Гвардиола Ҳусановнинг жамоа учун аҳамиятини белгилади
“Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола марказий ҳимоячилар Абдуқодир Ҳусанов ва Марк Гехи ўйинини жуда юқори баҳолаб, уларни “ажойиб” деб атади. Бу баёнот жамоадаги ҳимоя чизиғидаги жароҳатлар фонида айтилди.
Мураббийнинг таъкидлашича, ҳар икки футболчи жорий мавсумда сезиларли даражада ўсган ва бу уларнинг жамоадаги келажаги порлоқ эканидан далолат беради.
“Манчестер Сити”нинг тажрибали марказий ҳимоячиларидан Жон Стоунз жароҳатидан тузалган бўлса, Йошко Гвардиол ва Рубен Диаш ҳалигача сафга қайтмаган.
Гвардиола Гехи ва Ҳусановдан иборат марказий ҳимоя жуфтлигини “ғайриоддий” эканини таъкидлади. Бу икки футболчи ҳимоя марказидаги кетма-кет жароҳатлар сабаб доимий равишда бирга ўйнашга мажбур бўлмоқда. Йошко Гвардиол январь ойидан бери оёқ суяги сингани сабаб майдондан четда қолган, Рубен Диаш эса сўнгги ҳафталарда сон орқа мушак жароҳати туфайли ўйнай олмаяпти.
Шунга қарамай, “Сити” сўнгги тўрт ўйинда атиги битта гол ўтказиб юборди. Бу эса катта жиҳатдан айнан ушбу икки ҳимоячининг ишончли ўйини билан боғлиқ.
Марк Гехи январь ойида “Кристал Пэлас”дан 20 миллион фунт стерлинг эвазига жамоага келиб қўшилди ва “Этиҳад” стадионидаги ўйинларида хотиржам ва ишончли ҳаракатлари билан ажралиб турибди. Абдуқодир Ҳусанов эса 2025 йилнинг январь ойида “Ланс”дан 33,5 миллион фунтга ўтганидан буён ўз маҳоратини анча оширди.
Гвардиола: Уларнинг келажаги порлоқ
- Ҳозир ҳаммаси ажойиб. Натан Аке Карабао кубоги финалида ўйнаганда майдондаги энг яхши футболчилардан бири бўлди. Жон Стоунз қайтмоқда. Афсуски, Йошко Гвардиол ва Рубен Диаш ҳамон лазаретда.
Сўнгги ўйинларда Марк Гехи ва Абдуқодир Ҳусанов алоҳида ажралиб турди. Бир неча ҳафта олдин жамоанинг келажаги ёруғ деганимда, ёш футболчилар бу мавсумда қанчалик ўсганини кўрганимга таянган эдим. Улар яна кўп йиллар давомида ўсишда давом этади ва бу биз учун жуда яхши, - деди Хосеп Гвардиола.
Натан Аке ҳақидаги эслатма шуни кўрсатадики, ҳатто асосий ҳимоячилар йўқлигида ҳам “Сити” ҳимояси ўз вазифасини бажара олишини исботлаган.
Акенинг “Арсенал”га қарши “Уэмбли”да бўлиб ўтган Карабао кубоги финалидаги ўйини унинг “Манчестер Сити”даги энг яхши иштирокларидан бири бўлди. Гвардиоланинг Гехи ва Ҳусановнинг юқори даражада ўйнаётганини эътироф этгани эса, ушбу ҳимоя чизиғига бўлган юксак ишончни кўрсатади.
Бу мақтов нимани англатади?
Гвардиоланинг “келажак ёруғ”, деган фикри ёзда жамоада катта ўзгаришлар бўлиши кутилган бир пайтда муҳим аҳамиятга эга.
Бернарду Силва кетишини аллақачон тасдиқлаган, Родрининг келажаги эса ҳали ноаниқ. Бироқ Гехи ва Ҳусановнинг ишончли асосий таркиб футболчиларига айланиши спорт директори Уго Виана учун мустаҳкам ҳимоя қуришда асос бўлиб хизмат қилади.
Жон Стоунз халқаро танаффусда олган жароҳатидан тузалгани Гвардиолага мавсумнинг ҳал қилувчи паллаларида қўшимча вариантлар беради.
Премьер-лиганинг ҳал қилувчи палласида чемпионлик курашида ҳар бир очко билан бир қаторда тўплар нисбати ҳам муҳим. Шу боис, мавсум охиригача ҳар бир “қуруқ” (гол ўтказилмаган) ўйин ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Дарвоза дахлсизлигини сақлашда марказий ҳимоячилар дуэти – Абдуқодир Ҳусанов ва Марк Гехининг хизматлари ва ҳиссаси катта бўлмоқда.
Шомуродов трансферига Италия ва Туркиядан қандай муносабат бўлди?
Энг зўри Ҳусанов! Англияда неча нафар осиёлик футболчи бор?
Ҳакам: Ҳусановга қизил карточка кўрсатиш керак эди!
Ҳусановга яна хушхабар
Холанд Хусановдан ҳайратга тушди
“Сити” чемпионлик курашига қайтган тўқнашувда Ҳусановнинг ўйин қандай баҳоланди?

Фикрлар