Легионерларимиз: Яхшибоевнинг ишлари яхши, қолганларчи?
Қозоғистон Премьер-лигасида биринчи давра ўйинлари якунланганидан кейин статистика экспертлари турли кўрсаткичларни ҳисоблаб чиқмоқда.
Унга кўра, амалдаги чемпион – “Ордабаси” шарафини ҳимоя қилаётган Жасурбек Яхшибоев чемпионат тўпурарлари пойгаси ва энг самарали ўйинчилар рейтингида юқори ўринлар учун курашни давом эттирмоқда.
Жорий мавсумда Қозоғистон юқори дивизионида 13 та жамоа ғолиблик учун куч синашмоқда. Биринчи давра давомида ҳар бир жамоа 12 тадан учрашув ўтказди. “Ордабаси” еттита ғалаба, тўрт дуранг ва бир мағлубият билан 25 очко тўплаган ҳолда мусобақа жадвали пешқадамига айланиб олди.
Жасурбек Яхшибоев биринчи даврада 10 маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига бешта гол ёздириб қўйди. Айни пайтда легионеримиз тўпурарлар пойгасида “Қайсар” вакили Владимир Громико ва “Актобе” ўйинчиси Максим Самородов билан биринчи ўринни эгаллаб турибди.
27 ёшли футболчимиз “Шахтёр”, “Қайрат”, “Турон”, “Жетису” ва “Қайсар” жамоалари дарвозаларини ишғол қилган. Унинг голлари чимкентликларга умумий ҳисобда 12 очко келтирганини таъкидлаш лозим.
Шунингдек, Жасурбек Яхшибоев гол+пас тизимида ҳам етакчилардан бири ҳисобланади. Бешта голдан ташқари битта ассист қайд этган ҳужумкор футболчимиз умумий ҳисобда 6 балл билан энг самарали ўйинчилар рейтингида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Бу борада бешта гол ва иккита ассист билан Максим Самородов якка пешқадам сифатида биринчи ўриндан жой олди.
“Ордабаси”даги яна бир вакилимиз – Шаҳбоз Умаров ҳам мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмоқда. Бироқ 25 ёшли футболчимизнинг ўйин вақти кутилган даражада кўп эмас. Ўтган йили чимкентликлар билан бирга чемпионликни нишонлаган Шаҳбоз бу гал барча турнирларда 13 та учрашувда қатнашиб, умумий ҳисобда майдонда 555 дақиқа ҳаракат қилди.
Умаров бу вақт мобайнида чемпионатда биттадан гол ва ассист муаллифи бўлди.
Қозоғистондаги легионерларимиз орасида Иброҳимхалил Йўлдошев “Қайрат”нинг асосий фигураларидан бирига айланган. Россиянинг “Нижний Новгород” жамоасидан ижарага олинган легионеримиз ҳимоядаги вазифаларини тўлиқ бажаришдан ташқари ҳужумчиларга ҳам ёрдам бермоқда.
23 ёшли Йўлдошев “Қайрат” сафида барча турнирларда 12 маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига иккитадан гол ва ассист ёздириб қўйди.
“Қайрат” бу йил чемпионлик учун курашмоқда. Қозоғистоннинг энг машҳур жамоаси жорий чемпионатда олтита ғалаба, учтадан дуранг ва мағлубият билан 21 очко жамғарди ва ҳозирча учинчи поғонада бормоқда.
Қўшни мамлакатдаги тўртинчи легионеримиз – Шоҳназар Норбеков ўйнаётган “Қайсар” чемпионатни муваффақиятсиз бошлаб, кейинчалик мусобақа жадвалининг ўрта қаторларига кўтарилиб олди.
“Қайсар” 12 та беллашувда тўрттадан ғалаба, дуранг ва мағлубият қайд этиб, жами 16 очко жамғарган.
29 ёшли Шоҳназар барча турнирларда 14 та ўйин ўтказди. Премьер-лигада биттадан гол ва ассист қайд этди. Бироқ бу кўрсаткич марказий ҳужумчи самарадорлиги учун етарли натижа эмас.
Қозоғистон Премьер-лигасининг иккинчи давра ўйинлари 13 июлдан бошланади.
Харидор Шомуродовни олиш бўйича аниқ режа тузиб қўйди
ЦСКА Файзуллаевнинг кетишига рухсат берадими?
Файзуллаев қўлдан чиқяпти ёхуд Аббосбек ва “Вильярреал” масаласига Италиядан қандай муносабат бўлди?
Ўзбек футболчилари Европа Чемпионлар лигасида порлаши кутиляпти...
“Реал”га гол урган Яхшибоевни Европа майдонларида кутишяпти
Фикрлар