Тезкор! Шомуродовга янги харидор чиқди!
Италияда Элдор Шомуродовни қўлга киритиш истагида бўлган жамоалар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
“Рома” раҳбарияти етарли даражада ўйин амалиётига эга бўломаётган ўзбекистонлик ҳужумчини қишки трансферлар вақтида яхши таклиф бўлса, қўйиб юборишини маълум қилганидан кейин бир неча жамоа ҳаракат тушиб қолди.
Италия матбуотида легионеримизга “Монца”, “Болонья”, “Сампдория”, “Специя”, “Торино”, “Кремонезе” каби жамоалар иш таклиф қилишга тайёр. Улардан бир неча пойтахт клуби билан трансфер бўйича музокара бошлаган.
Италия футболини ёритишга ихтисослашган https://www.tuttohellasverona.it сайти А серия аутсайдери “Верона” ҳам Элдор Шомуродов учун курашга қўшилганини маълум қилди.
Вероналиклар мусобақа жадвалида сўнги поғонани эгаллаб турибди. Бу жамоа ҳисобида битта ғалаб ва иккита дуранг эвазига беш очко бор.
Клуб раҳбарияти жамоани А Серияда сақлаб қолиш учун қишки трансферлар вақтида таркибни имкон қадар кучайтириш лозимлигини таъкидламоқда.
Маълумотларга қараганда, “Верона”нинг икки етакчи ҳужумчиси - Тома Анри ва Кевин Лазанья тез орада бошқа клуб – “Сампдория” ўтиб кетиши кутилмоқда. Бундан ташқари, вероналиклар сафида гол уролмаётган босниялик ҳужумчи Милан Журич ҳам омадини бошқа жамоада синаб кўришга қарор қилган.
Агар бу футболчилар январда ўзлари кўзлаган жамоаларга ўтиб кетса, ҳужум чизиғида катта муаммога эга “Верона”да уч нафар форвард – италиялик Симоне Верди, Роберто Пикколи ва сьерра-леонелик Яя Каллон қолади. Булар орасида Верди ва Каллон фақат биттадан гол ура олган холос.
Клуб мутасаддилари уларнинг ўрнига ҳозирча икки ҳужумчи олиб келмоқчи. Раҳбарият “Рома” вакили Элдор Шомуродов ва “Салернитана” марказий ҳужумчиси Федерико Бонацолли номзодида тўхталди.
Трансфер таҳлилчилари “Верона”га Элдор Шомуродовни қўлга киритиш қийин бўлишини таъкидламоқда. Чунки ўзбек ҳужумчисининг савияси юқори дивизиондан тушиб кетиш эҳтимоли катта бўлган клубни танлайдиган даражада эмас.
Яқинда Элдор “Верона”дан икки поғона юқорида турган “Кремонезе” чорловига рад этгани ҳам шундан далолат беради.
Ҳужумчимиз “Рома”дан кетишга тайёр. Шунга қарамай, бўлажак жамоасини узоқни ўйлаган ҳолда танлайди. Шомуродовни чорлаётганлар орасида “Торино” ва “Болонья” каби Еврокубок йўлланмалари учун курашаётган жамоалар бор.
Италия матбуоти Элдор Шомуродов “Торино” таклифини қабул қилишга мойиллигини ёзмоқда.
Ҳали қишки трансферлар очилишига уч ҳафтадан кўпроқ вақт бор. Элдор олдида янги вариантлар пайдо бўлиши турган гап. Энг муҳими, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори мунтазам ўйин амалиёти берадиган клубга ўтиши керак.
Фикрлар