Ўзбек футболчиси Чемпионлар лигаси ғолибидан таклиф олди

  • 29 январь, 09:39
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

Уч мавсум давомида Қозоғистон Премьер-лигасида “Ордабаси” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келган ва ушбу жамоа сафида мамлакат чемпионлиги ва кубогига сазовор бўлган Шаҳбоз Умаров фаолиятини бошқа лигада давом эттириш имконига эга бўлди.

25 ёшли футболчимизнинг Чимкент клуби билан шартномаси 31 декабрь куни якунланган эди. Шаҳбоз “Ордабаси”дан кетиб, қишки ўқув-машғулотларни ўташ учун Қозоғистоннинг бошқа клуби – “Турон” сафига қўшилди.

Туркистонликларнинг Туркияда ташкил этилган йиғинида иштирок этаётган Умаров жиддий клубдан таклиф олди.

Бир неча манбаларнинг маълум қилишича, Бирлашган Араб Амирликларининг кучли клубларидан “Ан-Айн” ўзбекистонлик ҳужумкор футболчини ўз сафига қўшиб олмоқчи.

Экспертлар агар томонлар ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувга эришса, Бирлашган Араб Амирликлари чемпионати Шаҳбоз Умаров фаолиятида янги босқич бўлишини таъкидламоқда.

Шаҳбоз Умаров аслида “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Лекин пойтахтликлар асосий таркибига кира олмаганидан кейин фаолиятини Олмалиқда давом эттирган.  Икки йил ОТМК жамоаси шарафини ҳимоя қилган Умаров бу жамоа сафида Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлди.

2020 йилнинг ёзида истеъдодли футболчи легионерга айланди. Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасида бир йил тўп тепганидан кейин уни ушбу мамлакатнинг етакчи жамоаси – БАТЭ ўз сафига қўшиб олди.

Майдонда бир неча позицияда ўйнай оладиган Шаҳбознинг Борисов шаҳри жамоасидаги дебют мавсумида жуда самарали ўйин кўрсатди. Бироқ кейинги мавсум олдидан иши орқага кетди. Бош мураббий билан уришиб қолган ҳамюртимизни мураббийлар штаби ярим йил давомида майдонга туширмади.

БАТЭ раҳбариятимураккаб вазиятни юмшатиш мақсадида легионеримизни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан Қозоғистоннинг “Ордабаси” жамоасига ярим йилга ижарага берди.

Ўзбек легионери Беларусни қуруқ тарк этгани йўқ. БАТЭ сафида мамлакат кубогини қўлга киритди. 

Умаров қўшни давлат чемпионатига кўчиб ўтганидан кейин ўз иқтидорини намойиш қила олди ва чимкентликларнинг асосий ўйинчисига айланди. “Ордабаси” ўзбек футболчисининг трансферини тўлиқ сотиб олди.

Ҳужумкор футболчимизнинг профессионал фаолиятига назар солсак, у ОТМКда 20 та учрашувда битта ассист қайд этган. Беларуснинг икки клуби – “Энергетик-БГУ”да 31 та ўйинда тўртта гол, учта ассист, БАТЭда 36 та беллашувда олтита тўп киритиб, тўққизта голли пас узатди.

Умаровнинг “Ордабаси”даги ҳаракатлари мухлису мутахассисларга манзур бўлди. Жами 77 та баҳсда иштирок этган ҳамюртимиз еттидан гол ва ассист муаллифи бўлди.

Таъкидлаш жоизки, Шаҳбоз Умаровга олишга ҳаракат қилаётган “Ал-Айн” Бирлашган Араб Амирликлари Про-лигасида юқори ўринлар учун курашмоқда. Бу жамоа 2024 йили Осиё Чемпионлар лигаси ғолиби ҳисобланади.

БАА чемпионатида ўзбекистонлик икки нафар футболчи тўп тепмоқда. Азиз Ғаниев  “Ал-Батаих” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган бўлса, Ҳожимат Эркинов “Ал-Ваҳда” жамоаси ўйинчиси ҳисобланади.

Ҳужумкор легионеримиз Премьер-лигадан янги жамоа топди

Файзуллаев Испанияда порлайди!

Шомуродов Германияда ўйнайди!

Белоус: “Ўзбеклар Англия ва Италияда ўйнаяпти, Қозоғистонда бунақаси кўринмайди!”
Ҳусановнинг устози катта ваъда берворди!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!