Моуриньо Шомуродовни чемпион қилмоқчи, Абрахам эса Элдорга “нон" бермоқчи эмас!
Sports.uz портали Элдор Шомуродов ўйнаётган Жозе Моуриньо бошқарувидаги “Рома” жамоасига оид хабар, янгилик ва маълумотларни ўзбекистонлик футбол мухлислари эътиборига ҳавола қилишда давом этади.
Моуриньо “Рома”даги мақсадини ошкор қилди
Жозе Моуриньо “Рома” бош мураббийи сифатида олдига турган вазифалари ва мақсади нимадан иборат эканини ошкор қилди.
- “Рома”га муҳаббат совринлар билан чекланиб қолмайди. Мураббийлик фаолиятини тўхтатганимдан кейин совринларни санаб чиқаман. Ҳозир эса, навбатдаги учрашув ҳақида бош қотираман холос. Ҳозир ўзимни 10-20 йил олдингидан кучлироқ мураббий, деб биламан.
Мен клубга барча совринларни тортиқ қилган бўлардим, чунки “Рома” учун бу жуда муҳим ва мухлисларга ҳам иштиёқ бағишлайди. Римда “Рома”ни қанчалар севишларини дарров англаганман. Бунақа муҳаббат қонда бўлади.
Ҳозир жамоага катта ғалабалар етишмаяпти. Биз энг юқори мақсадлар учун курашадиган жамоа тузяпмиз. Агар менинг давримда совринлар қўлга киритилса, ажойиб иш бўларди, - деди Жозе Моуриньо.
Жозе Моуриньо Рим клуби раҳбарияти амалга ошираётган лойиҳа доирасида Элдор Шомуродовни “Женоа”дан “Рома”га трансфер қилди. Кейинроқ, “Челси” ҳужумчиси Тэмми Абрахам олинди. Ҳозир римликлар жамоа етакчилари билан шартномаларни узайтирмоқда ва “Рома”ни чемпион жамоага айлантириш учун узоқ муддатли лойиҳани давом эттиряпти.
Абрахам: Кимлигимни кўрсатиб қўяман!
Бир йиллик танаффусдан сўнг, Англия терма жамоасига чақиртирилган Тэмми Абрахам Guardian нашрига интервью бериб, турли масалалар бўйича фикрини билдирди.
- “Челси”даги сўнгги даврим мураккаб бўлди. Мени нега ўйнатишмаётганини тушунмасдим. Мен мунтазам гол ураётган эдим. Янги мураббий келиши билан вазият ўзгарди. Футболчи ҳар доим энг юқори даражасини ушлаб туролмайди. Баъзан пасайишлар бўлади ва бу мени ғалабаларга чанқоқ ҳолга олиб келди. Ўзимга ўзим ҳисоб берадиган пайт келганди. Машғулотларда фақат ўзим учун машқ қиладиган бўлиб қолдим. Энг зўр бўлиш учун ўз устимда ишладим. Бундай вазиятда бош кўтариш, ғазабини кўрсатиш ва ўзини ёмон тутиш осон. Мен бошқача қарорга келдим.
Энг оддий ечим “Челси” захирасида ўтириш эди. Лекин мен Лондондан кетиб, нималарга қодирлигимни кўрсатишга қарор қилдим. Албатта, бегона мамлакатга боришдан олдин ҳаяжонландим. Буни амалга ошириш учун шижоат керак. Англиялик ёш футболчиларга шу йўлдан боришни маслаҳат бераман. Чўчиш керак эмас. Қийинчиликка кўникяпман. Мен “Рома”га кимлигимни кўрсатиб қўйиш учун келганман, - деди Тэмми Абрахам.
Дарҳақиқат, Тэмми Абрахам асосан бир ҳужумчи билан ўйнайдиган Жозе Моуриньо жамоасида биринчи рақамли форвард ҳисобланади. Унинг асосий рақобатчиси эса Элдор Шомуродов. Статистик маълумотлар англиялик футболчининг устунлигини кўрсатмоқда. Кучли ҳужумчи билан рақобат Шомуродовга ривожланиш имконини беради. Зеро, Элдор “Женоа”да ҳам кучли рақобатчилар орасида ўз ҳақини ажратиб ололганини яхши биламиз. “Рома”да ҳам шундай бўлишига ишониб қоламиз.
Калафьори: Кучайиб бораётганимни сезяпман
Риккардо Калафьори “Рома”даги муваффақиятли ўйинлари орқали Италия ёшлар терма жамоасига ҳам жалю қилинмоқда. Футболчи Жозе Моуриньо қўл остида кучайиб бораётганини алоҳида тилга олди.
- Бу профессионал футболдаги иккинчи мавсумим. 19 ёшимда Жозе Моуриньодек мураббий қўл остида ўйнашнинг ўзи катта ютуқ. У ҳар доим сени яхшироқ ўйнашга даъват қилади. Психологик томондан керакли сўзларни топа олади. Яхши ўйнасанг, мақтайди. Хато қилсанг, камчиликларингни адолатли тарзда кўрсатиб беради. Мен ўйинчи сифатида ўсиб боряпман. Моуриньо ҳақиқатан энг зўр мураббийлардан.
Мен “Рома” учун узоқ муддат ўйнашни истайман. Бу болаликдаги орзум, - деди Риккардо Калафьори.
Фикрлар