Гвардиола: Ҳусановни трансферга қўйсак, камида ўнта суперклуб талашади
“Манчестер Сити” фаолиятини ёритиб келаётган cityxtra.co.uk портали бош мураббий Хосеп Гвардиола ўзбекистонлик легионер Абдуқодир Ҳусановнинг жамоа учун аҳамиятига қандай баҳо бераётгани ҳақида мақола эълон қилди.
Sports.uz портали ушбу материални ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола этишни маъқул топди.
- “Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг қобилиятларини энг юқори даражада баҳолаётган мутахассисдир.
Ўтган йили клубга қўшилганидан бери Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси “Манчестер Сити” учун тобора муҳим ўйинчига айланиб бормоқда. Бу эса, Гвардиоланинг унинг ҳимоявий зеҳни, тезлиги ва юқори позицион тушунишни талаб қиладиган хавфли ўйин тизимида совуққонлик билан ҳаракат қилиш қобилиятига бўлган ишончи ортиб бораётгани билан боғлиқ.
Жамоа тобора кўпроқ агрессив ҳимоя услубидан фойдаланаётган бир пайтда, Абдуқодир Ҳусановнинг тезда ортга қайтиш ва рақиб ҳаракатларини олдиндан сезиш қобилияти унинг энг қимматли фазилатларига айланди. Унинг клубдаги юксалиши эса, “Манчестер Сити”нинг тайёр суперюлдузларни эмас, балки жаҳон даражасидаги футболчига айланиши мумкин бўлган истеъдодларни топиш стратегиясини акс эттиради.
Сўнгги ўн йил ичида Гвардиола қўли остида муваффақият қозонган кўплаб янги футболчилар каби, Ҳусанов ҳам ўзининг ҳозирги мақомидан анча юқори салоҳиятга эга ўйинчи эканини кўрсатмоқда.
Пеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусановнинг маҳоратини юксак баҳолаб, ўзбек футболчисини Европанинг етакчи 10 та клуби қизиқиши мумкин бўлган ўйинчи деб атади.
- Ҳусанов аъло даражадаги трансфер. У Францияда “Ланс”да ўйнаган, Англиядаги келганидан кейин янада юқори даражага мослашиши осон бўлмади, аммо менимча, у ўзига хос футболчи. Биз жуда юқори чизиқда ўйнаймиз ва Абдуқодир ўзининг ортидаги позицияларни ажойиб ҳис қилади. У бундай ҳаракатларни жуда яхши кўради.
Бу жараёнда у бизга жуда керак. Ҳусанов ҳали ёш, ўрганишга чанқоқ, мураббий кўрсатмаларига тез жавоб беради, доим яхши машқ қилади, ҳар доим 100 фоиз куч билан ҳаракат қилади. У тобора тезлашиб бормоқда, жуда ишончли футболчи. Клуб уни олиб, тўғри қарор қабул қилган.
Агар Ҳусанов трансферга қўйилса, уни 10 та етакчи клуб талашиб қолади, чунки унда камёб ва ўта муҳим сифатлар бор.
Навбатдаги қадамни ташлаш учун у, эҳтимол, ўзи ўйлаганидан ҳам яхшироқ футболчи. Мен доим уни руҳлантираман, Абдуқодир ҳақиқатан ҳам жуда кучли. У узоққа узатиладиган пасларни аъло даражада беради, ҳимояни ёриб ўта олади, тўп билан ҳаракатда ҳайратланарли тезликка эга. У фақатгина бироз жасоратли бўлиши керак, буниси тажриба билан келади, - деди Гвардиола.
Пеп Гвардиоланинг Абдуқодир Хусановга Европанинг элита клублари қизиқиши мумкинлиги ҳақидаги баёноти нафақат ўйинчининг ўзига берилган юксак баҳо, балки “Манчестер Сити” селекция бўлими ишининг самарадорлигини ҳам кўрсатади. Шу билан бирга, у ҳимоячини клубнинг ривожланаётган мудофаа чизиғи учун узоқ муддатли таянч устуни сифатида намоён қилади.
Келажакда Хусановнинг ривожланиши уни Пеп Гвардиола жамоасининг ҳимоя чизиғида янада катта етакчилик ролини ўз зиммасига қабул қилишига олиб келиши мумкин, айниқса, клуб ҳозирча жароҳат олган Рубен Диаш ва Йошко Гвардиолсиз ўйнаётган бир пайтда бу муҳим аҳамият касб этади.
21 ёшли футболчининг тўпни олдинга олиб чиқиш, ҳимояга тез қайтиш ва кўрсатмаларга жадал мослашиш қобилияти “Манчестер Сити” ўйин тизими талабларига мукаммал равишда тўғри келади, - деб ёзмоқда cityxtra.co.uk портали эксперти Фредди Пай.



Фикрлар