Ўруновнинг ёши “урилган”ми? Ўзбекистонлик мураббийлар Юранга нималар деганди? Футболчида қандай далиллар бор? - Остон барчаси ҳақида очиқ-ойдин гапирди

Россия футболига қадам қўйганидан бери шов-шувларга сабаб бўлган Остон Ўрунов 2020 йилнинг декабрь ойида яна футбол жамоатчилиги эътиборига тушганди.

Яқин ўтмишнинг таниқли футболчиси Сергей Юран “СКА-Хабаровск” жамоасини бошқараётган пайт “Спартак” жамоаси трансферларига муносабат билдириб, Остон Ўруновнинг ёши 4-5 йилга кичрайтирилганини иддао қилганди. Сергей Юраннинг билдиришича, бу гапни унга Ўзбекистондаги мураббийлар айтган экан.

- Бизда футболчиларнинг ёши беш йилга, ҳатто 10 ёшгача кичрайтирилади. Кокорин масаласи ҳамон тушунарсиз бўлиб қолмоқда. “Уфа”дан футболчи олинди. Ёш ўйинчи, дейишмоқда Лекин у аслида ҳозиргидан 4-5 ёш катта эканини ҳамма билади. Бу сир эмас. Ҳатто “Спартак” раҳбарияти ҳам ҳайрон бўлганди.

Буни битта одам айтмаган. Ўзбекистонда таниш мураббийлар бор. Биз ўзаро мулоқот қилиб турамиз. Эҳтимол, улар кўп нарсани билар. Шу билан бирга айтиш мумкинки, мен аниқ бир рақамни айтмадим: 5 ёки 10 ёш катта, деб. Мен шунчаки футбол оламида шундай гап бор, аммо улар 100 фоиз, дея олмайман.

Ўрунов "Спартак"га ўтганида, менга қўнғироқ қилиб, "Эшит, у 19 ёшда эмас. Бу Ўзбекистонга маълум, деб айтишган. Мен аниқлик киритдим: "Нима, ёши каттами?". Улар "Ҳа, бироз каттароқ”, - деди Сергей Юран.

photo_2020-12-17_20-03-26

Албатта, футбол оламида машҳур бўлган мутахассиснинг фикри беэътибор қолгани йўқ. “Спартак”, “Уфа” клублари бунга расмий муносабатини билдириб, Юрандан айтган гапларининг исботини талаб қилганда. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам жиддий муносабат билдирган. Якунда Сергей Юран фикрини исботлаб бера олмаганди.

Яқиндагина Остон Ўруновнинг ўзи бу баҳс-мунозаралар охири нима билан тугагани ҳақида айтиб берди. Футболчи SPORT.Suz сайтининг ютубдаги саҳифасида “Гапираман” лойиҳасининг меҳмони бўлди ва бунга аниқлик киритди.

- Бу хабарни эшитганимда, олдимда яқинларим бор эди ва ортиқча эътибор бермасдан кулгандим. Кейин ёлғон хабардан ўртоқларимнинг жаҳли чиқди.

Биз у инсонга буни исботлаб беришини айтганмиз. Мураббийларим, ўқитувчиларимиз, ЎФА баёнот берган. Менда ҳамма ҳужжатлар бор, қачон, қаерда нима бўлгани борасида. Балки Сергей Юран аниқ айнан менинг ёшим кичрайтирилганини айтмагандир. Унга ўзимизнинг мураббийлардан кимдир гапирган ва унинг оғзидан чиқиб кетган бўлиши мумкин. Мен Сергей Юрандан ҳафа бўлмадим, эътибор ҳам қилмадим.

ElqsClWX0AI16KJ

Ёш борасида кўпчилик ташқи кўринишимга қараб гапириши мумкин. Менимча, бу ўйиндан келиб чиқиб айтилади. Агар яхши ҳаракат қилсангиз шундай фикрлар янграйди. Масалан, мендан кўриниши анча катта футболчилар бор. Лекин уларнинг савияси унчалик юқори бўлмагани учун гапиришмайди.

Сергей Юран ёшим кичрайтирилганини исботлаб бера олмади. Мен бундай гапларга ҳафа бўлиб юрмайман. Менинг агентларим бор ва улар гаплашиб олишган. Бундай нарсаларга аралашиб ўтирмаганман, - деди Остон Ўрунов.

Остон Ўрунов 2000 йилнинг 19 декабрь куни Навоийда туғилган. “Пахтакор” футбол клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Истеъдодли ярим ҳимоячи профессионал футболчи сифатида “Навбаҳор”да шаклланган. 2017 йилда “Пахтакор”дан “Навбаҳор”га ўтган Остон ўша йили 16 сентябрда Ўзбекистон миллий чемпионатидаги дебют учрашувини “Металлург” жамоасига қарши ўйинда нишонлаган.

Ёш футболчи расмий учрашувлардаги биринчи голини 2017 йилнинг 19 ноябрь куни “Навбаҳор”нинг АГМКга қарши ўйинида киритган эди.

Остон "Навбаҳор”да икки йил тўп тепиб, жами 51 ўйинда рақиблар дарвозасини уч марта аниқ нишонга олди. У 2018 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилди.

Ўрунов 2019 йилнинг июль ойида Тошкентнинг “Локомотив” жамоасига ўтди. Пойтахтликлар сафида 13 ўйинда қатнашган футболчи ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйди.

Суперлигадаги ишончли ўйинлари туфайли мутахассислар эътиборига тушган Остон Ўрунов 2020 йилнинг февраль ойида легионерга айланди. “Уфа” таркибида Россия премьер-лигасида ўзини кўрсата олган 19 ёшли Остон уфаликлар жамоасида ҳам узоқ ушланиб қолмади.

Россия футболининг энг машҳур жамоаси “Спартак” уни ёзги трансферлар вақтида 1,5 миллион евро эвазига трансфер қилганди. Аммо жамоада ўз ўрнини топиб кета олмагач, “Уфа”га ижарага берилди ва яқиндагина москваликлар сафига қайтди.

 

Бекзод ИСАЕВ тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!