Россия футболида можаро. Жалолиддинов жамоадошлари Ўрунов жамоасига қарши ўйнашдан бош тортмоқда!
Россия премьер-лигасида иштирок этаётган "Тамбов" клуби "Локомотив"дан ўзбекистонлик легионер Жасур Жалолиддиновни ижарага олганидан бери ўзбек футболи ишқибозлари тамбовликларга ҳам мухлислик қилмоқда. Гаржи ҳали ҳамюртимиз премьер-лигада дебютини нишонламаган бўлса-да, ҳар ҳолда ҳар турда унинг майдонга тушишини кутаётганимиз бор гап.
Мана энди "Тамбов" клуби можаро марказида қолди. Бу клуб молиявий инқирозга юз тутган ва ўз футболчиларига маош бера олмаяпти. Бунга асосий сабаб, Тамбов вилояти раҳбарияти бир неча ой олдин клубни молиялаштиришни тўхтатганида.
Футболчилар агар декабрь ойигача маош берилмаса, чемпионатнинг 17-туридан ўрин олган “Спартак”га қарши сафар ўйинида майдонга тушмаслигини эълон қилди. Бу учрашув 5 декабрь куни Москвадаги “Откритие Арена”да ўтказилиши режалаштирилган.
“Тамбов” клуби спорт директори Павел Худяков ҳам футболчилар чемпионат ўйинини бойкот қилишини тасдиқлади.
- Ҳа, бу рост. Мен куни кеча футболчилар билан учрашдим. Уларнинг қарори қатъий ва жиддий. Улар ҳатто шанба куни бўладиган “Краснодар”га қарши ўйинга чиқишдан ҳам бош тортаётган эди. Биз уларни ноябрдаги беллашувларда майдонга тушишга кўндирдик ва “Уфа”га қарши ўйинга ҳам борамиз.
Мен футболчиларни жуда яхши тушуниб турибман, оиласи, фарзандлари бор ва уларнинг олдидаги бурчларини бажаришлари шарт.
Биз вилоят раҳбариятидан июнь ойидан бери маблағ олмадик. Ёзда клуб футболчилар олдидаги қарзларини ўз кучи ва имкониятидан келиб чиқиб ёпди. Ҳозир сентябрь ва октябрга маош беришимиз керак. Клубнинг бошқа ходимлари ундан ҳам узоқ муддат пул кўргани йўқ. Вазият жуда оғир. Биз вилоят раҳбарияти 2020-2021 йилги мавсумда иштирок этиш учун ажратилган маблағни беришига умид қилиб турибмиз, - деди Павел Худяков.
Бундан аввалроқ, Россия футбол иттифоқи ҳам “Тамбов” клубининг ўйинчилардан қарздорлиги учун янги футболчиларни рўйхатдан ўтказишни таъқиқлаб қўйганди.
“Тамбов” спорт директори Павел Худяков бир ҳафта муқаддам клубда вазият оғирлиги, вилоят бюджетидан пул ажратилмаётгани, айрим харажатлар Элдор Шомуродовнинг ўрнига “Ростов”га ўтган Владимир Обуховнинг трансфер пуллари эвазига ёпилгани, агар ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса, клуб бошқа шаҳарга кўчиб ўтишга мажбур бўлишини маълум қилган эди.
Тўғрисини айтсам, бу мавзуни муҳокама қилиш ёқмайди. Клубда амалга оширилган ишлар кейинчалик бошқа шаҳарга кўчиб кетиш учун қилинмаган. Бу лойиҳаларнинг барчаси тамбовлик футбол мухлислари премьер-лига ўйинларидан баҳраманд бўлиши учун ҳаётга татбиқ этилган эди. Ҳозир барча ўй-хаёлларимиз жамоани Тамбов шаҳрида олиб қолишга қаратилган.
Агар 2021 йилнинг январь-февраль ойларида стадион қурилиши ва молиявий вазиятни ўнглаш бўйича ҳеч қандай ўзгаришлар юз бермаса, жамоани сақлаб қолиш учун кўчиб кетишимиз долзарб мавзуга айланади. Молиявий муаммоларимиз йиғилиб қолган. Лекин биз олдимиздаги бешта турда максимал даражада очко олишимиз керак, - деган эди Павел Худяков.
Бироқ унинг бу мурожаати ҳеч қандай наф бермади.
“Спартак” ва “Тамбов” ўртасидаги ўзбекистонлик футбол мухлисларининг ҳам эътиборида тургани ҳеч кимга сир эмас.
Чунки тамбовликлар сафида Жасур Жалолиддинов бор. Москваликлар жамоасида Остон Ўрунов тўп тепмоқда. Биз эса премьер-лига баҳсида ўзбек дербисини кўриш иштиёқидамиз.
Фикрлар