Яхшибоевнинг даври келдими? Чемпион мураббий уни дастлаб Россия чемпионатида кўрмоқчи...

Бугунги кунда Беларусь чемпионатида ўз ўйинлари билан барчанинг эътиборини тортаётган Жасур Яхшибоев алоҳида мавзуга айланиб қолди. Натижада кўпчилик ҳамюртимизни мақтовли сўзлар билан “сийламоқда”. Айниқса, Яхшибоев тўғрисида хорижлик мутахассисларнинг билдираётган фикрлари барчамиз учун қизиқ туюлмоқда.

Жасурнинг ички имкониятлари ва нималарга қодирлигини эса ўзимизнинг мураббийлар бошқалардан кўра яхшироқ билишини ҳам эслатиб ўтсак арзийди. Айниқса, 2018 йили Ўзбекистон U-22 терма жамоаси Равшан Ҳайдаров бош мураббийлиги остида Осиё чемпионлигини қўлга киритганини яхши биласиз. Ўша таркибда эса Жасур Яхшибоев ҳам бўлган. Умуман олганда, Равшан Акмалович ушбу ўйинчини ёшлигидан яхши билади. Шу боис ҳам ўз жамоаларида Жасурга ҳам албатта имконият бериб келган. 

“Жасур характери бола, унинг кўнглига йўла топа билиш керак”

Равшан Ҳайдаров ушбу ўйинчининг қобилиятларини очиб бера олганди. Шу боис ҳам Яхшибоев бир неча йил олдин кўзга ташланишни бошлаган. Унинг Беларусдаги ўйинлари эса Ҳайдаров учун янгилик эмас. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, мураббий бу борада Жасурнинг легионер сифатида ўзини кўрсатаётгани сюрприз эмаслигига тўхталди.

-  Авваламбор, Жасурнинг Беларусь чемпионатида кўрсатаётган ўйини мен учун сюрприз эмас. Иқтидори ва маҳорати бўйича ўз ўйинини намойиш этяпти. Балки Беларусь футболи ҳамда уни яхши билмаганлар учун унинг ўйинлари сюрприздек кўриниши мумкин. Жасурнинг иқтидорини янада очишга жамоа ҳам, мураббий ҳам ишонч билдириши керак.

-  Яхшибоев характерли бола. Унинг кўнглига йўл топа олишни ҳам билиш лозим. Агарда ёнидагиларнинг ишончини ҳис қиладиган бўлса, у бутун иқтидорини намойиш этадиган футболчи. Ўз вақтида уни 1995 йилда туғилган футболчилардан иборат жамоамга қўшган пайтимда ҳам бошида Жасурга қийин бўлганди. Ўзини тутиши ва яна бошқа ҳолатлар бўйича муаммолар кўринганида ҳам буни жамоа бўлиб ҳал қилганмиз. Таркибдаги етакчи йигитларга Жасур ҳақида у иқтидорли ўйинчи, фақат бироз характери бор, жамоага бирданига қўшилиб кетиши қийин, бунинг учун уни жамоамизга мослаштиришда ёрдамлашишимиз керак, деб айтганман.

-  Футболчининг бутун маҳоратини кўрсатиши учун албатта жамоа керак. Ўшанда бизнинг жамоамизга яхши киришиб кета олганди. Ёдингизда бўлса, 2018 йилги Осиё чемпионатида ўз ўйинлари ва голлари билан терма жамоага катта фойда келтирган. Беларусда ҳам у жамоа ва мураббийнинг ишончини сезиб, нималарга қодирлигини кўрсата оляпти.

хайдаров_1

“Ностандарт футболчилар кўпчиликка ёқади,

Яхшибоев эса ана шундай ижрочи”

Сўнгги пайтларда Жасурга бўлган қизиқиш ҳамда эътибор ошиб бораётгани туфайли Европа клублари томонидан ҳамюртимизни кузатув остига олаётганликлари ҳақидаги хабарлар чиқмоқда. Ўз ўрнида Равшан Ҳайдаров шогирдининг бу борадаги имкониятлари, кўпроқ қайси чемпионатларга мос эканлиги борасида ўз фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.

-  Ўйлашимча, у ҳар қандай чемпионатда ўйнаб кета олади. Индивидуал маҳоратга эга. Жасур ностандарт ўйинчи. Бундай футболчилар эса кўпчиликка ёқади. Қаерга борса ҳам аввало унга ўзини кўрсатиши учун ишонч билдириш лозим. Яхшибоев керак бўлса ҳимояда ҳам ёрдам бера олади. Илгари эса ҳимояга қайтиб ёрдам бермасди. У билан бирга ишлаган пайтимизда ҳам кўп нарсаларни тушунтирганман. Футболда ҳужумни якунлаш қийин масала ҳисобланади. Аммо тўпни йўқотдими, уни яна қайтариш учун курашиш керак. Бир-икки вазиятда тўпни йўқотганида орқага қайтмаган пайтлари бўлган. Ўшанда унга яхшилаб тушунтирганман. Доим унга яхши гаплар билан уқтирилса, ҳаммасини тушунади.

-  Албатта, Жасур Яхшибоевни Европа чемпионатларида тўп суришини барчамиз истаймиз. Аммо бу борада у босқичма-босқич кўтарилишга эришишини хоҳлардим. Масалан, олдин Россия чемпионатида ўйнаб ўзини кўрсатиши муҳимроқ. Балки бошқа мамлакатга бориб, тил муаммосига дуч келса, ўз ўйинини йўқотиб қўйиши ҳам мумкин. У бироз тортинчоқ. Шунинг учун аввало кўтарилишни Россия чемпионатидан бошлагани яхшироқ деб ўйлайман. Энг муҳими, қаерга борса ҳам унга ишонч билдирадиган мураббий бўлиши муҳим.

“Унинг “Пахтакор”даги фаолиятини

у қадар ёмон ўтди демаган бўлардим”

Биламизки, Жасур “Пахтакор”да ўзини тўлиқ кўрсата олмади. Футболчи яқинда берган интервьюсида бош мураббий Шота Арвеладзе билан ўртасидаги муносабатга ҳам тўхталиб, етарлича ишонч билдирмагани ҳақида айтганди. Ўз вақтида “Пахтакор”да узоқ йиллар ишлаган Ҳайдаров эса Яхшибоевнинг собиқ клубидаги фаолиятини таҳлил қилар экан, шундай деди:

-  Балки “Пахтакор”да унга катта ишонч билдирилмагандир. Унинг ўйинда қилган хатолари кейинчалик захирага олинишига сабаб бўлди. Бундай пайтларда унга индивидуал суҳбатлар ҳам етишмаган бўлса керак. У ерда нима бўлганини мен яхши билмайман. Лекин бундай футболчиларга ўзига яраша ён босиш керак.

-  Шунингдек, “Пахтакор”да рақобат катта. Доим 10-15 дақиқа ўйнаш футболчига ёқмайди. Доимий ўйин амалиётига эга бўла олмагани боис ўзини кўрсата олмади. Лекин “Пахтакор”да ҳам голлари билан жамоасига ёрдам берган пайтлари бўлди.

-  Шунга ўхшаш ҳолат Ҳожиакбар Алижонов билан ҳам юз берди. У ўз вақти соатини кутди. Имконият берилганидан кейин бундан фойдаланди ва ҳозир жамоасининг етакчиларидан бирига айланди. Балки Жасурнинг ўзида ҳам бироз сабрли бўлиш етишмагандир. Ўша муҳитга яраша ўзини ўзгартириш ва мослаштириш деган тушунчалар бор. Бироқ унинг “Пахтакор”даги фаолиятини унчалик ёмон бўлди дея олмайман. Ишонаманки, қаерда бўлса ҳам ҳали ўзбек футболига фойдаси тегади. Ўйлайманки, унинг даври келди ва уни ушлаб қолиш керак.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!