тўп фарқи билан ғалаба қозонди.

Таиланд ва Ўзбекистоннинг кейинги икки учрашувидан бири ўртоқлик мақомида ва охиргиси ҳозир ўтказилаётган Осиё кубогининг саралаш турнири доирасида ўтказилган ва ҳар иккисида ҳамюртларимиз бир хил – 2:0 ҳисобида зафар қучган.

2022 йилги охирги учрашувда таиландликлар дарвозасига биттадан гол урган Жалолиддин Машарипов ва Азизбек Турғунбоев бўлажак баҳсда ҳам қатнашиши кутиляпти.

Учрашувлар тарихидан маълумки, Ўзбекистон таиландликларга расмий учрашувларда бирор маротаба имконият бермаган. Рақиб фақатгина ўртоқлик ўйинларида устунлик қилган холос.

IMG_1654

Шунга қарамай, Осиё кубогининг нимчорак финалида футболчиларимизни жиддий рақиб ва мураккаб учрашув кутиб турибди.

Муросасиз кураш: Ўзбекистон ва Таиланднинг энг кучли томони қайси?

Легионеримиз янги жамоасининг ғалабасига ҳисса қўшди

Шомуродов фаолиятида янгилик бўлиши кутиляпти!

Ўзбекистон “қора анъана”га чек қўйди ёхуд Қатардаги рекордлар, сенсациялар ва фактлар

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!