Таиландлик футболчи Ўзбекистонни қандай ютишмоқчи эканини айтиб қўйди
30 январь куни Ўзбекистон ва Таиланд терма жамоалар ўртасида Осиё кубогининг нимчорак финал учрашуви ўтказилади.
Гуруҳ босқичида икки терма жамоа ҳам бештадан очко тўплади. Ўз квартетида энг кучли рақибни енгиб, иккитаси билан дуранг қайд этди.
Таиландликлар ўз тарихида кетма-кет иккинчи маротаба нимочрак финалда ўйнаяпти. 2019 йилги мусобақада ҳам улар ҳудди ҳамюртларимиз сингари 1/8 финалдан ортга қайтганди.
Таиланд терма жамоаси марказий ҳимоячиси Элиас Долах Ўзбекистон футболчилари билан бўладиган учрашувда қандай ўйин кўрсатилиши ҳақида гапирди. 30 ёшли ўйинчи аслида Европа футболи тарбияланувчиси ҳисобланади ва фаолиятини Швеция жамоаларида бошлаган. 2015 йили Таиландга кўчиб ўтди. Ярим йилдан бери Малайзия чемпионатида тўп тепяпти. Терма жамоа учун 14 та ўйинда битта гол урган.
- Биз мусобақага ҳақиқатан яхши тайёрмиз, айнича ўтган учрашувда 11 та ўйинчини алмаштирган бўлсак-да, рақиб билан дурангга эриша олдик. Бу таркибдаги барча футболчилар тайёр эканидан далолат беради, ҳамма ўйин амалиётига эга бўлди ва етарлича ҳордиқ чиқарди, энди ўз ишимизни бажаришга тайёрмиз.
Шахсан менга иштиёқни сақлаб қолишимда ҳеч қандай қийинчилик йўқ, чунки Доҳада имкон қадар узоқроқ қолмоқчиман. Бу жойлар футболчилар учун жуда ажойиб маскан, машғулот майдонларида ҳам худди шундай муҳит яратилган.
Балки биз асосий мақсадимизга эришганимиз ростдир, лекин бош мураббийимизнинг мақсади шу ерда қолиш ва яна тўртта ўйин ўтказиш, яъни финалда ўйнашдан иборат. У биўга ишонади ва биз ҳам охиригача шу ерда бўлиш учун келганмиз, - деди Элиас Долах.
Қатардаги Осиё кубогини кузатиб бораётган футбол экспертлари япониялик мураббий Масатада Исии қўл остида таиландликлар ҳимояда жуда тартибли ўйин кўрсатаётгани ва бунинг самараси ўлароқ, гуруҳ босқичидаги учта учрашувда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолганига эътибор қаратмоқда.
Тажрибали марказий ҳимоячи Элиас долах ҳам терма жамоанинг ҳимоядаги салоҳиятини юқори баҳоламоқда.
- Мусобақада ҳали гол ўтказмаганимиз бу бош мураббий ва футболчиларнинг меҳнати самараси. Мураббий ўйин давомида қўлламоқчи бўлган режаларини, қандай ўйнашимиз лозимлигини ва биздан нималар кутаётганини батафсил тушунтириб беради.
Биз ҳам бўлажак ўйин борасидаги ўз фикр-мулоҳазаларимизни, қарашларимизни, тайёргарлик даражасини унга гапириб берамиз. Ўзбекистонга қарши бўладиган плей-офф учрашуви олдидан ҳам шундай бўлади.
Биз нимчорак финал ўйинида ҳам бирорта гол ўтказишни истамаймиз. Дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолиш орқали ғалабага эришамиз. Гол уролсак, кейинги босқичга ўтамиз. Биз Ўзбекистон билан бўладиган ўйинга ишлаб чиққан режамиз иш беришига ишонамиз, чунки мақсадимиз – кейинги босқичга чиқиш, - деди Элиас Долах.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Таиланд ўртасидаги нимчорак финал учрашуви 30 январь куни Тошкент вақти билан 16:30 да бошланади. Бунгача ҳар икки терма жамоа ўртоқлик ва расмий мақомда 12 маротаба учрашув. Олтитадан ғалаба қозонган.
Фикрлар