
Шомуродов худбин эмас! Раньери Элдор ҳақида яна қандай фикр билдирди?
Италия чемпионати қизғин паллага кирди. А Серияда Клаудио Раньери қайд этаётган натижалар ҳаммани ҳайратга солмоқда. 73 ёшли мутахассис қисқа фурсатда “Рома”ни Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашадиган даражага кўтарди.
Клаудио Раньери журналистларга берган интервьюсида кўплаб масалалар, хусусан клуб билан шартномасини 2027 йилнинг ёзигача узайтирган Элдор Шомуродов ҳақида ҳам фикр билдирди.
Sports.uz портали ушбу суҳбатни ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этади.
- Наҳотки, Элдор Шомуродов ва Артём Довбикни бошланғич таркибда бирга ўйнатиб бўлмаса?
- Аввало, уларнинг меҳнаткаш экани ва бирга ўйнай олишини таъкидлаш лозим. Элдор – иккинчи ҳужумчи, муҳими у худбин эмас, табиатан ана шундай ўйинчи. Баъзан мен ундан ўзи ҳам дарвозага кўпроқ зарба беришини талаб қиламан.
Муаммо шундаки, агар мен учрашув бошиданоқ Шомуродов ва Довбикни майдонга туширсам, беллашув давомида ўйинни ўзгартиришимга тўғри келиб қолиши мумкин. Мен ҳужумкорликни оширишни яхши кўраман.
Бу масалада ҳар тарафлама ўйлаб, кейин қарор қилиш керак, бироқ бу Элдор ва Артём илк дақиқадан бирга ўйнолмайди, дегани эмас.
- Тригорияга келганингизда орадан уч ой ўтиб, жамоа ҳозирги даражасига чиқишига ишонганмидингиз?
- Тўғрисини айтсам, бир ҳафтадан кейин ҳаммасини ортга қайтаришни ўйлагандим. Қалбим тубида шуни яхши билсам-да, ўша пайт бу ҳақда бош қотирмаганман. Жамоа менга ҳамма нарсани беряпти. Агар тўғри ҳиссиётларни шакллантира олмасам, бу ҳаракатлар иш бермайди.
- Жамоадаги йигитлар бош мураббий сифатида қолишингизни сўрадими?
- Ҳа, сўрашди, лекин мен “Йўқ раҳмат”, дедим.
Таъкидлаш жоизки, “Рома” раҳбарияти анчадан бери жамоа Европа Чемпионлар лигасида иштирок этишни истаяпти. Клубга эгалик қилувчи америкалик бизнесменлар – Фридкинлар оиласи ана шу мақсадда 2021 йили Жозе Моуриньони таклиф қилиб, унинг олдига “Рома”ни қитъанинг энг нуфузли мусобақасига олиб чиқиш вазифасини қўйганди.
Ўшанда “Женоа”да порлаган Элдор Шомуродов ҳам португалиялик машҳур мураббий бошқарадиган янги лойиҳанинг ижрочиси сифатида Римга олиб келинган.
Моуриньо қарийб уч йил давомида Чемпионлар лигаси йўлланмасига даъвогарлик қила олмади. Унинг ўрнини эгаллаган Даниэле де Росси ва жорий мавсум бошида келган Иван Юрич ҳам “Рома”ни кутилган даражага кўтара олмади.
Ўтган йили “Кальяри”ни юқори дивизионда олиб қолганидан кейин пенсияга чиққан Клаудио Раньери ўтган йили ноябрь ойининг охирида қадрдон жамоасининг таклифини ерда қолдирмади. 73 ёшли мутахассис қисқа фурсатда жамоадаги бор футболчилардан кучли таркиб шакллантирди.
Мана мавсумнинг ҳал қилувчи палласига келиб, римликлар Европа Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашни давом эттирмоқда. Энг муҳими, аввалги мураббийлар даврида қадрланмаган Элдор Шомуродов, Матиас Суле, Зеки Челик, Мануэль Коне, Матс Хуммельс жамоанинг муҳим фигураларига айланди.
Айниқса, жорий мавсумнинг ўзида икки марта Римдан кетишга яқин келган Элдор Шомуродов чемпионатнинг ҳал қилувчи энг муҳим палласида “Рома”га самара келтираётган етакчи ўйинчилардан бири даражасига кўтарилди.
Бунинг ортидан “Рома” ўзбекистонлик футболчи билан ҳамкорлик шартномасини янгилади. Унга кўра, 29 ёшли форвард 2027 йилнинг ёзигача Рим клубида тўп тепади.
Фикрлар