Ҳиндистон футболчилари Осиё кубогида Ўзбекистонни қандай ютмоқчи?
Қатар мезбонлигидаги Осиё кубоги гуруҳ босқичида Ҳиндистон миллий терма жамоаси Ўзбекистон футболчилари билан бирга “В” квартетидан ўрин олган.
Ҳар икки терма жамоа бўлажак учрашувларга пухта тайёргарлик кўришга ҳаракат қилмоқда.
Спортни ёритишга ихтисослашган worldsportsgallery.com сайти Ҳиндистон терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги иштироки ва айнан Ўзбекистон футболчилари билан бўладиган иккинчи тур учрашувига эътибор қаратди.
Футбол статистикасига ихтисослашган манбаларда, хусусан, wikipedia.org сайтида бу икки мамлакат терма жамоалари ўзаро бешта учрашувда қатнашгани қайд этилган. Шу тўқнашувлардан тўрттасида ўзбек футболчилари ғалаба қозонган ва бир учрашувда дуранг қайд этилган.
Ягона дуранг – 2:2 ҳисоби қайд этилган ўйин 1997 йили Неру кубоги доирасида ўтказилган бўлиб, унда мезбонларнинг миллий терма жамоасига қарши 21 ёшгача бўлган футболчиларимиздан таркиб топган жамоа тўп тепгани қайд этилган.
Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сўнгги беллашув 2001 йили Мердека кубогида юз берган ва унда марказий осиёликлар 2:1 ҳисобида зафар қучган. Ўша халқаро турнир Ўзбекистон терма жамоаси ғалабаси билан якунланган.
Ҳиндистон футболчилари ўзбекистонликлар билан 23 йиллик танаффусдан сўнг энди Осиё кубогида ўзаро куч синашади. Ҳиндистонликлар бу гал учрашувга пухта тайёргарлик кўрмоқда. Улар илк бор Ўзбекистон миллий терма жамоасини мағлубиятга учратишга уриниб кўради. Чунки улар ўзбеклар билан рақобатда ҳали бирорта марта зафар қучмаган.
Бу галги учрашув 18 январга белгиланган. Ўзбекистон миллий терма жамоасида Элдор Шомуродов йўқлиги боис етакчиликни Жалолиддин Машарипов ўз зиммасига олади. Ҳиндистон терма жамоасида лидер вазифасини Сунил Чхетри бажаради.
ФИФА рейтингидан келиб чиқсак, Ҳиндистон терма жамоаси Ўзбекистондан анча ортда қолиб кетган. Ҳиндлар рейтингни 102-поғонасида қайд этилган, Ўзбекистон эса 68-қатордан жой олган.
Кўп омилларни ҳисобга олиб, Ҳиндистонни бўлажак учрашувда жуда кўп қийинчиликлар кутиб турибди ва улар шунга яраша тайёргарликни пухта қилиши талаб этилади.
Ҳиндистон ўз тарихида бирор маротаба Осиё кубогини қўлга кирита олмаган. Бу терма жамоа беш марта мусобақанинг финал босқичига чиқа олган.
Ҳиндлар 1964, 1984, 2011, 2019 ва 2023 йилга белгиланган Осиё кубогларига йўлланмани нақд қилган, - деб ёзмоқда worldsportsgallery.com сайти.
Эслатиб ўтамиз, “В” гуруҳидан бу икки терма жамоадан ташқари Сурия ва Австралия футболчилари ҳам жой олган.
Ҳиндистон терма жамоаси 13 январга белгиланган биринчи тур учрашувини гуруҳ фаворити сифатида тан олинаётган Австралияга қарши ўтказади.
Шу куни Сречко Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси суриялик чарм тўп усталарига қарши саф тортади.
Фикрлар