Легионеримиз иккита гол уриб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди!

Қозоғистон Премьер-лигасида “Тобол” шарафини ҳимоя қилаётган Игорь Сергеев яна тўпурарлар пойгасига қўшилди.

Еттинчи тур учрашувида кустанайликлар жорий мавсумда чемпионлик учун курашаётган “Актобе” жамоасини қабул қилди.

“Актобе” ўйинни ҳужумкор руҳда бошлади. Биринчи бўлим ўрталарида Арман Кенесов мезбонлар дарвозасини ишғол қилиб, ҳисобни очди. Ўйиннинг иккинчи ярмида “Актобе”нинг грузиялик легионери Лука Гадрани жамоасининг иккинчи голини урди.

Меҳмонлар сафар учрашувидан ғалаба билан қайтишга ишона бошлаган паллада катта саҳнага Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев чиқди. “Тобол”нинг асосий ҳужумчиси Серж Дебле ўрнига майдонга тушган ҳамюртимиз ўйин қаҳрамонига айланди.

photo_171369

Игорь дастлаб, 74-дақиқада рақиб дарвозасига йўл топиб, ҳисобдаги фарқни минимал даражага олиб келди. Ўйин якунланишига тўрт дақиқа қолганида легионеримиз яна бир аниқ зарба билан ҳисобни тенглаштирди ва жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Бу дурангдан кейин “Тобол” очколари сонини 11 тага етказиб олди ва юқори ўринлар учун курашиш имкониятини сақлаб турибди.

Игорь Сергеев эса, жорий мавсумда иккинчи дублини нишонлади. Аввалроқ, ҳужумчимизнинг икки голи “Тобол”га “Шахтёр” устидан ғалаба келтирган эди. Умумий голлари сонини тўрттага етказиб олган Сергеев “Актобе” ҳужумчиси Максим Самородов, “Атирау” вакили Евгений Козлов ҳамда “Қайрат” форварди Жоао Пауло билан бирга тўпурарлар бағчида етакчилик қилмоқда.

Яна бир қизиқ маълумот шундан иборатки, Игорь Сергеев Қозоғистондаги фаолиятини ўзи иккита гол урган “Актобе”да бошлаган. Моҳир тўпурар 2020 йилги мавсумни “Пахтакор” сафида чемпион сифатида якунлаганидан кейин, 2021 йилнинг февраль ойида “Актобе”га кўчиб ўтганди.

Бу жамоада ярим мавсум ўйнаган легионеримиз халқаро майдонда муваффақиятли иштирок этишни режалаштирган “Тобол” жамоаси таклифини қабул қилди ва кустанайликлар сафига қўшилди.

“Тобол”даги дастлабки мавсумида Игорь Сергеев ўз голлари билан жамоасининг Қозоғистон чемпиони бўлишига ҳисса қўшди. Шунингдек, ўтган йилги мавсумда футболчимиз кустанайликлар билан бирга Қозоғистон чемпионати бронза медалини ҳам қўлга киритди.

Игорь Сергеев “Тобол” сафида Қозоғистон Премьер-лигасидан ташқари, УЕФАнинг халқаро турнирлари – Конференциялар лигаси ва Чемпионлар лигаси саралаш мусобақаларида ўз номига гол ёздириб қўйишга муваффақ бўлди.

1

29 ёшли ҳужумчимиз Ўзбекистон ва Қозоғистондан ташқари Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Хитой чемпионатларида ҳам ўйнаб, ўз номига гол расмийлаштиришга улгурган.

Игорь Сергеев Ўзбекистон миллий терма жамоасида 67 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозабонларини 19 маротаба ожиз қолдиришга муваффақ бўлган.

Россия чемпиони Миржалол Қосимов жамоаси рекордини янгилади!

Легионеримиз супергол урди ва жамоаси тўпурарига айланди!

Бу мамлакатда 20 нафар ўзбек легионери тўп тепмоқда

Ўзбекистон тўпурарлари нечанчи ўринда?

Келишилган ўйинлар балоси: Легионерларимиз жамоаси Еврокубокдан четлатилиши кутилмоқда!

Шомуродов ҳаммасини ўзгартириб юбориши керак эди...

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!