Шомуродов трансферига Италия ва Туркиядан қандай муносабат бўлди?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва энг зўр тўпурари Элдор Шомуродов “Рома”дан “Истанбул Башакшеҳир”га тўлиқ трансфер қилингани расман эълон қилинди.
Бу вазиятга Италия ва Туркиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари ўз муносабатини билдирди.
Sports.uz портали икки нуфузли манбанинг трансфер бўйича эълон қилган маълумотларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътибрига ҳавола қилади.
ROMAFOREVER.IT (Италия):
Элдор Шомуродов Истанбулнинг “Башакшеҳир” клубига тўлиқ асосда ўтди. Журналист Филиппо Биафора маълумотига кўра, турк жамоаси лигада ўз ўрнини сақлаб қолгани сабабли шартномадаги мажбурий сотиб олиш банди кучга кирди.
Бу трансфер расман тасдиқланди ва ҳужумчи “Рома” билан буткул хайрлашди.
Аввалдан бу хабарлар тарқалган эди, энди эса улар расмий тасдиғини топди. Шомуродов амалда “Башакшеҳир”нинг тўлақонли футболчисига айланди ва шу тариқа Рим клубидаги фаолиятини якунлади.
Ўзбекистонлик ҳужумчи мавсум бошланишидан аввал Туркияга ижара асосида келган эди. Шартномада 2,8 миллион еврога сотиб олиш имконияти мавжуд бўлиб, у январь ойида амалга оширилиши мумкин эди. Шунингдек, агар клуб Суперлигада қолса, мавсум якунида футболчини мажбурий тарзда сотиб олиш шарти ҳам киритилган. Журналист Филиппо Биафора маълумотига кўра, турк клуби томонидан айнан шу шарт бажарилди.
“Рома” қанча даромад қилди?
Молиявий нуқтаи назардан бу трансфер “Рома” учун олдиндан режалаштирилган эди. Келишувга кўра, футболчи аввал 3 миллион евро эвазига ижарага берилди, кейин эса белгиланган шартлар бажарилгач, яна 2,8 миллион евро тўлаб, тўлиқ трансфер расмийлаштирилди.
Шунингдек, “Рома” келгусида футболчи қайта сотилган тақдирда 10 фоиз улушни сақлаб қолди. Бу эса клуб учун келажакда қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилади.
Бу хайрлашув трансфер сиёсати учун ҳам фойда
Шомуродовнинг тўлиқ сотилиши “Рома”нинг таркибни оптималлаштириш ва ёзги трансфер ойнаси учун молиявий ресурслар тайёрлаш стратегиясига тўлиқ мос келади.
Ҳозирда “Башакшеҳир” Суперлигада етакчи жамоалар қаторида бўлиб, лигада қолиши аниқ. Шунинг учун бу трансфер “Рома” учун нафақат футболчидан ажралиш, балки бюджетни аниқлаштириш ва кейинги трансфер режаларини белгилашда муҳим қадам ҳисобланади.
GZT.COM (Туркия):
Мавсум бошида “Рома”дан ижарага олинган Элдор Шомуродов бўйича мажбурий сотиб олиш шарти амалга оширилди. Энди у расман “Башакшеҳир”нинг тўлқонли футболчиси ҳисобланади.
Нури Шахин бошчилигида жамоанинг энг самарали ўйинчиларидан бири бўлган Шомуродов клубда қоладиган бўлди.
Футболчи аввал 3 миллион евро эвазига ижарага олинган ва шартномада 2,8 миллион еврога мажбурий сотиб олиш банди киритилган эди.
Шу тариқа, “Башакшеҳир” нисбатан арзон нархда самарали ҳужумчига эга бўлди. Шу билан бирга, клуб келажакда Шомуродовни сотиб юбориши мумкинлигини инобатга олиб, яна янги ҳужумчи излаш ишларини ҳам бошлаган.
Элдор Шомуродов статистикаси
1995 йилнинг 29 июнида туғилган Элдор Шомуродов бўйи 190 сантиметр бўлган сермаҳсул ҳужумчи ҳисобланади.
Туркиядаги деббют мавсумида ўзбек форварди “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси сафида барча турнирларда 40 та ўйинда иштирок этиб, 19 та гол урди ва жамоадошларига 5 та голли узатма берди.
Таъкидлаш жоизки, Элдор Шомуродовнинг Туркия жамоасида кўрсаётган сермаҳсул ўйини бошқа кучлироқ клублар эътиборини тортмоқда. Мавсум ўртасида ҳам Туркия Суперлигасининг етакчи клубларидан айримлари, хусусан, “Фенербаҳче” ўзбек ҳужумичисига қизиқиш билдирган.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ёзда жаҳон чемпионатида иштирок этиши ва Элдор Шомуродом мундиалда ўзини кўрсата олиш имконияти юқори эканини инобатга олсак, келаси мавсум олдидан ҳужумчининг харидорлари кўпайиши тайин.
Шу боис, “Истанбул Башакшеҳир” учун Элдор Шомуродов нархи кўтарилиб борадиган қимматли актив ҳисобланади. “Рома” ўзбек футболчисининг кейинги трансферидан ўн фоизли улуш сақлаб қолгани ҳам бежиз эмас, албатта.
Фикрлар