Рақиблар Файзуллаев туфайли бешта сариқ карточка олди

Статистика маълумотларига ихтисослашган Opta Sports портали Россия Премьер-лигасида рақибларнинг огоҳлантирилишига энг кўп сабабчи бўлган футболчиларни аниқлади.

Маълумки, замонавий футболда дриблинг устаси бўлган ҳужумкор футболчиларга нисбатан ўйин қоидаси кўп бузилади.

Opta Sports портали экспертлари ҳисоб-китобларига кўра, Россия Премьер-лигасида “Ахмат” ҳужумкор футболчиси Лечи Садулаев рақибларига энг кўп сариқ карточка келтирган ўйинчи бўлди.

Ўтказилган 14 та турда рақиблар Лечига қарши ўйин қоидасини қўпол тарзда бузгани учун саккиз маротаба огоҳлантирилган.

Бу кўрсаткич бўйича кейинги ўринларда рақибларга еттитадан сариқ карточка келтирган “Динамо Москва” ярим ҳимоячиси Муми Нгамалё ва “Динамо Махачқалъқ” ҳужумчиси Эгаш Касинтура қайд этилган.

ЦСКА шарафини ҳимоя қилаётган Аббосбек Файзуллаев ҳам рақиб ҳимоячилари билан жуда кўп яккама-якка курашларда иштирок этади. Кўпинчи рақиблар легионеримизни тўхтатиш учун ўйин қоидасини бузишига тўғри келади.

Ана шундай ҳолатларда учрашув бош ҳакамлари Аббосбек Файзуллаевга қўполлик ишлатган бешта футболчига огоҳлантириш берган.

Худди Аббосбек каби Мирлинд Даку (“Рубин”), Данил Глебов (“Ростов”), Диего Лаксальт ва Хорхе Карраскаль (“Динамо Москва”) ҳам рақибларнинг беш мартадан сариқ карточка олишига сабабчи бўлган.

Эслатиб ўтамиз, “Пахтакор” тарбияланувчиси бўлган Аббосбек Файзуллаев ЦСКАга 2023 йилнинг августида кўчиб ўтган эди. Дебют мавсумидаёқ “армиячилар”нинг ҳужум чизиғи етакчисига айланган ҳамюртимиз Россия Премьер-лигасининг асосий кашфиёти сифатида эътироф этилган.

Янги мавсумда ҳам ЦСКАнинг аксарият ҳужумчилари Аббос ёрдамида ташкил этилмоқда. 21 ёшли ҳужумкор футболчимиз жорий мавсумда Премьер-лига ва мамлакат кубоги доирасида жами 17 та учрашувдан иштирок этиб, рақиблар дарвозасига бир жуфт тўп киритган ва жамоадошларига бешта голли пас узатган.

Трансферларга ихтисослашган transfermarkt.world портали Файзуллаевни 6 миллион еврога баҳолаган. Аббос бу кўрчаткич бўйича Марказий Осиёнинг энг қимматбаҳо футболчиси ҳисобланади.

Аббосбек Файзуллаев мунтазам Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб қилинмоқда. Иқтидорли ўйинчи ҳозирга қадар халқаро миқёсда 21 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига тўртта гол ёздириб қўйишга эришган.

Ҳусановни Англия грандлари сафида кўрамизми? Жараён бошланди...

Уни оламизми? ПСЖ юлдузларини “тўкиб ташлаган” Ҳусановга Париж клубининг муносабати қандай?

Легионеримиз Россия терма жамоасига маслаҳат берди

Файзуллаев билан дўстликни тўхтатамиз!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!