“Рома”да ўйнолмаган ҳужумчи “Реал”ни орзу қилмоқда
Аслида “Реал” тарбияланувчиси бўлган Борха Майораль жорий мавсум якунигача “Рома”га ижарага берилган эди.
Ўтган йили римликларнинг асосий тўпурарларидан бўлган испан ҳужумчиси жамоани Жозе Моуриньо қабул қилиб олганидан кейин асосий таркибдаги жойини йўқотди. Аниқроқ айтганда, 25 ёшли ўйинчи ички рақобатда Тэмми Абрахам ва Элдор Шомуродовга имкониятни бой берди.
Натижада Рим клуби қишда уни “Хетафе”га ижарага жўнатди. Испания чемпионатида 11 та учрашувда тўртта гол урган ҳужумчи аслида “Реал” сафида ўйнашни орзу қилаётганини яширмади.
- “Реал” деган поезд ҳали кетиб қолгани йўқ. Мадридликлар билан шартномам яна бир йил давом этади. Юқори савияда ўзимни кўрсата олдим. Кўп орзуларим амалга ошди. Лекин ҳали мақсадларим жуда кўп.
Нималарга қодирлигимни исботлаш учун олдинда вақт етарли. Энг асосий мақсадларимдан бири “Реал” асосий таркибида ўйнай. Баъзан клуб мени ижарага жўнатаётганидан жаҳлим чиқарди. Лекин клубга ҳам ҳар доим қандайдир музокаралар ўтказиш осон эмас экан, - деди Борха Майораль.
Моуриньо “Манчестер Юнайтед” юлдузини чақиряпти
“Манчестер Юнайтед” раҳбарияти ёзда шартномаси тугайдиган олти нафар ўйинчи билан хайрлашишга тайёрлиги ҳақида хабарлар тарқатилди. Бу рўйхатда тажрибали ярим ҳимоячи Жесси Лингард ҳам бор.
Лингард Манчестердан кетгани билан ишсиз қолмаслиги аниқ. Унга премьер-лиганинг ўзидан “Вест Хэм” ва “Ньюкасл” жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Бундан ташқари, моҳир ўйинчи олдида Италия варианти турибди. А Серия грандлари – “Милан”, “Ювентус” ва “Рома” Лингардни ўз сафига қўшиб олишга тайёр.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, англиялик футболчига “Рома” варианти энг мақбул ҳисобланади. Жессига “бўрилар”нинг устози Жозе Моуриньо шахсан қизиқмоқда. Жесси ҳозирги жамоасида Моуриньо қўл остида тўп тепган.
Қолаверса, бир неча мавсум олдин худди Жесси Лингард сингари “Манчестер Юнайтед”га керак бўлмай қолган Крис Смоллинг ҳозир “Рома”да иккинчи ёшлигини ўтказяпти.
29 ёшли Лингард асосан майдон марказида ҳужумчи ортида ўйнайди. Бундан ташқари, чап ва ўнг қанот ярим ҳимоячиси сифатида ҳам самарали ҳаракат қила олади. Унинг трансфер суммаси 20 миллион атрофида баҳоланаётган бўлса-да, ўзи борадиган клубга эркин агент сифатида текинга қўшилади.
Лингард жорий мавсумда барча турнирларда 19 маротаба майдонга тушиб, иккита гол ва битта ассист муаллифи бўлди.
Қаҳрамонлар нима дейди?
А Сериянинг 32-турида Карлес Перес ва Крис Смоллинг киритган голлар “Рома”га “Салернитана” устидан муҳим ғалабани келтирди. Учрашувдан сўнг, ўйин қаҳрамонлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Крис Смоллинг:
Уч очко олишимиз керак эди. Биз ҳисобда ортда бориб, таслим бўлмадик ва иккинчи бўлимда мақсадимизга эришдик. Ўтган йили “Рома”нинг тўлақонли аъзосига айланганимдан кейин оғир жароҳат олгандим. Ҳозир ҳаммаси жойида ва бош мураббий ихтиёридаман.
Олдинда “Будё-Глимт”га қарши жуда муҳим учрашув кутиб турибди. Жуда қийин ўйин бўлади. Мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлаб туриши ва ёрдамига муҳтожмиз.
Карлес Перес:
Бу ўйин жуда қийин ўтишини сезгандик. Бундай вазиятда нима қилишни ҳам биламиз. Ғалаба қозондик ва чемпионатда жуда муҳим бўлган уч очкони олдик.
Мураббий мени майдонга туширганида қўлимдан келганича ўзимни кўрсатишга ва жамоага фойда келтиришга ҳаракат қиламан.
Бугун ажойиб гол урдим. Анчадан бери тўп кирита олмаётган эдим. Мухлислар сизнинг номингизни баралла айтганда ҳиссиётлар жунбушга келади. Улар бизга катта ёрдам бермоқда. Олдинда “Будё-Глимт”га қарши қийин учрашув бор. Бироқ биз олдинга интилишни мақсад қилганмиз.
Фикрлар