“Шомуродовнинг асосий таркибдаги жойи кафолатланган!”
Италиялик футбол таҳлилчилари “Рома”дан ўз мамлакатлари терма жамоаларига жалб қилинган ўйинчиларнинг хатти-ҳаракатларини таҳлил қилиб чиқди. ФИФА кунларида Рим клубининг жами 11 нафар футболчиси ўз мамлакатлари миллий ва ёшлар терма жамоаларига чақиртирилди.
Пауло Дибала – Аргентина
Дибаланинг миллий терма жамоадаги фаолияти у қадар ёрқин эмас. Сабаби – унинг позициясида Лионель Месси ҳукмрон. Шу боис, Пауло мамлакати бош жамоасида 34 та учрашувда атиги учта гол урган холос.
Аргентинага жароҳат билан етиб борган ҳужумчи машғулотлартда қатнашди, холос. Ўртоқлик учрашувларини қатнашмади.
Рожер Ибаньес – Бразилия
Жозе Моуриньо Италия ва Бразилия фуқаролигига эга бу ўйинчининг янги қирраларини очиб берди. Натижада Ибаньес ҳар доим кучли таркибга эга бўлган Бразилия терма жамоасидан илк бор чақирув олди. Футболчининг ўзи Тунисга қарши ўйинда майдонга тушди ва бу муваффақиятининг асосий сабабчиси сифатида португалиялик мутахассис номини тилга олди.
Тэмми Абрахам – Англия
Тэмми Абрахам терма жамоада Ҳарри Кейн билан рақобаталаша олмаяпти. Бу гал Италия ва Германияга қарши ўказилган Миллатлар лигаси доирасидаги учрашувда ҳам “Рома” вакили “Тоттенхэм” юлдузининг ўйинларини кузатиб ўтиришига тўғри келди.
Брайан Кристанте, Эдоардо Бове (U-21), Кристиан Вольпато (U-20) — Италия
Кристанте “Рома”дан Италия терма жамоаси ихтиёрига етиб борган ягона футболчи бўлди. Лоренцо Пеллегрини жароҳат туфайли ўйинларни ўтказиб юборди. Италия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Манчини “Рома”даги ўғли Жанлукани ва Николо Дзаньолони чақирмасликни маъқул топди. Кристанте Англия ва Венгряга қарши учрашувларда тўлиқ ўйнади. Битта голли узатма берди.
Кристиан Вольпато 20 ёшгача бўлган футболчилар мусобқасида Португалия дарвозасини ишғол қилди, Швейцарияга қарши баҳсда ассист қайд этди.
Эдоардо Бове эса Англия ёшлар жамоасига қарши ўйинда жуда бўш ўйнади ва бунинг оқибатида Япония билан бўлган баҳсда таркибга киритилмади.
Никола Залевски – Польша
Залевски ҳали анча ёш бўлишига қарамай, Польша миллий терма жамоасида еттита учрашув ўтказишга улгурди. 20 ёшли футболчи Нидерландия ва Уэльсга қарши беллашувларни бошланғич таркибда бошлади.
Руй Патрисио – Португалия
Руй Патрисио терма жамоадаги ўрнини “Порту” посбони Диогу Коштага бой бериб қўйган. Шу боис, Испания ва Чехия билан бўлган баҳсларни захира ўриндиғидан кузатишга мажбур бўлди. Тажрибали посбоннинг даври ўтган кўринади.
Меҳмет Зеки Челик – Туркия
Туркия миллий терма жамоаси Миллатлар лигасининг сўнгги икки беллашувида омадсизликка юз тутди. Турклар Люксембург билан дуранг қайд этиб, Фарер ороллари футболчиларига ютқазиб қўйди. Челик бу баҳсларда тўлиқ ҳаракат қилди.
Матиас Винья – Уругвай
“Рома” асосий таркибига кира олмаётган ҳимоячи Уругвай терма жамоасида ҳам худди шу ҳолатда. Эрон ва Канада билан ўйинларда Матиас сўнгги дақиқаларда захирадан ўйинга қўшилди.
Элдор Шомуродов – Ўзбекистон
Элдор Шомуродов “Рома” футболчилари орасида ўз мамлакати терма жамоаси сафида энг яхши натижани қайд этган ўйинчи бўлди. Рақиблар анча жиддий – ўз қитъасининг энг кучли терма жамоалари ва Қатарда бўладиган жаҳон чемпионати иштирокчилари эди.
Элдор терма жамоамизнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган Камерунга қарши баҳсда жамоадошига голли пас узатди. Коста-Риканинг сўнгги дақиқадаги икки голи эвазига мағлуб бўлган ўйинимизда мундиал иштирокчиси дарвозасини ишғол қилди.
- Элдор Шомуродов “Рома”да захирадан тушиб, ўйинни кучайтираётган бўлса-да, Жозе Моуриньо унга ҳали ҳамон захира ўйинчиси сифатида муносабатда бўлмоқда. Лекин бу ҳужумчининг Ўзбекистон миллий терма жамоаси асосий таркибидаги жойи кафолатланган. Чунки у ўз мамлакати бош жамоасининг ҳақиқий етакчиларидан бири саналади. Кучли рақибларга қарши ўйинларда Элдор португалиялик мураббийдан янги имкон берилишига лойиқ эканини кўрсатди, - деб ёзади https://footballnews24.it сайти эксперти Маттео Аллуцци.
Шомуродов Римда “йўқолиб” қолди ёхуд уни ҳамон кутаётган клублар бор!
“Урал” Ўруновни “тополмай” қолди!
Экспертлар баҳоси: Шомуродов қаҳрамон бўлиши мумкин эди...
Фикрлар