Санъат Шарипов: Кичкина бир ҳодиса деб Ўзбекистон U-19 термасининг мураббийини ишдан олиш бу олдиндан тайёрланган режага ўхшайди
Хабарингиз бор, бир неча кун олдин Осиё Чемпионати-2020 саралаш баҳсларида Ўзбекистон U-19 терма жамоаси Саудия Арабистони ёшлар термасига қарши баҳс олиб борди. Беллашувдан сўнг ёшларимиз сафида 4 нафар футболчи ҳакам томонидан огоҳлантирилди. Шунингдек, Одилбек Абдумажидов қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Бундан ташқари Ўзбекистон U-19 терма жамоаси бош мураббийи – Отабек Ғуломхўжаев ҳамда унинг ёрдамчиси Дониёр Усмонов ҳам ножоиз хатти-ҳаракатлари сабаб ҳакам томонидан огоҳлантирилди.
Ушбу учрашувни ўрганиб чиққан ОФКнинг Тартиб-интизом ва одоб-аҳлоқ қўмитаси ЎФАга шикоят мактуби йўллаб, учрашув давомида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббийлари ўзини нопрофессионал тарзда тутганликлари ва буни ўрганиб чиқиб, тегишли чоралар кўрилиши зарурлигини маълум қилди. Ушбу ҳолат эса Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборига, мазкур ёш тоифасидаги қитъа чемпионатига мезбонлик қиладиган мамлакат имиджига мусобақа олдидан салбий таъсир ўтказиши эҳтимоли мавжуд.
Натижада ЎФА Отабек Ғуломхўжаев раҳбарлигидаги мураббийлар штабини эгаллаб турган лавозимидан озод этди. Унинг ўрнига Темур Кападзе бош мураббий этиб тайинланди.
Отабек Ғуломхўжаев: Ҳеч кимдан хафагарчилигим йўқ
ЎФАнинг собиқ биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг маслаҳатчиси Санъат Шарипов твиттердаги ўзининг саҳифасида ушбу воқеага ўз муносабатини билдирди.
- Кичкина бир ҳодиса деб Ўзбекистон U-19 термасининг мураббийини ишдан олиш бу олдиндан тайёрланган режага ўхшайди. Ғуломхўжаев болаларни яхши билар ва секин-асталик билан катта мусобақага тайёрланаётган эди. Балким, бу вазиятда ЎФА уни ҳимоя қилгани яхшимиди, - деб ёзди Санъат Шарипов.
Маълумот ўрнида, Санъат Шарипов шу йилнинг июль ойида лавозимини тарк этганди.
Фикрлар