
Ўзбек футболидан чиққан янги истеъдод Ҳусанов даражасига кўтарилади!
Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов профессионал футболчилик фаолиятида қисқа муддатда “топ-5” лигаларидан иккитасини забт этгани кўплаб истеъдодли ёшлар учун яхшигина мотивация бўлди.
Дарҳақиқат, 2022 йили Беларуснинг “Энергетик-БГУ” клуби билан биринчи расмий профессионал шартномасини имзолаган ўзбек футболчиси 2023 йилнинг ёзида Франциянинг ўша пайтдаги вице-чемпиони “Ланс”га кўчиб ўтди.
Франия футболидаги биринчи ўзбекистонлик чарм тўп устаси сифатида тарихда ном қолдирган Абдуқодир Ҳусанов бир ярим мавсум давомида “Манчестер Сити”дек қудратли клубда ўйнайдиган даражага етди.
Ҳар ҳолда 21 ёшли футболчининг Англиядаги фаолияти жуда муваффақиятли бошланди. Ҳусанов февраль ойида “Манчестер Сити”нинг энг яхши ўйинчиси, деб топилгани юқоридаги фикрни исботлайди.
Ҳусановнинг сансацион трансферидан кейин жаҳон футболида ўзбекистонлик ўйинчиларга янада жиддий эътибор қарата бошлашди. Кейинги пайтда яна бир истеъдодли футболчи Беҳруз Асқаровнинг номи кўп тилга олинмоқда.
22 ёшли футболчи аслида “Пахтакор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Беҳруз “шерлар” сафида Ўзбекистон Суперлигаси, мамлакат кубоги, Осиё Чемпионлар лигаси мусобақаларида жами 39 та учрашувда иштирок этиб, биттадан гол ва ассист муаллифи бўлди.
Беҳруз Асқаров 2025 йилги мавсумни легионер сифатида ўтказишга қарор қилди ва ижара асосида Қозоғистон Премьер-лигасида иштирок этаётган “Турон” клубига кўчиб ўтди. Туркистон вилояти жамоасида Асқарордан ташқари Шаҳбоз Умаров, Одилжон Абдумажидов ва Хуршид Мухторов каби ўзбек футбол мактаби тарбияланувчилари ҳам тўп тепмоқда.
Универсал футболчи ҳисобланган Беҳрузга “Пахтакор”да 39 та учрашувда қайд этган натижаларини такрорлаш учун “Турон”даги дастлабки тўртта учрашув кифоя қилди. Асқаров гарчи бу баҳсларда тўлиқ ўйнамаган бўлса-да, легионери сифатида голлар ва ассистлар ҳисобини очди. Қозоғистон кубоги доирасидаги беллашувда “Турон” сафида бешинчи ўйинчини ўтказган Асқаров ўз статистикасига яна битта ассист ёздириб қўйди.
Экспертларнинг таъкидлашича, Асқаров учун Қозоғистон чемпионати трамплин вазифасини ўтайди. Европанинг “топ-5” лигаларидан иккитасида ўзини кўрсатиб улгурган Абдуқодир Ҳусанов учун Қозоғистон Премьер-лигасидан кучли бўлмаган Беларусь олий лигаси ҳудди шу вазифани бажариб берган эди.
Ёш футболчининг фаолиятини тўғри ташкил қилиш ва ривожлантиришда халқаро миқёсдаги ўйинлар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Абдуқодир Ҳусанов 2023 йили Ўзбекистон мезбонлик қилган 20 ёшгача бўлган фуболчилар иштирокидаги Осиё кубоги ва шу йилнинг ўзида Аргентина бўлиб ўтган ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатидаги ўйинлари орқали хориж клублари скаутлари эътиборини қозонган.
Бу борада Беҳруз Асқаров ҳам бой тажриба тўпламоқда. У Ўзбекистон U-19 терма жамоасида тўртта учрашув ўтказган. Ўзбекистон U-20 терма жамоаси сафида Осиё ва жаҳон чемпионатларида каби мусобақаларда 14 маротаба майдонга тушган.
Яна бир эътиборли жиҳати, Беҳруз Асқаров бир неча позицияда ўйнай оладиган универсал футболчилар тоифасига киради. Асосий позиция марказий ярим ҳимоячи бўлган Асқаров ҳимоя марказида, таянч зонада, ўнг қанот ярим ҳимоясида ва ҳужум чизиғида муваффақиятли шйнай олади.
Таъкидлаш жоизки, Беҳруз Асқаровни ҳам Абдуқодир Ҳусановга футболдаги фаолиятида ёрдам бериб келаётган Улуғбек Асанбоев ўз қарамоғига олган. Бу мутахассисда ўйинчиларни кучли лигага тайёрлаш бўйича муайян тажриба бор.
Беҳрузнинг футболчи сифатида устун томонлари кўп. Жумладан, чапақай футболчи кутилмаган ҳаракатларни амалга ошира олади, техникаси кучли, босим остида қолган тақдирда ҳам хотиржам ўз ишини бажаради ва майдонни жуда яхши кўра олади ва ўйинни яхши ўқийди.
Асқаров ўз олдига ҳудди Абдуқодир Ҳусановдек юқори даражага чиқиш ва 2026 йилги жаҳон чемпионатига чиқишга яқин турган Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафидан муқим жой олишни мақсад қилиб қўйган.
Раньери Шомуродовни нега бошланғич таркибда ўйнатмаётгани сабабини айтди!
“Зидан финти”ни қўллаган Шомуродовнинг ўйини қандай баҳолади?
“Манчестер Сити” Ҳусанов орқали янги бизнесни йўлга қўйди!
Ҳусановнинг дўстини маҳалладан кўчириб юборишди
Бугун ўйин: Гвардиола Ҳусановни майдонга туширадими?
Шомуродов худбин эмас! Раньери Элдор ҳақида яна қандай фикр билдирди?
Фикрлар