Янги маълумот. Шомуродов Италия клуби билан тўрт йиллик шартнома имзолайди

Бир кун ичида “Ростов” ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг бозори том маънода қайнаб кетди. Россия премьер-лигасида гол урмай қўйган ҳужумчига гўёки харидорлар талаби йўқдай эди. Ёзда Бельгиянинг “Генти”дан тушган беш миллион евролик таклиф рад этилгач, трансфер янгиликларида ўзбек ҳужумчисининг номи чиқмай қўйди.

Элдор Шомуродовнинг Европа Лигасида “Маккаби Хайфа” дарвозасини ишғол қилиб, 15 та учрашувдан иборат ва 208 кун давом этган голсиз сериясига барҳам бергани уни унитиб қўйган “кўҳна қитъа” жамоалари учун огоҳлик қўнғироғи бўлганга ўхшайди.

Screenshot-20200925-000812-Instagram-1024x783

Чунки ўтган йилнинг охирларида ҳам Шомуродов Бундеслигадан чорловлар олгани, “Шальке” ва “Штутгарт” бонусларни қўшиб ҳисоблаганда 10-15 миллион евро ваъда қилгани ҳақида хабарлар бор. Бироқ, коронавирус пандемияси қисқа фурсатда жамоалар молиявий қудратини емириб ташлагани ва футбол бозорига катта зарба бергани кўплаб трансферлар қаторида Элдорнинг бозорини ҳам “ўлдирди”.

Ниҳоят, куни кеча кутилмаганда Италиянинг энг ёши улуғ жамоаларидан бири “Женоа” вакиллари Шомуродовни сўраб, “Ростов” “эшиклари”ни тақиллатди. “Ростов” ўз одатига кўра, 8 миллион евролик биринчи таклифни қабул қилмади. Генуяликлар музокаралар давомида яна бир миллион евро қўшишга кўнди.

Шу паллада савдога “Фиорентина” ва “Верона” аралашиб, “Женоа”га халақит қилишга киришди.  “Верона” нархни 10 миллион, “Фиорентина” эса, 12 миллион еврогача кўтаргани ҳақида маълумотлар бор. Бироқ, бу таклифлар расмий кўриниш мақомигача етиб бормагани айтилмоқда.

Шунинг учун “Ростов” аниқ харидор – “Женоа” билан музокараларга жиддий эътибор қаратди. Россиянинг энг машҳур нашрларидан бири “Спорт Экспресс” аниқлаган сўнгги маълумотларга кўра, томонлар Элдорнинг трансферини 9 миллион еврога келишиб бўлган. “Ростов” Элдорнинг кейинги трансферидан яна 15 фоиз улушга эга чиқишини инобатга олсак, ростовликлар учун бу трансфер анча манфаатли бўлгани кўриниб турибди. Чунки “Ростов” бундан уч йил муқаддам ҳужумчини ўз таркибига қўшиб олиш учун атиги 300 минг евро сарфлаган холос.

Элдор Шомуродов бугун Генуяга бориши кетилмоқда. Ўзбекистонлик легионер жума куни  “Женоа”да тиббий кўрикдан ўтиши ва шундан сўнг жамоа билан тўрт йиллик шартномага имзо чекиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, ҳамюртимизнинг Италиядаги йиллик маоши 600 минг евродан бошланади. Шу ўринда, “Уфа”дан “Спартак” жамоасига кўчиб ўтган Остон Ўрунов ҳам йилига 600 минг евро атрофида маош олиши ҳақида хабарлар тарқатилганини эслатиб ўтишга қарор қилдик.

urunov-spartak-withball2_3

Қизиқ бир тасодиф. Шомуродов “Бунёдкор” таркибида ўйнаган пайтларида унинг голлари сони 18 тага етганида Россия премьер-лигасига йўл олган эди. Энди “Маккаби Хайфа” дарвозасидан жой олган аниқ зарба билан Элдорнинг “Ростов”даги жами голлари сони 18 тага етди ва у Италияга кўчиб ўтиш арафасида турибди.

Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 43 та учрашувда 20 та гол урган бўлса ҳам, халқаро майдонда фақат ўз ватани шарафини муносиб ҳимоя қилади.

Шомуродов энг зўр футболчилар термасига киритилди (фото)

Шомуродовнинг нархи қанча? “Ростов” “Женоа”нинг 8 миллионини менсимади ёхуд Элдорга Европадан яна учта таклиф бор

"Женоа" Элдор Шомуродовни оляпти

Канчельскис Шомуродовга Европа футболида ўйнаш усулини ўргатди. Элдорни Роналду билан рақобат кутмоқда

Шомуродов трансфери бўйича тезкор маълумот. “Ростов” Элдорни қўйиб юбормаяпти

“Ростов” Шомуродов ўрнига Бухорода туғилган ҳужумчини олади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!