Ўзбек футболчилар гол урган учрашувларда ютқазмаган жамоа тарихда илк бор чемпион бўлди
Қозоғистон ремьер-лигаси якунланишига бир тур қолганида Чимкентнинг “Ордабаси” жамоаси мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.
Ўзбекистонлик футбол ишқибозлар йил бошидан айнан мана шу жамоага мухлислик қилди. Чунки чимкентликлар сафида Ўзбекистон миллий терма жамоасига икки номзод – Бобур Абдухолиқов ва Шаҳбоз Умаров тўп тепмоқда.
“Ордабаси”нинг чемпионлигини таъминлаган учрашувда чимкентликлар ўз майдонида “Шахтёр” футболчиларини 3:1 ҳисобида енгди ва голлардан бирини Шаҳбоз Умаров киритди.
Таъкидлаш жоизки, “Ордабаси” 74 йиллик тарихида давомида ҳали мамлакат чемпионлигига эришмаган эди. Бунгача чимкентликлар 2011 ва 2022 йилларда Қозоғистон кубоги, 2012 йили мамлакат Суперкубогини қўлга киритган. 2022 йилги кубок ғалабасида Шаҳбоз Умаров ҳам иштирок этган эди.
Хўш, ўзбек футболчилари “Ордабаси”нинг тарихий ғалабасига қандай ҳисса қўшди?
Шаҳбоз Умаров Чимкент жамоаси сафида 2022 йилнинг ёзидан бери ўйнамоқда. Ўшанда “Ордабаси” Беларусь чемпионатида БАТЭ футболчиси ҳисобланган Шаҳбоз бош мураббий билан келиша олмай, ўйин амалиётисиз қолиб кетганида уни ижарага олганди. Ярим мавсумдан кейин қозоқ клуби легионеримизни тўлиқ трансфер қилди.
Жорий мавсумда Шаҳбоз Умаров Премьер-лигасида 22 марта майдонга тушиб, ўз ҳисобига учта гол ва битта голли узатма ёздириб қўйди. Қизиғи шундаки, легионеримиз гол урган учрашувларда чимкентликлар умуман очко йўқотмаган ва “Ордабаси” бу баҳсларда “Шахтёр”ни 4:1 ва 3:1, “Жетису”ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратган.
Бундан ташқари, Умаров Қозоғистон кубогида олтита учрашувда рақиблар дарвозасини икки маротаба ишғол қилиб, жамоасининг финалга йўлланма олишига катта ҳисса қўшган.
Бобур Абдухолиқов ўтган йили Беларусь чемпионатининг энг яхши футболчиси, энг самарали ўйинчиси ва тўпурарлар пойгаси ғолиби бўлганидан кейин кўпчилик ҳужумчи Европанинг кучли лигаларидан бирига кетишини кутганди. Ҳар ҳолда Бобурга етарлича таклифлар бўлганди.
Моҳир тўпурар кутилмаганда “Ордабаси” вариантини танлади. Бу бежиз эмас экан. Бобур “Ордабаси”нинг ҳар бир учрашувида майдонга тушган ягона футболчи ҳисобланади. Бу ўйинларда леионеримиз еттита гол ва тўртта ассист муаллифи бўлди.
Бобур тўп киритган баҳсларда ҳам чимкентликлар очко йўқотмаган, аксинча, унинг айрим голлари ғалабани таъминлаган. Абдухолиқов чемпионат давомида “Каспий”, “Жетису”, “Тобол”, “Кайсар”, “Атирау”, “Окжетпес”, “Мактаарал” дарвозаларини ишғол қилди. Дебют мавсумида Премьер-лигадаги 13 та рақибдан еттитасининг дарвозасига йўл топишни яхши кўрсаткич сифатида қайд этиш мумкин.
Абдухолиқов Қозоғистон кубоги доирасида ҳам битта тўп киритган.
Кўриниб турибдики, ўз фаолияти давомида илк маротаба мамлакат чемпиони бўлган Умаров ҳам, Абдухолиқов ҳам “Ордабаси”нинг муваффақиятига сезиларли даражада катта ҳисса қўша олди.
Бу билан совринлар якунлангани йўқ. Энди янги чемпион Қозоғистон кубоги финалида иштирок этиш керак. Чимкентликлар 4 ноябрь куни “Тобол” билан бўладиган ҳал қилувчи баҳсда мавсумдаги иккинчи совринига эга чиқиши мумкин.
Фикрлар