Шомуродов пайдо бўлиши билан кескин ўзгаришлар рўй беради!

  • 10 апрель, 19:00
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

Клаудио Раньери “Рома” таклифини ерда қолдирмай, пенсиядан яна ишга қайтгани жамоа ўйинида шов-шувли тарзда ижобий ўзгаришларга пойдевор бўлди.

73 ёшли римлик мутахассис 2024 йилнинг ноябрь ойи охирида бош мураббийликни қўлга олиб, мусобақа жадвалининг қуйи қисмига тушиб қолган жамоани юқори поғоналарга кўтарди. Энди “бўрилар” уч ой муқаддам эртакдек туюлган марраларни забт этишни кўзламоқда. Тажрибали мураббий меҳнати самаралари туфайли “Рома” келаси мавсум Европа Чемпионлар лигасига йўлланма берадиган ўринлар учун курашмоқда.

Жозе Моуриньо бир қанча юлдузлар ёрдамига таяниб, катта харажатлар эвазига бўлса-да, сал кам уч мавсумда уддалай олмаган вазифани таркибдаги бор футболчиларга суянган ва катта трансферларни талаб қилмаган Клаудио Раньери ярим йилда мукаммал тарзда амалга ошириш имконига эга бўлиб турибди.  

“Рома”нинг А Сериядаги мағлубияти 2024 йилнинг 15 декабрига тўғри келади. Ўшанда пойтахтликлар “Комо” майдонига сафар уюштириб, 0:2 ҳисобидаги мағлубиятдан билан қайтган эди. Шундан бери Раньери шогирдлари чемпионат доирасида 11 та ғалаба ва тўртта дуранг қайд этди.

Ана шу мураккаб жараёнда “Рома” энг қийин учрашувлардан бирини А Сериянинг 32-турида “Лацио”га қарши ўтказади. “Олимпико”даги беллашувда расмий мезбон “Лацио” ҳисобланади.

Айни пайтда нуфузли манбалар ва таниқли экспертлар бўлажак ўйин таҳлили билан машғул. Хусусан, 1982-1983 йилги мавсумда “Рома” сафида Италия чемпиони бўлган ҳужумчи Маурицио Иорио журналистларга берган интервьюсида “бўрилар”нинг ҳужум чизиғига ҳам баҳо берди.

Sports.uz портали ўзбекистонлик футбол ишқибозларт эътиборига ушбу интервьюни тақдим этишни маъқул топди.

- “Рома”нинг Италия чемпионатида “Лечче” ва “Ювентус”га қарши ўтказилган учрашувларидаги голлар икки ҳужумчи – Артём Довбик ва Элдор Шомуродов бирга ўйнаган паллада киритилди. Бу форвардларни “Лацио”га қарши илк дақиқалардан бирга ўйнатиш ғалабани таъминлаши мумкинми?

- Менимча, бу ишни беллашув давомида амалга оширган маъқул бўлса керак. Элдор майдонда пайдо бўлиши билан “Рома”нинг ўйини кескин тарзда ўзгариб кетади.

Элдор ҳар доим ҳар бир тўп учун курашадиган ва майдоннинг ичкарисидан устунликни таъминлашга ҳаракат қиладиган меҳнаткаш ўйинчи.

Менга қолса, жамоани юксалишга олиб чиққан ўйин услуби ва схемаларини ўзгартирмаган бўлардим. Элдор ва Артём биргаликда ўйнаб ҳам натижа беряпти ва буни яхши уддаламоқда. Бироқ уларнинг ҳар иккисини бошланғич таркибда майдонга тушириш катта таваккалчилик бўлади.

- Довбикнинг мавсумини қандай баҳолайсиз?

- Рақамлар унинг муносиб ўйинчи эканидан далолат беряпти ва бунга шубҳа йўқ. Лекин унинг жисмоний кўрсаткичлардан келиб чиқиб, Артём жамоага олдинга ўтиш учун янада кўпроқ ёрдам беришини истайман. Ўтган мавсум Ромелу Лукаку шундай ўйнаган эди.

Ҳозир украиналик ҳужумчи ана шундай ўйнашга мажбур бўляпти, чунки буни Клаудио Раньери жиддий тарзда талаб қиляпти. Довбикнинг ўйин услуби бироз бошқача шаклланган ва у жарима майдончаси ичида тўп узатилишини кутади. Пауло Дибала йўқлигида унга тўп жуда кам етиб келмоқда. Бу ҳолатда Матиас Суле ва Лоренцо Пеллегрини кўпроқ гол уриши талаб этилади. Лекин катта ўйинларда улар ҳам украиналик форвард каби ўзини етарли даражада кўрсата олмаяпти.

- Бўлажак дерби футболчилар ўзини кўрсатиши учун яхши имконият, десак бўладими?

- Аслида ҳам шундай. Ўйин ўта муҳим аҳамиятга эга. Агар Европага йўл очишни истасак, бу учрашувда олтинга тенг ғалабани қўлга киритиш шарт. Ҳали олдинда “Болонья” каби юқорига интилаётган жамоалар билан ўйин бор. “Рома” тўхтамаслиги керак.

А Сериянинг 32-туридан ўрин олган “Лацио” ҳамда “Рома” ўртасидаги дерби 13 апрель куни бўлиб ўтади. “Олимпико” стадионидаги баҳс Тошкент вақти билан 23:45 да бошланади.

Шомуродовга янги миссия юкланди!

Хушхабар: Шомуродовнинг келажаги ҳал бўлди!

Шу иш амалга ошса, Ҳусанов Ямал билан бирга ўйнайди!

17 ёшли бақувват футболчимиз Ҳусанов ортидан боради!

Ана холос: Ҳусановни қўллаб келган Холанд тез орада “Сити”дан кетадиган бўляпти

“Рома” фанатлари суперголдан кейин Шомуродов ҳақида нималар деяпти?

Шомуродов “топ-3”да! Элдор керакмас ўйинчидан қаҳрамонга айланди

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!