Kolumbiya bosh murabbiyi O'zbekistonga qarshi o'yinga qanday tayyorlanayotganini aytdi

  • 07.06.2026 09:00
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Futbol
Komp: Xabar sarlavhasi ostidagi

Колумбия миллий терма жамоаси жаҳон чемпионати олдидан охирги ўртоқлик ўйининини ўтказади. Иордания футболчилари билан бўладиган баҳс колумбияликлар учун мундиалнинг “К” гуруҳидаги биринчи турда Ўзбекистонга қарши тўқнашувга тайёргарлик вазифасини ўтайди.

Sports.uz портали бош мураббий Нестор Лоренсо espn.com.co журналистлари билан мулоқот қилиб, бўлажак ўйин ва жаҳон чемпионати ҳақида билдирган фикр-мулоҳазаларни ўқувчилар эътиборига ҳавола этади.

Ортимизда 50 миллион колумбиялик турибди

Аввало, жамоа бу каби ҳолатларга аллақачон кўниккан. Мен доим айтаманки, бизни ҳам танқиддан, ҳам мақтовдан ҳимоя қилиш керак. Танқидларга эса жамоа ичида муносабат билдириш лозим.

Биз бу ерга келганимиздан буён жамоа бутун Колумбия учун ўйнаб келмоқда. Бундан ташқари, ўйин олдидаги мурожаатларда, қайси футболчи сардор бўлишидан қатъи назар, доимо бир гап айтилади: биз ҳамма учун ўйнаймиз, биз 50 миллион колумбиялик учун ўйнаймиз ва уларга қувонч улашиш учун майдонга чиқамиз.

Бу жамоанинг қанчалик садоқатли ва фидойи эканини яхши биламан. Биз нотўғри талқинлар, монтаж қилинган видеолар ва турли баёнотлар бўлганини биламиз. Аммо ҳақиқат шундаки, биз доимо бирликка, садоқатга ва ҳамма ишни чин дилдан, меҳр билан қилишга интиламиз. Бу жамоа эса колумбияликлар либоси ва байроғига, барча 50 миллион инсон учун, 100 фоиз садоқат билан хизмат қилмоқда.

Коста-Рикага қарши ўйин таҳлили

Вақт имкон берса, биз ҳар доим аввалги ўйинни таҳлил қиламиз ва бу сафар ҳам шундай қилдик. Менимча, биз жуда эҳтиётсиз бошладик. Айниқса прессинг вақтида майдоннинг сўнгги учдан бир қисмида жойлашиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келдик.

Чунки мен доим айтганимдек, прессинг – бу жамоавий ҳаракат. Бироқ тўп учун курашишда индивидуал ёндашув ҳам мавжуд ва бу жиҳатни ҳам яхшилашимиз керак. Бу байрамона муҳитда ўтган ўйин эди. Биз аввал ҳеч қачон бундай стадионда ўз уйимизда ўйнамаганмиз. Жароҳатлар бўйича хавотирлар ҳам бор эди, сабаблар кўп бўлди ва таркибда ҳам кўп ўзгаришлар қилинди.

Ўйин жуда тартибсиз кечди, биз кам ўйнадик. Аммо, шубҳасиз, ўз ўйинимизни яхшилашимиз керак. Умид қиламанки, кейинги баҳсда биз интилаётган тараққиётни кўрамиз.

Иорданияга қарши баҳс – Ўзбекистон билан ўйинга махсус тайёргарлик

Иорданияга қарши бўладиган ўртоқлик учрашуви жаҳон чемпионати олдидан сўнгги синов. Агар биз хоҳлаганимиздек узоққа боришни истасак, ҳар бир ўйинга алоҳида ёндашиш билан бирга, ривожланишимиз ва яхши футбол кўрсатишимиз ҳам керак.

На мағлубият, на ғалаба келажакни белгилаб беради. Аммо бундай турнирда жуда муҳим бўлган ишончни қозониш учун яхши ўйин кўрсатиш ва ғалаба қозониш жуда фойдали бўлади.

Иордания тактик жиҳатдан мундиалдаги биринчи рақибимиз Ўзбекистон мллий терма жамоасига ўхшайди, чунки улар беш нафар ҳимоячи билан ўйнайди. Улар 5-3-2 ёки 5-4-1 схемасида ҳаракат қилиши мумкин, Ўзбекистон ҳам шундай ўйнайди. Баъзи ҳолларда Ўзбекистон уч нафар марказий ҳимоячи билан 3-4-3 тизимини ҳам қўллайди.

Бироқ энг муҳими – бўлажак баҳсларга ўзимизни тайёрлаш. Менимча, гап фақат ўхшаш рақиб ҳақида эмас. Бу жаҳон чемпионатига чиққан икки жамоа ўртасидаги баҳс. Иордания мураккаб саралаш гуруҳидан чиқди ва бир қатор яхши ўйинлар ўтказди. Аммо мен энг аввало Колумбияни кўришни хоҳлайман. Масала фақат рақибда эмас, балки унга қарши қандай ўйнаш ва ғалабага олиб борадиган йўлларни топишдадир. Бу учрашувнинг мураккаблиги ҳам шунда.

Терма жамоа етакчилари Хуан Фернандо Кинтеро ва Хамес Родригес ҳақида

Кинтеро терма жамоага бир кун олдин етиб келди, худди ўйнамаган бошқа йигитлар каби. Биз Хамесга 45 дақиқа беришни режалаштирган эканмиз, уни иккинчи бўлимда майдонга тушириш яхшироқ, деб қарор қилдик.

Биз ҳар бир ўйинга алоҳида ёндашамиз, жамоага ҳар бир паллада ва ҳар бир рақибга қарши нима кераклигини ҳисобга оламиз. Бу таҳлил ва ҳар бир футболчининг ўзини кунма-кун қандай ҳис қилаётганини кузатиш жараёнидир.

Шубҳасиз, улар ўйин тақдирини ўзгартира оладиган футболчилар. Улар жамоа учун жуда муҳим ва биз уларнинг ҳам жамоа, ҳам майдон учун муҳим бўлиб қолишларини истаймиз.

Колумбия жаҳон чемпионатида қанчалик узоққа бора олади?

Мақсад – мусобақанинг сўнгги кунигача етиб бориш ва унда ғалаба учун курашиш имкониятига эга бўлиш, яъни финалга чиқиш. Мақсадимиз шу. Лекин бунинг учун ҳар бир учрашувда курашишимиз кераклигини яхши биламиз. Энди эса Иорданиядан бошлаймиз ва кейин қадамба-қадам олға интиламиз. Буюк Мостаса Мерло айтганидек, ҳаммасини босқичма-босқич амалга оширамиз.

“Ацтека” стадионидаги дебют

Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бўладиган илк учрашувга мезбонлик қиладиган “Ацтека” аренаси худди “Маракана” каби афсонавий стадион. Бу яхши старт учун жуда мос жой.

Умид қиламанки, биз у ифодалайдиган барча қадриятларга ва “Ацтека” сақлаб келаётган тарихга муносиб бўламиз. Шукрки, 2014 йилда “Маракана”да ишларимиз жуда яхши кетган эди.

Жаҳон чемпионатининг “К” гуруҳи биринчи туридан ўрин олган Колумбия ва Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги учрашув 18 июнь куни Тошкент вақти билан соат 7:00 да бошланади.

Даҳшат! Ўзбекистон “ўлим гуруҳи”да ўйнайдиган бўлди!

Бунақаси Шомуродов фаолиятида биринчи марта бўлди

“Бака-бака банг, дор ўйнанг”! Мундиалда Ўзбекистонга кимлар мухлислик қилишини биласизми?

Ана холос! Мареска Ҳусановга кучли рақобатчи олиб келади

 

Fikrlar

Fikr qoldirish uchun avtorizatsiyadan o'ting!