“Кальяри”да нохуш ҳолат, Раньери Шомуродовга суянади!
Италиянинг А Сериясининг бешинчи турида Элдор Шомуродов ўйнаётган “Кальяри” жамоаси Бергамода “Аталанта” меҳмони бўлади.
Юқори дивизион дебютанти бўлган сардинияликлар жорий чемпионатда ҳали ғалаба нашидасини сургани йўқ. Клудио Раньери шогирдлари иккитадан дуранг ва мағлубият қайд этган. “Аталанта”нинг ишлари ҳам бироз юришмаяпти. Жан Пьеро Гасперини жамоаси тўртта ўйиндан иккитасини бой берган.
Бергамодаги баҳс ҳар икки жамоа томонидан фақат ғалаба учун бўлади.
Ўйин олдидан Клаудио Раньери кутилмаган муаммога дуч келди. Асосий таркибнинг уч футболчиси бетоблиги туфайли Бергамоада сардинияликларга ёрдам бера олмайди. Тажрибали ҳужумчи Леонардо Паволетти ва чехиялик ярим ҳимоячи Якуб Янктода ошқозон билан боғлиқ муаммо келиб чиқди. Алессандро Ди Пардонинг иситмаси кўтарилиб кетган.
Шу боис, мураббийлар штаби “Аталанта” билан ўйинга 20 нафар футболчини олиб келди.
Дарвозабонлар: Радунович, Скаффет, Арести
Ҳимоячилар: Голданига, Доссена, Хацидиакос, Оберт, Заппа, Аужелло, Ацци
Ярим ҳимоячилар: Нандез, Виола, Дейола, Прати, Сулемана, Макумбу
Ҳужумчилар: Петанья, Лувумбо, Ористанио, Шомуродов
Клаудио Раньерини хурсанд қилган хабар ҳам бор. Катта умидлар билан олиб келинган Андреа Петанья жароҳатидан қутилиб, сафга қайтди.
Италия футболи таҳлили билан шуғулланаётган экспертлар “Аталанта”га қарши ўйинда Элдор Шомуродов бошланғич таркибда майдонга туширилишини кутмоқда. Бунга ўзига яраша сабаблар бор.
Хусусан, https://www.cagliarinews24.com сайти журналисти Диего Демуртас бу ҳолатни қуйидагича изоҳлади.
Элдор Шомуродовда “Аталанта”га қарши баҳсни бошланғич таркибда бошлаш эҳтимоли катта. Чунки ўзбек легионери аввалги турда “Удинезе”га қарши бош мураббийнинг ишончини оқлайдиган даражада ўйнади. Буни инобатга олган Клаудио Раньери Элдор Шомуродовни илк дақиқалардан майдонга тушириши кутиляпти, - деб ёзди Диего Демуртас.
Дарҳақиқат, айни пайтда “Кальяри”да асосий ҳужумчи Зито Лувумбо ҳисобланади. Бергамода ҳам унинг бошланғич таркибдан ўрин олишига шубҳа йўқ. Унга шериклик қилаётган Паволетти таркибда йўқ. Петанья энди жароҳатдан қутилди ва тўлиқ ўйнашга тайёр эмас.
Бу ҳолатда Раньери ихтиёрида 90 дақиқа ўйнай оладиган икки футболчи – Шомуродов ва Ористанио қолмоқда. Кўпни кўрган мураббий бу вазиятда жамоадошидан тажрибали ва маҳорат бобида устун бўлган Шомуродовни танлаши тўғри қарор эканини айтиляпти.
Қолаверса, Шомуродов “Аталанта” дарвозасига гол уришни яхши кўради ва яхши билади. Легионеримиз А Сериядаги ҳозирча ягона дублини “Женоа”да ўйнаб юрган пайтлар айнан бергамоликлар билан баҳсда нишонлаган.
Италия чемпионатининг бешинчи туридан ўрин олган “Аталанта” ҳамда “Кальяри” учрашуви 24 сентябрь куни Тошкент вақти билан 18:00 да бошланади.
Фикрлар