Катта пул керак: Ҳусанов “Ланс”ни қутқарадими?

Европа клублари футбол майдонидаги кечкин ва муросасиз курашлардан ташқари молиявий фэйр-плейга амал қилиши, иқтисодий масалаларни ҳам барқарор олиб бориши талаб этилади.

“Ланс” ўтган ёзда ўйинчи сотиш орқали 100 миллион еврога яқин маблағ ишлаб олишни кўзлаганди. Клуб бош директори Пьер Дреосси бу трансферлар орқали хўжайинларга яхши даромад олиб келишни ваъда қилган.

Амалда ундай бўлиб чиқмади. Ҳужумчи Элье Вахи “Марсель”га 25 миллион евро эвазига қўйиб юборилди. Адам Букса, Аянда Сушиба, Жульен Ле Кардинал, Лукаш Пореба каби асосий таркибга кира олмаган ўйинчиларнинг умумий трансфери ва Морган Гилавогининг ижарага юборилиши клубга 10 миллион еврога яқин пул келтирди.

Бироқ иккита катта савдо – Кевин Дансонинг “Рома”га ва Нил Ал-Айнауининг “Монако”га трансфери кутилмаганда барбод бўлди. Бу икки трансфер лансликларга 50 миллион евродан ортиқроқ пул олиб келиши лозим эди.

Франция футболини ёритиб келаётган бир неча манбалар, хусусан, le11hdf.fr сайтининг ёзишича, “Ланс”да 40 миллион евро атрофида дефицит юзага келган ва клуб қишки трансферлар вақтида бу камомадни ёпишига тўғри келади.

Бунинг энг тез ва осон усули бир неча футболчини сотиб юборишдан иборат. Клуб раҳбарияти жамоада бошқа клубларни қизиқтира оладиган активлар борлигига ва январда бир неча трансферни амалга оширилишига ишонмоқда.

- Жамоамизда яхши активлар ва уларга бир неча клублардан жиддий қизиқишлар бор. Биз учун энг қийини ўйинчи сотиш эмас, балки иқтисодий манфаатларимиз ва спортдаги мақсадларим ўртасидаги мувозанатни топиш. Биз ҳаммани сотиб юбориб, мўрт жамоага айланиб қолмоқчи эмасмиз. Қишки трансферлар бизга шу кунгача амалга оширган ва ўтган ёз эриша олмаган ишларимиз ўртасидаги балансни тўғрилаш имконини беради, - деди бош директор Пьер Дреосси Voix du Nord нашрига берган интервьюсида.

Foot Mercato нашрининг ёзишича, “Ланс” биринчи навбатда етарли даражада ўйин амалиётига эга бўлмаётган ва катта маош олаётган ўйинчиларни сотиб юборишни мўлжалламоқда. Демак, бу борада рўйхатга уч футболчи киритилган. Хусусан. Анжело Фульджини ва Нампалис Мендининг ўйин даражаси, жамоага қўшаётган ҳиссаси олаётган маошини қопламаяпти.

Давид Перейра да Кошта плеймейкер сифатида унга билдирилган ишончни оқламаяпти ва АҚШ чемпионатига кўчиб ўтишни режалаштирмоқда. Юқорида номи келтирилган учала футболчи бир пайтда сотиб юборилса ҳам, ушбу трансферлар “Ланс”нинг 40 миллион евролик дефицитини қопламайди.

“Ланс” камомадларни таркибдаги қимматбаҳо уч нафар футболчининг бирини трансфер қилиш орқали ёпишни мўлжалламоқда.

Биринчи навбатда, ёзда “Рома”га кўчиб ўтолмаган Кевин Дансо яна сотиб юборилиши мумкин. Чуқулаштирилган текширувлар австриялик ҳимоячининг юрагида муаммолар йўқлигини кўрсатди ва ўйинчининг ўзи ҳам жамоага қайтганидан бери мунтазам ўйнаб келмоқда ва соғлиғида бирор муаммо кузатилгани йўқ.

Бир неча манбалар Дансони “Ювентус” ва Англия Премьер-лигаси клублари ўзига чорлаётгани ҳақида маълумот тарқатди.

Дансонинг йўқлигида бор маҳорати ва салоҳиятини намойиш қила олган Абдуқодир Ҳусанов қисқа фурсатда “Ланс”нинг энг харидоргир активига айланди.

Европанинг аксарият манбалари 20 ёшли ўзбек ҳимоячиси учун гранд орасида кураш қизғин кечишини таъкидламоқда. Хусусан, ҳозирнинг ўзида Ҳусановга Франциядан  ПСЖ, “Марсель”, Англиядан “Тоттенхэм” ва “Челси”, Германиядан “Байер” жиддий қизиқиш билдираётгани, “Ланс”нинг ўйинларига ўзбек легионерининг ҳаракатларини кузатиш учун ўз скаутларини жўнатаётгани ҳақида жуда кўп маълумот чиқариляпти.

Экспертлар мавсум охирига қадар талабгор ва даъвогар жамоалар сони ортиши, Ҳусановнинг трансфер нархи бир неча баравар кўтарилиши, “Ланс” уни 30-40 миллион евродан паст суммага қўйиб юбормаслигини таъкидламоқда.

Сўнгги маълумотларга қараганда, “Ланс” раҳбарияти Ҳусановни қўйиб юборишга шошилмайди, фақатгина қишда фавқулодда катта сумма таклиф қилинсагина музокарага киришилади.

Бу икки ҳимоячидан ташқари, ҳужумчи Энди Диуфнинг трансфери ҳам клубга яхши даромад олиб келиши мумкин. Бироқ “Ланс”нинг ўзида ҳужумчилар танқислиги ва жамоанинг олдинги чизиқдаги ишлари кутилганидек кечмаётгани туфайли Диуфнинг трансфери ёзда кўриб чиқилиши айтиляпти.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов футбол сир-асрорларини “Бунёдкор” клубида ўрганган. Профессионал футболчилик фаолиятини Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасида бошлаган. 2023 йилнинг ёзида “Ланс”га кўчиб ўтди.

Ҳусанов “топ-5” қаторига кирувчи Франция чемпионатида иштирок этган биринчи ва ҳозирча ягона ўзбек футболчиси ҳисобланади.

Мағлубиятга Файзуллаев сабабчими?!

“Рома”: Аргентиналик юлдуз Шомуродовдан зўр эмас!

Файзуллаев ўз жамоасини топди!

Файзуллаев Европага кетяптими?

Файзуллаевга Туркия, Нидерландия, Португалиядан қизиқиш бор. Аббос қаерга ўтгани маъқул?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!