Яхшибоев "Реал"га гол урганидан кейин трансфер нархи қанчага ошди?
Трансферларга ихтисослашган Transfermarkt портали Молдова чемпионати Миллий дивизиясида ўйнаган футболчиларнинг янгиланган трансфер суммаларини эълон қилди.
Янги рейтингда мамлакат чемпиони сифатида илк маротаба Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида ўйнаган “Шериф” футболчиларининг нархи кескин кўтарилганини кўриш мумкин.
“Шериф” футболчилари “кўҳна қитъа”нинг энг нуфузли турнири гуруҳ баҳсларида “Шахтёр”ни битта учрашувда енгиб, иккинчисида дуранг ўйнади, “Сантьяго Бернабеу”да “Реал”ни мағлубиятга учратиб, шов-шув кўтарди. Жами етти очко билан учинчи ўринни эгаллаган тирасполликлар Чемпионлар лигасидан чиқиб кетган бўлса-да, халқаро майдондаги юришини Европа лигасида давом эттирадиган бўди.
Transfermarkt порталида “Шериф” футболчиларининг умумий суммаси 24,58 миллион еврони ташкил этмоқда.
Нархи кескин кўтарилган футболчилар орасида Адама Траоре етакчилик қиляпти. Унинг трансфер суммаси 200 мингдан 3 миллион еврогача кўтарилди. Бу борада кучли ўнлик қуйидача кўриниш олди:
Жасур Яхшибоевнинг трансфер нархи 200 минг еврога кўтарилгани эътиборга молик. Айни пайтда ҳамюртимизнинг трансфер суммаси 700 мингни ташкил қилмоқда. Аслида бу бўйича энг юқори кўрсаткич ўтган йили декабрда қайд этилган ва 750 минг еврога тенг бўлган. Бунда Жасур Яхшибоевнинг УЕФАга аъзо ҳисобланган Беларусь чемпионатида самарали ўйин кўрсатгани, тўпурарлар баҳсида иккинчи ўринни эгаллагани, чемпионатнинг энг фойдали футболчиси, деб эътироф этилгани ва “Шахтёр-Солигорск” сафида мамлакат чемпиони бўлгани муҳим аҳамият касб этган.
Жорий йил бошида ҳужумкор футболчимиз Польша чемпиони “Легия”га ўтганидан кейин захирада ўтириб қолгани оқибатида унинг трансфер суммаси 500 минг еврога тушиб кетган эди.
Таъкидлаш жоизки, Жасурнинг нархи ҳозирги 700 минг евродан анча юқори бўлиши мумкин эди. Мадридда “Реал” дарвозасини ишғол қилган Яхшибоевнинг ўша учрашувда жароҳат олгани бунга йўл қўймади.
Жасур Европа Чемпионлар лигасида ҳам, Молдова чемпионатида ҳам аксарият учрашувларда майдонга туша олмади.
Статистикага эътибор қаратдиган бўлсак, легионеримиз Молдова чемпионатида атиги олтита учрашувда қатнашиб, жами 292 дақиқа тўп тепди. Бу ўйинларда битта гол ва учта ассист муаллифи бўлди. Молдова кубогида эса атиги 28 дақиқа ўйнади.
Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида олтита беллашувдан учтасида кўриниш берди ва жами 206 дақиқа тўп тепди. “Реал” майдонида Тибо Куртуа дарвозасига урилган гол ҳамюртимиз учун нуфузли турнирда ягоналигича қолди.
Жасур Яхшибоев ижара асосида “Легия”дан “Шериф”га ўтганидан кейин тирасполликлар учун умумий ҳисобада 12 та баҳсда жами 646 дақиқа ўйнаб, бир жут гол ва учта голли пас қайд этди. Ҳар ҳолда бу ижобий кўрсаткич эканини таъкидлаш жоиз.
Шунингдек, Яхшибоевни Сречко Катанец Ўзбекистон миллий терма жамоасига қайтарди. Бироқ, ҳужумкор футболчи жароҳати боис ўқув-машғулот йиғинларида охиригача қатнаша олмади ва халқаро ўртоқлик ўйинларига жалб қилинмади. Ҳозирча унинг ҳисобида мамлакатимиз бош жамоаси учун ўтказилган учта учрашув бор холос.
Жасур 24 ёш бўлишига қарамай, қисқа фурсат ичида бир неча жамоада ва қатор лигаларда ўйнаб улгурди. Хусусан, “Пахтакор”, АГМК, “Энергетик-БГУ”, “Шахтёр-Солигорск”, “Легия”, “Легия-2”, “Шериф” шарафини ҳимоя қилган футболчимиз жами 103 та учрашувда ўз ҳисобига 23 та гол ва 13 та ассист ёздириб қўйди. Беларусь ва Польша чемпионлигини қўлга киритди.
Фикрлар