Ўрнимга Ҳусанов ўйнайверсин!
“Манчестер Сити” 2025 йининг 20 январида жамоага Абдуқодир Ҳусановнинг олиб келиниши билан бошланган авлодлар алмашинуви жараёнини яқинлашиб келаётган ёзда ҳам давом эттиради.
Эътиборли жиҳати, энг катта ўзгариш жамоа ҳимоя чизиғида бўлади. “Шаҳарликлар” таркибини бир неча мавсум давомида асосий ўйинчилар сифатида ҳимоя қилиб келган тажрибали ҳимоячилар тарк этиб, ўрнини янги авлод ҳимоячиларига бўшатиб беради.
Яқинда марказий ҳимоячилардан Жон Стоунз жорий мавсум охирида клубдан кетиши ҳақидаги хабар эълон қилинди ва клуб мутасаддилари бу маълумотларни тасдиқлади. Ўтган йили ёзда Италиянинг “Интер” жамоасига ижарага юборилган Мануэль Аканжи ҳам энди Манчестерга қайтмаслигини билдирди.
Чемпионликка яқин турган “Интер” клуби хўжайинлари тажрибали марказий ҳимоячини тўлиқ трансфер қилишни режалаштирмоқда ва Аканжи Милан шаҳрида қолишга тайёргарлик кўрмоқда.
Энди “Манчестер Сити” сафини учинчи марказий ҳимоячи – Натан Аке ҳам тарк этадиган бўлди. Бу ҳақда Фабрицио Романо маълум қилди.
Манба маълумотига кўра, 31 ёшли футболчининг ўзи ҳам, клуб ҳам ҳамкорликни тўхтатиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бироқ Аке мавсум тугагунига қадар бор эътиборини жамоадаги ўйинларга қаратади.
Нидерландиялик ҳимоячига январь ойидаёқ Италия клублари қизиқиш билдирган эди ва ёзда улар яна музокараларга қайтиши кутиляпти.
2027 йилгача амал қиладиган шартномаси борлигига қарамай, Натан Аке Пеп Гвардиола бошчилигида амалга оширилаётган авлодлар алмашинуви ва таркиб янгиланиши доирасида клубдан кетадиган футболчилар қаторига киради.
2025-2026 йилги мавсум бошида Натан Аке асосий таркибдаги ўрнини Йошко Гвардиол ва Рубен Диашга бой берди. Чемпионатнинг иккинчи ярмида эса, ҳимоя марказида Абдуқодир Ҳусанов ва январда трансфер қилинган Марк Гехи ўзини кўрсатиб келмоқда. Бу икки ўйинчи айни пайтда “Манчестер Сити”нинг асосий фигураларига айланган ва Гвардиола уларнинг жамоадаги келажаги порлоқ эканини бир неча бор тилга олди.
Аввалроқ, Аке ўйин амалиёти камайганини қабул қилиш қийин эканини айтган эди, бироқ бош мураббий ҳали ҳам унинг профессионал сифатларини юқори баҳолайди. Қолаверса, Нидерландия терма жамоаси мураббийлар штаби ҳам Натанга агар таркибдаги ўрнини сақлаб қолишни истаса, унга мунтазам ўйин амалиёти берадиган бошқа клубга ўтишни тавсия қилган эди.
Жорий мавсумда Аке барча мусобақаларда 26 та учрашувда майдонга тушди, ҳимояда ишончли ўйнаса ҳам, самарали ҳаракатлар қайд этгани йўқ.
Аке “Манчестер Сити”га 2020 йилнинг ёзида “Борнмут”дан ўтган эди. Шу вақт ичида у тўрт карра Англия чемпиони бўлди ҳамда 2023 йилда жамоа билан требл қилиб, УЕФА Чемпионлар лигасида ҳам ғолиб чиқди.
Айни пайтда “Манчестер Сити” ҳимоя марказини Абдуқодир Ҳусанов ва Марк Гехига топширган. Яна икки юлдуз – Йошко Гвардиол ва Рубен Диаш жароҳатидан қутилиб, спорт формасини тиклаганидан кейин ички рақобат янада кучаяди.
Клуб Жон Стоунз, Мануэль Аканжи ва Натан Аке каби уч нафар марказий ҳимоячи билан хайрлашишини ва “Сити” ҳар мавсум камида тўртта мусобақада бош соврин учун курашишини инобатга олсак, бу позицияда қолган тўрт нафар марказий ҳимоячи камлик қилиши мумкин.
Шу боис, “шаҳарликлар” ёзда “Жирона”да ижара асосида ўйнаётган бразилиялик легионер Витор Рейсни яна Манчестерга қайтариши кутилмоқда.
Тезкор! “Сити” Ҳусанов қатнашган сўровнома натижасини эълон қилди
Ҳусановга ҳатто Хаверц ҳам овоз беради!
Шацких: Ҳусановни бу футболчи билан солиштирманг!
У мени ютади! Машҳур ҳужумчи Ҳусановнинг зўрлигини тан олди

Фикрлар