Ўруновнинг дебюти ўхшадими? (фото)
Россия премьер-лигасининг олтинчи турида Москванинг “Спартак” клуби ўз майдонида “Арсенал”ни қабул қилди. Ушбу учрашув икки жиҳатдан аҳамиятли бўлди. “Спартак” 2:1 ҳисобидаги иродали ғалаба эвазига биринчи ўринга кўтарилди. Иккинчи жиҳати, анча интиқ кутилган дебютни кўрдик. Остон Ўрунов майдонга тушди.
Тўғриси, мураббийлар штабининг Остон Ўруновга имконият беришини тақдир тақозоси, дейиш мумкин. Унинг позициясига ўйиннинг 57-дақиқасида голландиялик Гус Тиль туширилган эди. Лекин орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, футболчи жиддий жароҳат олди ва учрашувни давом эттира олмади. Мураббийлар вазиятдан фойдаланиб, баҳсда Остонни синаб олиш учун ўзбек футболчисини 69-дақиқада ўйинга қўшди.
- Ўйин давомида асабийлашганим йўқ. Дебютимдан ўзимда яхши таассурот қолди. Бош мураббий менга ўз ўйинимни намойиш этишимни, тўпни олиб, рақибларни алдаб, олдинга интилишимни тайинлади. Буни эплай олдимми? Тўғриси, билмадим. Жамоадошларим менга тўп узатмади, деган ҳиссиётга борганим йўқ, - деди Остон Ўрунов учрашувдан сўнг журналистлар билан бўлган мулоқотда.
Жамоа бош мураббийи Доменико Тедеско ҳам 19 ёшли ўзбек легионерининг ўйинидан қониққанини айтди.
- Остон жамоамиздаги фаолиятини яхши бошлади. Озгина ҳаяжони сезилди. Муҳим учрашувда, катта клубда, маҳобатли стадиондаги биринчи ўйинда шундай бўлиши табиий ҳол. Бошида бир-икки марта тўпни йўқотди. Лекин кейин ўзини ўнглаб олди ва яхши ўйнади. У ёш футболчи, бизнинг ўйин услубимиз ва тактикамизга мослашиб олиши керак. Биз унга албатта вақт берамиз. Ҳеч ким унга босим ўтказмайди. Бирга ишлаймиз. Умид қиламанки, ҳаммаси яхши бўлади, - деди Тедеско.
Журналистлар Остон Ўруновни “Спартак” жамоасига таклиф қилган клуб бош директори Шамиль Газизовнинг ҳам дебют бўйича фикрини сўради.
- Остон бошида ҳаяжонланди. Кейин нималарга қодирлигидан бир қисмини намойиш этди, холос. Яқинда у мухлислар ёқимтойига айланади ва ўз ўйини билан уларни хурсанд қилади, - деди Шамиль Газизов.
Ўйин таҳлили билан шуғулланувчи мутахассислар ҳам Ўруновнинг дебюти муаффақиятли бўлганини таъкидламоқда. Учрашувда жами 25 дақиқа ҳаракат қилган ҳамюртимиз майдоннинг рақиб томонида ишончли ҳаракат қилди, дриблингларини муваффақиятли амалга оширди ва тўп узатишларда бирор марта хато қилмади. У тўпни ўз жамоадошларига 15 марта оширди ва уларнинг ҳаммаси мўлжалга аниқ етиб борди. Мутахассислар Остон ўйин давомида бир марта рақибга яккакурашда имкониятни бой берганини ҳам назардан қочирмади.
Умуман олганда, Остон Ўруновнинг дебютидан клуб раҳбарияти, бош мураббий, мухлислар ва энг асосийси ўзининг кўнгли тўлди. Буёғига бундан-да, зўр ўйинларни кутиб қоламиз.
Фикрлар