Суперкомпьютер Файзуллаев чемпионатни нечанчи ўринда якунлашини айтиб берди
Opta статистика платформасига қарашли суперкомпьютер Россия Премьер-лигасининг 2023-2024 йилги мавсумида қатнашаётган жамоаларнинг чемпионликка эришиш имкониятларини ҳисоблаб чиқди.
Сунъий интеллект ҳисоб-китобларига кўра, жорий мавсумдаги чемпионлик курашида амалдаги чемпион “Зенит”нинг имкониятлари юқори баҳоланмоқда. 12-турдан кейин 23 очко билан иккинчи ўринда бораётган питерликларнинг чемпион бўлиш имкони 52 фоиз даражасида белгиланди.
Айтиш жоизки, “Зенит” кетма-кет беш йилдан бери чемпионлик унвонини ҳеч кимга бермай келмоқда.
Жорий мавсум кутилмаганда пешқадамга айланиб олган “Краснодар” питерликлардан беш очкога ўзиб кетган. Бу жамоанинг ўз тарихида илк маротаба мамлакат чемпионатида ғолиб чиқиш имконияти 41,9 фоизни ташкил қилди.
Суперукомьютер таҳлиллари бўйича ЦСКА жамоаси ҳам жуда кам бўлса-да, чемпионатни биринчи ўринда якунлаши мумкин. Уларнинг имконияти 2,3 фоизга баҳоланмоқда.
Маълумки, москвалик “армиячилар” сафида Аббосбек Файзуллаев тўп тепмоқда. Август ойининг бошида “Пахтакор”дан Россия Премьер-лигасига кўчиб ўтган ҳамюртимиз қисқа фурсатда ЦСКА ҳужум чизиғида етакчи фигурага айланди.
Бугунги кунда “армиячилар”нинг деярли барча ҳужумчилари ўзбек легионери орқали ташкил этилмоқда. ЦСКА сафида жами етти маротаба майдонга тушиб, биттадан гол ва ассист қайд этган ҳамюртимиз икки ой ичида тўртта индивидуал совринни қўлга киритди.
Файзуллаевнинг ЦСКАнинг сентябрь ойидаги энг яхши ўйинчиси, “Крилья Советов”, “Спартак” ва “Рубин”га қарши ўтказилган учрашувларнинг энг яхши футболчиси совринлари билан тақдирланди.
Демак, ЦСКА футболчиларида оз бўлса-да, Премьер-лигада ғолиб чиқиш имкони бор экан. Бу клуб ўз тарихи давомида олти марта чемпионликка сазовор бўлган. “Армиячилар” охирги марта 2016 йилда олтин медалга эга чиққан.
Opta Predictor суперкомьютери яна тўрт жамоани ғолиблар сафида қайд этди. Бироқ, “Локомотив”, “Спартак”, “Крилья Советов” ва “Динамо Москва”нинг имкониятлари анча паст баҳоланган. Буни қуйидаги рўйхатда кўриш мумкин.
“Зенит” - 52%;
“Краснодар” — 41,9%;
ЦСКА — 2,3%;
“Локомотив” - 2%;
“Спартак” - 1%;
“Крылья Советов” - 0,5%;
“Динамо” — 0,3%.
Сунъий интеллект ҳисобига кўра, қолган бирорта жамоа чемпионликка эришиш салоҳиятига эга эмас.
Эслатиб ўтамиз, ЦСКА футболчилари Россия Премьер-лигасидаги навбатдаги учрашувини 29 октябрь куни ўз майдонида мусобақа пешқадами "Краснодар"га қарши ўтказади.
Фикрлар