Шомуродов қайси топ-клубга ўтмоқчилигини айтди!
Айни пайтда футболга оид хабарларнинг катта қисмини турли трансферларга оид маълумотлар ташкил этаётган табиий ҳол. Айниқса, кучли бешлик чемпионатларидаги трансферлар кўпчиликнинг эътиборини торта олади.
Трансферлар ҳақидаги янгликларнинг аксарияти охир-оқибат амалда ўз тасдиғини топмаслигини ҳам табиий ҳолат сифатида баҳолаш мумкин. Лекин шунга қарамай, футбол жамоатчилигини трансфер янгиликларидан хабардор қилиб туриш лозим.
Барчамизга маълумки, хориж матбуоти, жумладан ўзбек нашрлари ҳам Элдор Шомуродовга “Ювентус” ва “Рома”дан қизиқиш борлиги ҳақида кўп ёзмоқда. Италия матбуотида Элдор Шомуродовнинг ўзи билан боғлиқ трансфер хабарларига муносабатини эълон қилди.
Sports.uz сайти бу хабарлар ўзбекистонлик футбол ишқибозларини ҳам қизиқтиришини инобатга олиб, уларни эътиборингизга ҳавола қилади.
Хусусан, Италиянинг www.itasportpress.it сайтида қуйидагича мақола чиқди.
“Рома”да Жозе Моуриньо эраси бошланди. Ўзига хос мураббий римликларга ўз ғояларини сингдира бошлади. Янги мавсумга тайёргарлик, албатта, трансфер бозоридан ўтади. Ўтган мавсум “Женоа”да порлаган ўзбек ҳужумчиси Элдор Шомуродовга римликлар қизиқаётгани ҳақида маълумотлар чиқди.
Ўзбек ҳужумчиси бу борада шундай деди:
"Мен ҳеч қачон ўз олдимга бирор чегара қўймайман. Бу йил ўнта гол ура олсам, шундан қониқиш ҳосил қиламан. Мен ҳар бир учрашувда яхши ўйнашга ва мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.
Тўғриси, “Рома” қизиқаётгани ҳақида билмайман. “Ювентус”нинг эътибори яхши ва бу мен бундан хурсандман. Келажакда карьерамни ўша ерда давом эттиришим яхши қадам бўларди.
Анчадан бери мен “Челси” мухлиси эканимни айтиб келаман. Агентимнинг “Челси” хўжайини Роман Абрамович билан алоқаси яхши", - деб Шомуродовдан иқтибос келтирмоқда itasportpress.it сайти.
Хўш, Шомуродовнинг “Ювентус”га трансфери амалга ошиши мумкинми?
Италиянинг яна бир машҳур нашри www.calciomercato.com Турин ва Генуя клубларининг тўғридан тўғри алоқаси борлиги ҳақида маълумот берди.
- Куни кеча “Ювентус” ва “Женоа” мутасаддилари ўртасида учрашув бўлди. Амалга ошиши мумкин бўлган трансферларда “Ювентус” ҳимоячиси Жанлука Фработта масаласи муҳокама қилинди. Унга “Аталанта ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Шунингдек, учрашувларда “Женоа” тарбиялаган ва “Ювентус” харид қилган Николо Ровелланинг яна бир мавсум Генуя клубида қолиши, дарвозабон Маттиа Периннинг “Ювентус”га қайтишни истаётгани муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, “Ювентус” марказий ҳужумчи қидираётгани ва туринликларга агентлар “Женоа”нинг ўзбекистонлик ҳужумчиси Элдор Шомуродовни олишни таклиф этаётгани борасида ҳам гап борди, - деб ёзмоқда calciomercato.com журналисти Никола Балич.
Умуман олганда, хорижлик экспертлар Элдор Шомуродовни тезда Италия футболига мослашиб олгани, катта салоҳиятга эга экани, яна ўсиши учун имконияти катталигини ва ўтган мавсумда А Серияда ўзини ижобий томондан кўрсата олганини алоҳида эътироф этмоқда.
Фикрлар