Умаровнинг узри ўтмади, жамоалар уни талашмоқда, лекин...
БАТЭнинг энг фаол ўйинчиларидан ҳисобланган Шаҳбоз Умаровнинг клубдаги муаммоси ҳали ечилгани йўқ. Бош мураббий Александр Михайлов билан ўртоқлик учрашуви давомида келиша олмай қолган ҳужумкор футболчимиз янги жамоага ўтиши кутилмоқда.
Манбаларнинг маълум қилишича, Петриковнинг “Шахтёр” жамоаси билан назорат ўйинида Шаҳбоз Умаров чиройли ҳаракат қиламан, деб тўпни рақиб футболчисига олдириб қўйди ва бош мураббий уни бу ташаббуси учун қаттиқ танқид қилди. Бундай муносабатдан норози ҳамюртимиз дарҳол майдондан чиқиб кетди. Можаро кийим алмаштириш хонасида ҳам давом этгани айтилмоқда.
Жамоадагилар бу масалага икки хил ёндашмоқда. Айримлар Шаҳбозни жамоага нисбатан ҳурматсизлик қилди, демоқда. Қолганлар эса, мураббийлар штаби ўзига хос характерга эга етакчи ўйинчилар билан муносабатда бағрикенглик қилиши керак эди, деган фикрни илгари суряпти.
Аслида бундай ҳолат кўп учрайди. Бу ҳиссиётлар кучлилик қилган вазият холос. Бироқ клуб раҳбарияти Умаровни ўринбосарлар таркибига юборишга қарор қилди ва уни бошқа клубга сотиб юбориш ҳаракатини бошлади. БАТЭ вазиятни ўнглашнинг энг мақбул йўли Умаровни кетказиш, деб ҳисобламоқда.
Журналист Владислав Татурнинг ёзишича, Шаҳбоз Михайловдан узр сўраган ва иккинчи жамоада ўйнаб, клубга керакли ўйинчи эканини исботлашга тайёрлигини билдирган. Бироқ, бош мураббий унинг узрини қабул қилмаган кўринади.
Умаров илк бор легионерга айланиб, 2020 йилги мавсумда “Энергетик-БГУ” да ўйнаб юрган кезлари БАТЭ эътиборига тушганди. Ўша чемпионатда БАТЭ футболчилари “Энергетик-БГУ”дан икки марта мағлуб бўлган. “Талабалар”нинг ғалабасига Шаҳбоз Умаров ва Жасур Яхшибоев тамал тошини қўйганди. Ўшанда Борисовдаги ўйинда Умаровнинг узоқ масофадан борисовликлар дарвозасига киритган голи ютубда 50 мингдан зиёд томоша қилинган. Амалда ўша мағлубиятлар борисовликларни чемпионликдан маҳрум қилди.
БАТЭнинг ўша пайтдаги бош мураббийи Кирилл Альшевский Шаҳбоздаги иқтидорни юқори баҳолаган. У футболимизнинг тезлиги, икки оёқда кучли зарба бера олиши, кучли техникаси ва аниқ пасларини қадрларди.
БАТЭ Умаровни қарийб 100 минг еврога трансфер қилганидан кейин ҳамюртимиз марказий ҳужумчи, плеймейкер ва ҳар икки қанот ҳужумчиси сифатида ўйнаб келаётган эди.
Ўзбекистонлик футболчи ўтган мавсумда ҳам Беларусь олий лигасининг энг зўр ўйинчиларидан бири бўлди. Жами 27 та маротаба майдонга тушган Умаров олтита гол ва саккизта голли пас узатди.
Статистика мутахассислари берган маълумотга кўра, Умаров якуний зарба учун тўп узатишда лигада биринчи, ҳаводан аниқ тўп оширишда иккинчи, муваффақиятли дриблинг қўллашда кучли учлик, аниқ зарба беришда юқори тўртликдан жой олган.
Шаҳбознинг ягона камчилиги ҳимояланишда камтарроқ кўрсаткичлар қайд этишида. Бироқ майдоннинг иккинчи ярмидаги ҳаракатлари бўйича лигада энг зўрларидан. Ўйин давомида дриблинг ишлатиш, хавфли вазият яратиш, комбинацион ўйин, тўпни ушлаб туриш ва уни олиб юриш каби муҳим жиҳатларда Умаровга етадигани деярли йўқ.
Ҳозир кўпчиликни янги бош мураббий Александр Михайлов БАТЭ ҳужумларининг асосий ижодкори бўлган Умаровнинг ўрнини ким билан тўлдириши қизиқтирмоқда.
Маълумотларга қараганда, бу мутахассис аввал бошдан Умаров билан ишлашни истамаган. Михайлов фаолияти давомида асосан ўринбосарлар билан ишлаган ва бу гал ҳам БАТЭ асосий таркибида гапи ўтадиган ва уни топшириқларини сўзсиз бажарадиган ёш ўйинчиларни ўйнатмоқчи бўляпти. Бироқ, улар Умаров даражасига яқинлаша олмаслиги кундай равшан.
Шаҳбоз Умаровнинг амалдаги шартномаси 2022 йилнинг охиригача давом этади.
Фикрлар