Ўзбек легионерларининг қадри ўтяпти
Ўтган йилдан бери ўзбекистонлик футбол мухлислари Беларусь чемпионатининг олий лига баҳсларини алоҳида эътибор билан томоша қилиб келмоқда. Бунга ўтган мавсумда Жасур Яхшибоев, Шаҳбоз Умаров ва иккинчи даврадан Ҳумоюнмирзо Иминов каби легионерларимиз Беларусь чемпионатида муносиб тўп тепгани сабаб эканини яхши биласиз. “Энергетик-БГУ” жамоаси орқали Европа қитъасидаги чемпионатга кириб келган бу футболчиларимизнинг йўли очилиб кетгани ҳам рост.
“Шахтёр”га ўтиб, мамлакат чемпионлигини қўлга киритган Жасур Яхшибоев куни кеча Польша чемпионатида чемпион жамоа – “Легия” сафида дебютини нишонлади. Унинг солигорскликлар таркибидаги ўрнини бу йилдан эътиборан, Шаҳзод Убайдуллаев эгаллагани ҳамюртларимизнинг бу жамоага мухлис қилишда давом этишини таъминлади.
Шаҳбоз Умаров “Энергетик-БГУ”дан чемпионлик учун курашадиган қудратли жамоа – БАТЭ сафига таклиф этилди. Ҳозир Шаҳбоз борисовликларнинг етакчиларидан ҳисобланади. Ҳумоюнмирзо Иминов эса катта тажриба билан юртимизга қайтди ва ўзбек футболида ҳам ўз ўрнини топишга интилмоқда.
Беларуслик мутахассислар ушбу мамлакат футболига Жасур ва Шаҳбоз сингари легионерни кашф этиб берган “Энергетик-БГУ”га ана шу ўзбек фтуболчиларининг қадри ўтаётганини таъкидламоқда. Бунга минсклик талабаларни жорий чемпионатни муваффақиятсиз бошлагани сабаб бўлди. “Энергетик-БГУ” еттита ўйиндан биттасида ғалаба қозонди ва икки марта дуранг ўйнади, қолганларида мағлубиятини тан олди ва мусобақа жадвалида беш очко билан 12-поғонага тушиб қолди. Ўтган йили эса, улар май ойига келиб, 12 очко билан тўртинчи ўринда эди. Ўшанда дастлабки саккизта турдаги бешта ғалабага Жасур Яхшибоев олтита голи билан муносиб ҳисса қўшганди.
- Ўтган мавсумда “Энергетик-БГУ” муваффақиятини Шаҳбоз Умаров (4 та гол + 3 та голли пас) ва “Шахтёр”га ўтгунича Жасур Яхшибоев (9 та гол + 3 голли пас), шунингдек, черногориялик Душан Бакич (8 та гол + 5 голли пас) таъминлаган эди. Ҳозир бу уч футболчининг қадри ўтяпти. Умаров БАТЭ сафида порлай бошлади. Яхшибоев Польшада дебют қилди, Бакич эса “Динамо-Минск” захирасида ўтирибди. Уларнинг ўрнига таклиф қилинган ўйинчилар ҳали ўзини кўрсата олгани йўқ, - деб ёзмоқда by.tribuna.com сайти экспертлари.
Бу йил Беларусь футболида икки вакилимиз – Шаҳбоз Умаров ва Шаҳзод Убайдуллаев жавлон ураётганини юқорида айтдик. Улар ўйнаётган “Шахтёр” ва БАТЭ жамоаларининг чемпионатдаги ишлари беш.
Чемпионлик унвонини муносиб ҳимоя қилаётган “Шахтёр” кетма-кет еттита учрашувда зафар қучган ягона жамоа сифатида пешқадамлик қилмоқда. Адолат юзасидан Шаҳзод Убайдуллаев асосий таркибга киришга қийналаётганини айтиш жоиз. У учта учрашувда қатнашиб, бир марта пенальти ишлади холос.
Беларусь футболига мослашган Шаҳбоз Умаров эса БАТЭда ҳам ўзини кўрсата бошлади. Ҳамюртимиз еттита учрашувда учта гол урди. Борисовликлар бешта ғалаба ва иккита дуранг билан иккинчи ўринда бормоқда.
Олий лиганинг саккизинчи турида ҳар икки легионеримиз жамоалари ўзаро тўқнаш келади. Марказий учрашувга 9 май куни Солигорск шаҳри мезбонлик қилади. Ўйин Тошкент вақти билан 22:30 да бошланади.
Бундан ташқари, Шаҳбоз Умаров 23 май куни Беларусь кубогининг финалида иштирок этади. БАТЭ шу куни Гомель шаҳридаги "Марказий" стадионидаги ҳал қилувчи баҳсда “Ислочь” билан куч синашади.
Фикрлар