Раньери ўйинни ўзгартирган Шомуродов ҳақида нима деди?

TIGGO 2 PRO

Италия А Сериясининг 30-турида “Рома” футболчилари жуда мураккаб ўйин ўтказди. Сафарда “Лечче” меҳмони бўлган “бўрилар” рақиб дарвозасига йўл топиш ва ҳимоя чизиғини ёриб ўтишда анча қийналди.

Тажрибали мураббий Клаудио Раньери ўйин якунланишига чамаси 20 дақиқа қолганда тактик ўзгариш қилиб, майдонда иккинчи марказий ҳужумчи Элдор Шомуродовни туширди. Бу ўз самарасини берди ва Артём Довбик ҳимоячилар босими пасайганидан фойдаланиб, ғалаба тўпини киритди.

Учрашувдан кейин Клаудио Раньери ўйин ҳақидаги интервьюсида Шомуродовнинг хизматларини ҳам эътироф этди.

- Ўйин бошида “Рома” иккита қулай вазиятни бой берди. Охиригача ғалабага ишонганмидингиз?

- Ҳар доим охиригача курашиш керак, бу жуда қийин баҳс бўлди. Ўзимиз иккита вазиятни қўлдан чиқарганимиздан кейин рақибга дарвозамизга хавф солиш имконини бердик. Беллашувнинг иккинчи ярмида кураш янада кучайди, лекин ғалаба қозонишимиз зарур эди. Биз лигада қолиш учун курашаётган жамоага қарши тўп тепдик ва шу боис очко олиш қийинлигини билардик.  

- Довбикка баҳо беришда фақат самарадорлигини инобатга олиш керакми?

- Йўқ, ундан кўпроқ нарса талаб қилиб, иштиёқини кучайтириш керак. Биз бу ишни ҳар куни амалга оширяпмиз ва ҳаракат қиляпти. У майдон ичкарисидан тўп узатилганда кучли ҳужумчига айланади. Биз эса доим ҳам унга бунақа пас бера олмаяпмиз.

- Мусобақа жадвалида юқори ўриндагиларга қараяпсизми?

- Йўқ, мен ўз ўйинчиларимга эътибор қаратяпман. Уларга ёзда ортимизга қараганимизда, ҳеч нарсадан афсус чекмаслигимиз кераклигини, бунинг учун майдонда натижа кўрсатиш учун қўлимиздан келганини қилишимиз лозимлигини уқтирдим. Улар ҳар битта тўп учун курашиши шарт. Олдимизда саккизта учрашув бор ва уларнинг ҳар бири бугунгидек қийин ўтади.

- Довбикнинг бор имконияти шуми ёки ҳали очилмаган қирралари борми?

- Ўйлашимча, унинг салоҳияти катта. Секин-аста очилиб боряпти ва бир нечта гол ҳам урди. У хотиржам ўйнашни ўрганиши керак, лекин бу осон бўлмайди. Мен унга “сен учун голлар муҳим, лекин ҳар битта тўп учун курашишинг лозим”, дедим.

- Майдонга Элдор Шомуродовни тушириб, Довбикнинг ишини осонлаштирдингиз ва у шундан кейин ғалаба голини урди...

- Ҳа, рақиб ҳимоячиларидан икки нафари Довбикни мунтазам қўриқлаб турди. Артём ўзига бўлган ишончни йўқота бошлади. Ана шу вазиятда унга ўз елкасини тутиб, кўмак бера оладиган Шомуродовдек ўйинчини туширдим. Элдор Довбик катта ёрдам келганини ҳис қилиши учун барча имкониятларни яратиб берди.

- Икки ой олдин жамоа тўртинчи ўрин учун курашни орзу қилса бўлармиди?

- Жамоага келганимда ишлаш учун шу ерда эканимни айтганман. Мен ҳеч қандай ваъда бермайман, фақат мақсад сари интиламан ва ўйинчиларимда ҳам худди шу ҳолатни кўришни истайман. Ўз ишимни охиригача етказиб қўя олишимга умид қиламан. Шуни ваъда бера оламанки, ўрнимга келадиган янги мураббий мендан ёш бўлади. Европа Чемпионлар лигасига чиқсак ҳам, бу омил мени жамоада олиб қололмайди.

Гол уришига бир баҳя қолган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳоланди?

Гвардиола Ҳусановдан бунақасини кутмаган эди!

Ҳусанов туфайли тожик футболчиси бошқа чемпионатни танлади
Европадаги чемпион жамоа Файзуллаевни қайси юлдуз ўрнига олмоқчи экани маълум бўлди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!