Энг зўри Ҳусанов! Англияда неча нафар осиёлик футболчи бор?

Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Англия Премьер-лигаси жаҳон футболининг энг мураккаб мусобақаси ҳисобланади. Бу чемпионатда хориждан келган легионерлар маҳаллий ўйинчилардан бир неча баравар кўп.

Хусусан, АПЛнинг 2025-2026 йилги мавсумида иштирок этаётган йигирмата жамоа жами 528 нафар футболчини рўйхатдан ўтказган бўлса, шулардан 72 фоизи, яъни 380 нафари чет элдан келган маҳоратли чарм тўп усталаридир.

Sports.uz портали Англия чемпионати юқори дивизионида тўп тепаётган осиёлик футболчилар фаолиятини ўрганиб чиқди.

Умуман олганда, АПЛда дунёнинг 66 мамлакатидан келган легионер ўйнаяпти. Улар орасида Осиёнинг уч мамлакати – Япония, Жанубий Корея ва Ўзбекистондан жами олти нафар чарм тўп устаси бор.

Улар билан танишинг:

Ватару Эндо, “Ливерпуль”, 5 миллион евро

Япониялик таянч ярим ҳимоячиси Англиядаги энг арзон осиёлик футболчи бўлиб турибди.

Энди 2023 йилнинг ёзида “Ливерпуль”га келгунига қадар Япония, Бельгия ва Германия чемпионатларида тажриба орттирган.

Англиянинг амалдаги чемпиони билан 2027 йилнинг 30 июнигача давом этадиган шартномага эга бўлган 33 ёшли тажрибали футболчи оғир жароҳат туфайли бу мавсум барча турнирларда атиги 12 та ўйинда қатнашди холос.

Эндо Япония терма жамоасида 72 та учрашувда тўртта гол урган.

Ао Танака, “Лидс Юнайтед”, 10 миллион евро

27 ёшли марказий ярим ҳимоячи Англия Премьер-лигасига 2024 йилнинг ёзида олиб келинди. Ао ўз юртида “Кавасаки” жамоасида, кейин икки йил Германиянинг “Фортуна” клубида ҳам ўйнади.

“Лидс” осиёлик ярим ҳимоячи учун немис клубига 4 миллион евро тўлаган ва 2028 йилнинг ёзигача давом этадиган битим тузган.

Ао Танака бу мавсум АПЛ ва  мамлакат кубогида 27 та учрашувда майдонга тушиб, жами тўртта гол муаллифи бўлди.

Танака Япония терма жамоаси сафида 37 та ўйинда ўз ҳисобига 8 та гол ёздириб қўйган.

Даичи Камада, “Кристал Пэлас”, 12 миллион евро

29 ёшли Даичи Камада 2024 йилнинг ёзида Англия Премьер-лигасига қўшилганига қадар Япония, Германия, Бельгия ва Италия чемпионатларида ўзини кўрсатган.

2026 йилнинг 30 июнида “Кристал Пэлас” билан амалдаги шартномаси якунланадиган футболчи жорий мавсумда барча турнирларда 37 та учрашувда қатнашиб, жамоадошларига тўртта голли пас узатди.

Камада Япония миллий терма жамоаси учун 49 та баҳсда майдонга тушган ва 12 та тўп киритган.

Каору Митома, “Брайтон”, 25 миллион евро

28 ёшли қанот ҳужумчиси фаолиятининг дастлабки қисмини ўз юртида ўтказганидан кейин 2021 йилнинг ёзида “Брайтон” билан шартнома имзолади. Англия клуби 3 миллион еврога олинган футболчини дарров Бельгия чемпионатида қатнашаётган “Юнион” клубига ижарага жўнатди.

Бир йилдан кейин “Брайтон”га қайтган Митома ҳамон шу клуб шарафини ҳимоя қиляпти. У 2023 йилда шартномасини 2027 йилнинг 30 июнигача узайтирди.

Митома бу мавсум барча турнирларда 24 та ўйинда учта гол ва битта ассист қайд этди.

Япония терма жамоасида эса 31 та учрашувда 9 та гол урган.

Хи Чан Хван, “Вулверхэмптон”, 8 миллион евро

Жанубий Кореянинг АПЛдаги ягона вакили Хи Чан Хван жамоаси учун мавсум омадсиз ўтмоқда. “Вулверхэмптон” муддатидан аввал қуйи лигага тушиб кетди.

Корея футболи тарбияланувчиси Европага 2015 йили кўчиб ўтган ва шундан кейин Австрия ҳамда Германия чемпионатларида катта тажриба тўплаган.

“Вулверхэмптон” марказий ҳужумчини 2021 йили “Лейпциг”дан ижарага олиб, бир мавсумдан кейин 16,7 миллион еврога тўлиқ сотиб олган эди.

Хи Чан Хван Жанубий Корея терма жамоаси сафида 77 маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига 16 та гол ёздириб қўйган.

Абдуқодир Ҳусанов, “Манчестер Сити”, 35 миллион евро

Ҳусанов осиёлик футболчилар орасида Англияга охирги бўлиб келган. 2025 йилнинг 20 январида “Манчестер Сити” ўзбек футболчиси учун “Ланс”га 40 миллион евро тўлади.

“Бунёдкор”да тарбияланган ва профессионал фаолиятини Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клубида бошлаган Ҳусанов орада бир ярим йил Франция чемпионатида маҳорат оширди.

Бугунги кунда Абдуқодир Англия Премьер-лигасидаги осиёликлар орасида энг қиммат, энг ёш ва салоҳияти энг юқори баҳоланаётган футболчи ҳисобланади.

“Сити” сафида Англия лига кубогини қўлга киритган, Англия кубоги ва мамлакат чемпионлиги учун курашни давом эттираётган Ҳусановнинг шартномаси 2029 йилнинг ярмигача амал қилади.

22 ёшли Ҳусанов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ҳозирга қадар 25 марта майдонга тушган.   

Гвардиола Ҳусановнинг мавсумнинг энг муҳим палласидаги ўйинига қандай баҳо берди?

Ҳусанов Гонконгда ўйнайди!

Ҳакам: Ҳусановга қизил карточка кўрсатиш керак эди!

Ҳусановга яна хушхабар

Холанд Хусановдан ҳайратга тушди

“Сити” чемпионлик курашига қайтган тўқнашувда Ҳусановнинг ўйин қандай баҳоланди?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!