Қозоғистон сайти Ҳусанов ҳақида қаттиқ ёзди

Қозоғистоннинг нуфузли спорт сайти sports.kz мамлакат футболи ҳақида таҳлилий мақола чоп этиб, Европани забт этган Абдуқодир Ҳусанов ва Хвича Кварацхелия ҳақида ҳам тўхталди.

Sports.uz портали ушбу мақолани ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.

-  Қўшни давлатларда аллақачон юқори даражага чиққан футбол иқтидорлари пайдо бўлаётган бир пайтда, Қозоғистон ҳали ҳам сояда қолмоқда ва фақат Дастан Сатпаевнинг келажакдаги муваффақиятига умид қилмоқда.

Sports.kz республика интернет-портали Абдуқодир Ҳусанов ва Хвича Кварацхелиянинг фаолият йўлидаги ўзига хосликни қозоғистонлик футболчилар билан солиштириб ўрганди.

Аввало шуни таъкидлаш керакки, собиқ СССР давлатларида, Россия бундан истисно, узоқ вақт давомида дунёнинг энг яхши клубларида ўйнайдиган ҳақиқий жаҳон даражасидаги юлдузлари етишиб чиқмаган. Ўтган ўн йилликда бундай кам сонли футболчилардан бири арманистонлик Генрих Мхитарян бўлган, у ҳақиқатан ҳам йирик клубларда тўп сурган. Бироқ у ўз терма жамоасини халқаро турнирларнинг асосий босқичларига олиб чиқа олмади, унинг энг жиддий совринлари эса Италия чемпионлиги ва Европа лигаси ғолиблиги бўлган.

Бугунги кунга келсак, умумий фондан энг кўп ажралиб тураётган футболчи – бу Франциянинг ПСЖ клуби етакчиси Хвича Кварацхелия. У 25 ёшигача УЕФА Чемпионлар лигаси бош совринини қўлга киритди, А Серияда “Наполи” таркибида энг яхши футболчи, деб топилди ҳамда Грузия терма жамоасини “Евро-2024”га олиб чиқди.

Ўзбекистонлик Абдуқодир Ҳусанов грузин футболчисидан уч ёш кичик бўлишига қарамай, аллақачон “Манчестер Сити” шарафини ҳимоя қилмоқда ва мунтазам равишда, жумладан катта ўйинларда ҳам майдонга тушяпти. Унинг асосий ютуқлари қаторида Англия лигаси кубоги ва ёшлар ўртасидаги Осиё кубогидаги ғалаба, шунингдек ёзда бўладиган жаҳон чемпионатидаги илк иштирокини кўрсатиш мумкин.

Бу ерда уларнинг биринчи ўхшаш жиҳати намоён бўлади – ҳар иккиси ўсмирлар ва ёшлар даражасидаёқ ўз истеъдодларини ёрқин намоён этишга муваффақ бўлган. Ҳусанов мисолида Ўзбекистон кучли ёшлар авлодини тарбиялади, Абдуқодир 20 ёшгача бўлган терма жамоанинг асосий ўйинчиси бўлиб, жамоаси ғолиб чиққан Осиё кубогида барча учрашувларни алмаштирилмасдан ўтказди. Ўша пайтнинг ўзидаёқ кўпчилик келажакда эътибор қаратилиши лозим бўлган Ўзбекистоннинг иқтидорли ёшлари ҳақида гапира бошлаган.

Хвича эса Грузиянинг барча ёшлар терма жамоаларида ўйнаган, айниқса 17 ёшгача бўлган тоифада ажралиб турган, у 27 ўйинда 15 гол урган.

Ҳар икки футболчи топ-клубларга ўтишидан анча олдин Европанинг скаутлари диққат марказига тушган ва терма жамоалар даражасида халқаро турнирларда ўзларини кўрсата олган. Қозоғистонда эса ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларининг натижалари туфайли бу борада жиддий муаммолар бор эди, бироқ сўнгги икки йилда вазият яхши томонга ўзгара бошлади.

Яна бир муҳим жиҳат – Ҳусанов ва Кварацхелия иккаласи ҳам футбол муҳитида ўсган. Абдуқодирнинг отаси Ҳикмат Ҳошимов Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ ўйинчиси бўлиб, маҳаллий чемпионатда 200 дан ортиқ ўйин ўтказган ва фаолиятини якунлагандан сўнг мураббийликка ўтган.

Хвичанинг отаси Бадри Кварацхелия ҳам Грузиянинг бир қатор топ-клубларида ўйнаган ва кейинчалик мураббий бўлган. Демак, уларнинг футбол фикрлаши нафақат академияларда, балки оилада ҳам шаклланган. Ҳусановнинг “Ланс”га ўтиши пайтида оммавий ахборот воситалари унинг ўйин интеллектини, яъни вазиятларни ўқиш, тўғри позиция танлаш ва тез қарор қабул қилиш қобилиятини алоҳида таъкидлаган. Бу қобилият эрта ёшда айнан у ўсган муҳит туфайли шакллангани аниқ.

Уларнинг оддий қозоғистонлик футболчидан фарқ қилувчи энг муҳим омил эса – қулайликлардан воз кечиш ва маҳаллий чемпионат доирасидан тез чиқиб кетганидир. Абдуқодир “Бунёдкор” тарбияланувчиси бўлишига қарамай, профессионал даражада Ўзбекистон чемпионатида бирорта ҳам ўйин ўтказмаган. У ўзига имконият берилишини кутиб ўтирмади ва 18 ёшидаёқ Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубига ўтди, у ерда дарҳол асосий таркиб ўйинчисига айланиб, 39 ўйиндан 35 тасида майдонга тушди.

Хвича бутун фаолияти давомида Грузия чемпионатида жами 33 та ўйин ўтказган, шулардан 11 таси 2022 йилнинг бошига – сиёсий сабаблар туфайли Россиядан юртига қайтганидан кейинги пайтга тўғри келди.

Демак, ҳар икки футболчи ҳам кўп жиҳатдан маҳаллий лигаларда энг яхши футболчи  бўлишга интилмаган. Улар катта ютуқларга эришиш учун маҳаллий чемпионатларда энг яхшиси бўлиш етарли эмаслигини яхши тушунган, чунки бундай лигалардан топ-лигаларга ўтиш жуда кам учрайди.

Агар шу нуқтаи назардан Қозоғистон Премьер лигасига қаралса, қозоғистонлик футболчилар у ерда йиллар давомида “истиқболли ўйинчи” бўлиб қолиши ва ҳатто Европа мезонлари бўйича ҳам яхши маош олиши мумкин. Чет эллик футболчиларга қўйилган лимит эса клубларни маҳаллий ўйинчиларга катта гонорарлар тўлашга мажбур қилади. Бундай шароитда ҳар бир футболчи ҳам қулайлик ва барқарорликни тарк этиб, бошқа чемпионатга ўтишга қизиқмайди.

Таъкидлаш жоизки, Ҳусанов ва Кварацхелия профессионал даражада жуда эрта ўйнай бошлаган. Ҳусанов 18 ёшидаёқ Беларусь чемпионатида мунтазам тўп тепган, Хвича эса шу ёшида “Рустави”да 18 ўйинда 3+3 натижа қайд этган. Қозоғистонда эса, сўнгги икки мавсумни ҳисобга олмаганда, 18 ёшли футболчиларнинг асосий таркибда мунтазам ўйнаши ва натижага таъсир қилиши кам учраган.

Бу омиллардан келиб чиқиб, Ҳусанов ва Кварацхелия муҳити доимий равишда мураккаблашиб борганини кўриш мумкин. Яъни, Хвича ва Абдуқодирнинг трансферлари босқичма-босқич амалга ошган, бу кескин босимсиз рўй берган. Ҳар бир кейинги қадам кучлироқ чемпионат ва қаттиқроқ рақобатни англатган, бу эса уларни мослашиши ва ўсишига туртки бўлган. Қозоғистонда эса футболчининг энг юқори нуқтаси кўпинча маҳаллий лигадаги ўйинлари билан боғлиқ бўлиб, 27–28 ёшда четга кетиш қийинлашади ва янги чақириқлар йўқлиги сабаб ўсиш секинлашади.

Шунингдек, ҳар иккисида ҳам топ-клублар эътиборини тортадиган аниқ кучли жиҳатлар борлигини таъкидлаш керак. Хвичада – дриблинг, жасорат ва масъулиятни ўз зиммасига олиш қобилияти. Ҳусанов  – тезкор ва универсал ҳимоячи бўлиб, яккакурашларда агрессив ҳаракат қилишдан қўрқмайди. Айнан шу хусусиятлар кучли лигалар клубларининг қизиқишига сабаб бўлган.

Қозоғистонда эса ўзига хос услубга эга футболчилар кам учрайди. Одатда, машҳур ўйинчилар ҳақида гап кетганда, улар мамлакат миқёсида яхши, лекин рақобатчилардан ажратиб турадиган ёрқин жиҳатга эга эмас, деб баҳоланади.

Ҳозирча кўп жиҳатлар бўйича Дастан Сатпаевнинг йўли уларникига ўхшаш кўринади. У 16 ёшидаёқ “Қайрат” таркибида мунтазам ўйнаган ва 2025 йилда лиганинг энг яхши тўпурари бўлган. Шу ёшидаёқ Қозоғистон миллий терма жамоасига чақирилиб, у ерда ҳам етакчилардан бирига айланган. “Челси” скаутлари ҳам унинг иқтидорини юқори баҳолаб, дастлабки шартномани имзолаган.

Бироқ ҳозирча бу маҳаллий футболчилар орасида катта умидлар боғланаётган ягона мисол бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, унинг фаолияти учун Англия каби юқори рақобатли муҳитга тўғридан-тўғри ўтиш, лекин Қозоғистондан кучлироқ, аммо Англиядан пастроқ лигада тажриба орттирмасдан туриб, қай даражада самарали бўлиши ҳали номаълум, - деб ёзмоқда sports.kz сайти.

Ҳусановни афсонавий ҳимоячига тенглаштиришди
АҚШ Ҳусановдан ҳайратда!
“Сити” чемпионлик курашига қайтган тўқнашувда Ҳусановнинг ўйин қандай баҳоланди?

Ҳусановга ишонаётган мураббий мундиалда қайси терма жамоа ютишини айтди

Шомуродов икки гол билан курашга қайтди! Тўпурарлар пойгасида вазият қандай?

Ўзбекистон: Бу галги рақиб Аргентина ва Бразилияни қўрқитган жамоа!

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!