Россияга Ўзбекистон терма жамоаси билан ўйнаш таклиф этилди

Машҳур футболчи Виталий Денисов журналистлар билан суҳбатда 2026 йилда Россия ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувини ташкил қилиш зарурлиги ҳақида фикр билдирди.

- Мен бу ҳақда бир неча бор айтганман, Россия терма жамоаси Ўзбекистон билан ўйнаши керак. Бу ҳар икки жамоа учун жуда ажойиб ўйин бўлади. Ўзбекистон учун ҳам бу жуда яхши рақиб ҳисобланади. Бу учрашув ўтказилса, Россияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам стадионлар тўлиб кетади. Ахир Ўзбекистон жаҳон чемпионатида иштирок этади, - деди футболчилик фаолияти давомида Россия, Украина ва Ўзбекистон миллий чемпионатларида ўндан зиёд жамоа шарафини ҳимоя қилган Виталий Денисов.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил февраль ойидан бери Россия клублари ва миллий жамоалари УЕФА ва ФИФА мусобақаларида қатнашишдан четлатилган.

Шунга қарамай, Валерий Карпин бошчилигидаги Россия терма жамоасининг 2026 йилнинг 27 ва 31 март кунлари иккита ўртоқлик учрашувини ўтказишни режалаштирган. Бироқ ҳали рақиб жамоа топилгани йўқ.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, бу саналарда россияликлар билан учрашув ўтказа олмайди. Чунки Фабио Каннаваро бошчилигидаги терма жамоамиз ФИФА шафеълигида ўтказилаётган янги турнир – FIFA Series ўйинларида иштирок этади.

2026 йилги FIFA Series мусобақаси дунёнинг бир нечта минтақаларини қамраб олган. Бу турнирга мезбон сифатида Ўзбекистондан ташқари Австралия, Озарбайжон, Индонезия, Қозоғистон, Маврикий, Пуэрто-Рико ва Руанда давлатлари ҳам танлаб олинган.

FIFA 2026 серияси халқаро мусобақаларда янги формат бўлиб, турли конфедерациялардан бўлган миллий жамоаларга расмий саралаш ва қитъа турнирларидан ташқари бир-бирига қарши ўйнаш имконини беради.

Жамоалар дунёнинг турли минтақаларини ифодаловчи тўрт жамоадан иборат гуруҳларга бўлинади. Ҳар бир гуруҳдаги ҳар бир жамоа иккита ўртоқлик ўйини ўтказади.

Тошкент шаҳридаги “Пахтакор” ва “Бунёдкор” стадионлари мезбонлик қилаётган гуруҳ қолган квартетлардан ўрин олган иштирокчиларга қараганда ФИФА рейтингида юқорироқ поғоналарда қайд этилган тўртта жамоа – Ўзбекистон, Венесуэла, Габон ва Тринидад ва Тобагодан таркиб топди.

Ўзбекистон мезбонлик қиладиган турнирда Фабио Каннаваро шогирдлари жорий йилнинг 27 март куни Габон ва 30 март куни Венесуэла терма жамоаларига қарши майдонга чиқади. Ҳар иккала учрашув ҳам “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади.

Яна иккита учрашувда Тринидад ва Тобаго футболчилари худди шу саналарда Венесуэла ва Габон терма жамоаларига қарши “Пахтакор” стадионида саф тортади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўз тарихида фақат бир бор ўзаро куч синашган. 2022 йилнинг ноябрида Тошкент шаҳрида ўтказилган ўртоқлик учрашувида ҳисоб очилмаган эди.

Ҳусановдан яна бир сюрприз!

Ҳусанов “Манчестер Сити” трансфер сиёсатига жиддий таъсир ўтказяпти

Италия матбуоти: Шомуродов қимматбаҳо юлдузларни сўндириб қўйди

Экспертлар хулосаси Ҳусановни хурсанд қилди

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!