Ҳусановнинг трансфери “Ланс” учун янги рекорд бўлиши кутилмоқда

Европа “Топ-5” лигаларида аксарият клублар ўз бюджетини иқтидорли ўйинчиларни кашф қилиб, уларни грандларга мўмай даромад эвазига трансфер қилиш орқали тўлдириб келиши ҳеч кимга сир эмас. Бу футболдаги бизнеснинг бир турига айланиб улгурган.

Айниқса, Франция клублари бу ишнинг ҳадисини олган. Айни пайтда жаҳон футболида порлаётган юлдузлар орасида Лига 1 ўйинларида суяги қотган ўйинчилар кўпчиликни ташкил қилади.

Франция майдонларида жавлон ураётган футболчиларнинг трансфер суммаси чўнтакбоп ҳисобланади. Айниқса, Англия клублари ўзларига керакли ўйинчиларни кўпроқ Лига 1 клубларидан қидиради.

Европанинг бир неча манбалари “Ланс” кашфиётига айланган ўзбек футболчиси Абдуқодир Ҳусановга Англия Премьер-лигасининг бир неча клублари қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумот чиқаришни тўхтатмаяпти. Сўнгги кунларда “Челси” ва “Тоттенхэм” кўпроқ тилга олинмоқда.

Лондон клублари “Ланс”дан Ҳусанов бўйича трансфер маълумотларини сўраган ва ҳозирча жавоб кутаётгани айтилди.

“Ланс”да Ҳусанов билан бир нуқтада ўйнайдиган Кевин Дансо La voix du Nord нашрига берган интервьюсида ўзбек футболчиси агар гранд клубларда ўйнаганида унинг трансфери 100 миллион евро атрофида бўлишини таъкидлаган эди.

Шунга қарамай, трансфер экспертлари агар Абдуқодир Ҳусанов шу суръатда ўсишда давом этса, “Ланс” чиқиш трансферлари бўйича клуб рекордини янгилаши мумкинлигини билдирди.

Машҳур  transfermarkt.world портали ёзда янгилаган рейтингида Ҳусановнинг трансфер нархини беш миллион еврога кўтарган эди. Лекин лансликлар янги юлдузини бу суммага қўйиб юбормаслиги аниқ. Франция манбалари “Ланс” ҳозирнинг ўзида 20 ёшли легионер учун 30 миллион евро атрофида бадал пули талаб қилишни режалаштираётганини ёзмоқда.

Бироқ news.dayfr.com сайти экспертлари Ҳусановга кўз тикаётган ПСЖ, “Челси”, “Тоттенхэм” каби клубларнинг молиявий қудратини, ўзбек легионерининг ўйинида яққол ўсиш кузатилаётганини назарда тутиб, ёзгача “Ланс”нинг талаби ҳам кўтарилиши тайин эканини таъкидлаяпти.

Мазкур нашрнинг ёзишича, Ҳусанов трансфери “Ланс”нинг янги рекорди бўлиши мумкин. Бунинг учун эса, Абдуқодир учун 40 миллион евродан кўпроқ пул тўлайдиган клуб чиқиши керак.

Шу ўринда, “Ланс” тарихидаги энг катта чиқиш трансферларига назар соламиз.

Клуб тарихида энг қиммат баҳоланган ўйинчи Лоис Опенда ҳисобланади. Марказий ҳужумчи 2023 йилнинг ёзида “Лейпциг”га 40 миллион евро эвазига қўйиб юборилган. Кейинги ўринда 25 миллион евролик трансферлар турибди. Шу ёз “Марсель” Элье Ваи учун, бир йил муқаддам “Ан-Наср” Секо Фофанани олишга шунчадан маблағ сарфлаган.

Турли йиллардаги қиммат трансферлар қуйидагича кўриниш олган:

Шейк Дукур “Кристал Пэлас”га – 22,6 миллион евро

Лоик Баде “Ренн”га – 17 миллион евро

Эл Хажи Диуф “Ливерпуль”га – 15 миллион евро

Рафаэль Варан “Реал”га – 11 миллион евро

Стефан Дальма “Марсел”га – 10,6 миллион евро

Оливье Дакур “Лидс”га – 10,5 миллион евро.

Таъкидлаш жоизки, айни пайтда “Ланс”нинг гранд клублар диққатини ўзига қаратиб турган асосий активи Абдуқодир Ҳусанов ҳисобланади. Легионеримизнинг келажакдаги ишлари қандай ривожланишини вақт кўрсатади. Демак, ўзгаришлар бўлишини кутамиз ва вазиятни кузатишда давом этамиз...

Легионеримиз Италияда ўйнай оладиган футболчи борлигини айтди

Ҳусановни Англия грандлари сафида кўрамизми? Жараён бошланди...

Рақиблар Файзуллаев туфайли бешта сариқ карточка олди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!