
“Манчестер Сити” Ҳусанов учун “Ланс”га қўшимча 5 миллион евро тўламайдиган бўлди!
“Манчестер Сити” Англия Премьер-лигасининг биринчи қисмида юз берган инқироздан чиқиш учун таркибни янгилаш вариантини танлаган эди. Ана шу мақсадда клуб қишда тезкор трансферларга қўл урди.
Қисқа фурсатда марказий ҳимоячилар – “Ланс”дан Абдуқодир Ҳусанов ва “Палмейрас”дан Витор Рейс, “Порту”дан ярим ҳимоячи Нико Гонсалес ҳамда “Айнтрахт”дан ҳужумчи Умар Мармуш олиб келинди.
Бу тўрт трансфер учун “шаҳарликлар” 200 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлади. Янги ижрочилардан уч нафари – Ҳусанов, Гонсалес ва Мармуш дарров асосий таркибдан жой олди. Жамоанинг натижалари кескин яхшилаша бошлади. Натижада “Манчестер Сити” мавсумни учинчи ўринда якунлаб, Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритди.
Таъкидлаш жоизки, манчестерликлар Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов учун Франциянинг “Ланс” клубига 40 миллион евро миқдорида бадал пули ва яна 10 миллион евро бонус тўлаши келишилган эди.
Кўпчиликни ҳайрон қолдирган вазият шу бўлдики, дарров асосий таркибдан жой олиб, Англия Премьер-лигаси, мамлакат кубоги ҳамда Европа Чемпионлар лигасида жами тўққизта учрашувда иштирок этган ва “Манчестер Сити”нинг февраль ойида энг яхши футболчиси, деб топилган Абдуқодир Ҳусанов бирданига захирага михлаб қўйилди.
Мана чемпионат якунланганидан кейин Хосеп Гвардиоланинг бу қарори сабаблари ойдинлаша бошлади. Хусусан, “Манчестер Сити” фаолиятини ёритаётган cityxtra.co.uk портали ўзбек футболчисининг асосий таркибдан олиниши унинг ўйин сифатларига боғлиқ эмаслигини, балки ортиқча харажатлардан қочиш усули бўлганлигини таъкидламоқда.
- “Манчестер Сити” Абдуқодир Ҳусанов трансфери бўйича “Ланс”га қўшимча беш миллион евро тўламайдиган бўлди. Чунки ўзбек футболчиси келишув бўйича мавсумнинг иккинчи ярмига мўлжалланган банд талабларини бажара олмади.
Ёш ҳимоячи жамоа ўйинидаги пасайишларни тўхтатиш мақсадида қишда олиб келинган тўрт футболчидан бири эди. Жамоада, айниқса, ҳимоячилар ўртасида жароҳатланганларнинг кўпайиб кетгани Хосеп Гвардиола ва клуб раҳбариятини ёзга мўлжалланган трансферларни анча эрта, яъни қишда амалга оширишга мажбур қилди. Бу жараёнда ҳимоя чизиғига Ҳусанов ва Рейс олиб келинди.
Абдуқодир “Манчестер Сити” талаб қилган юқори даражада ўйнашга мослашгани ва курашга тайёрлиги боис, дарров асосий таркибга киритилди. Гарчи “Челси” билан бўлган дебют учрашувида хато қилган бўлса-да, кейинчалик “Реал”, “Тоттенхэм”, “Ньюкасл”, “Ливерпуль”га қарши намунали ўйин кўрсатди.
Аммо Англия кубоги доирасида “Борнмут”га қарши учрашув танаффусида захирага олинган ўзбек футболчисини Хосев Гвардиола кейинчалик мавсум охиригача майдонга туширмади. Энди маълум бўлишича, Ҳусановга ўнта ва ундан кўп беллашувда қатнашиш имкони берилмагани молиявий сабабларга боғлиқ экани ойдинлашди, - деб ёзмоқда cityxtra.co.uk портали эксперти Фредди Пай.
Ушбу портал инсайд хабарларга таянган ҳолда “Манчестер Сити” ва “Ланс” ўртасидаги музокараларда Ҳусанов мавсумнинг иккинчи ярмида ўнта учрашувда қатнашса, қўшимча бонус тўланиши ҳақида келишув бўлганини аниқлади.
Ўзбек футболчиси иштирок этган учрашувлар тўққизтани ташкил қилгани боис, “шаҳарликлар” лансликларга қўшимча беш миллион евро тўламайдиган бўляпти.
- Мавсум охирига келиб, Хосеп Гвардиола Абдуқодир Ҳусановнинг хизматидан фойдаланмай қўйгани ўзбек футболчисининг “Манчестер Сити”даги келажаги қандай бўлиши ҳақида кўпчиликни ўйлантириб қўйганди. Айни пайтда эса, марказий ҳимоячи фаолиятининг истиқболи “Этихад” аренага мустаҳкам боғлангани ойдинлашди.
Ёзда клуб марказий ҳимояга бошқа ўйинчи олмайди, балки якунланган мавсумда жароҳатлар туфайли муаммога дуч келган Жон Стоунз ва Натан Аке каби ёши катта ҳимоячиларнинг клубжаги келажагини яна бир бор ўйлаб кўришни мақсадга мувофиқ ҳисобламоқда, - деб вазиятга ойдинлик киритди cityxtra.co.uk портали эксперти Фредди Пай.
Комментарии