Бу футболчига Европада камида Шомуродовнинг йўлини берсин, дейишмоқда!
Беш нафар ўзбекистонлик футболчи – Иброҳимхалил Йўлдошев, Руслан Жиянов, Рустам Ашурматов, Умарали Раҳмоналиев ҳамда Аббосбек Файзуллаев иштирок этгаётган Россия Премьер-лигасининг ёздаги энг катта трансфери Арсен Захаряннинг Испания чемпионатига йўл олгани бўлди.
20 ёшли футболчи Москванинг “Динамо” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Энди у Ла Лигада “Реал Сосьедад” жамоаси шарафини ҳимоя қилади.
Сан-Себастьян шаҳри клуби ўтган мавсумни кучли тўртликда якунлади. Испанияликлар истеъдодли футболчи учун 12 миллион евро тўлади. Шундан 3 миллиони трансферни амалга оширган агентларга, қолган 9 миллиони “Динамо”га тегади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Арсеннинг кучли томонлари жамоадошлари ўйинига тез мослаша олиши, чизиқларни ўзаро боғлаб туриш, тўп билан ҳаракатланиш тезлигининг юқорилиги, дриблинг ва аниқ зарба бериш қобилиятида экак.
Ўтган мавсум жамоанинг Чемпионлар лигасига йўлланма олишига катта ҳисса қўшган плеймейкер Давид Сильва 37 ёшида жароҳат туфайли фаолиятини якунлади. Сан-себастьянликлар айнан мана шу позицияга янги ўйинчи қидираётган эди. Захарян машҳур футболчининг ўрнини босиши талаб этилади.
“Реал Сосьедад” Россия футболида тарбияланган ўйинчилар учун омадли жамоа сифатида қабул қилинади. Ўтган асрнинг 90 йиллари ва янги аср бошларида Сан-Себастьян клубида Валерий Карпин ва Дмитрий Хохлов порлаган эди.
Бугун испан футболи сирларини яхши ўзлаштирган бу мутахассислар мураббийлик соҳасида ишламоқда. Дмитрий Хохлов Россия Премьер-лигасининг ўртамиёналаридан ҳисобланган “Сочи” жамоасини бошқаряпти.
Валерий Карпин эса, ҳам “Ростов”да, ҳам Россия миллий терма жамоасида бош мураббийлик вазифасини уддалаб келяпти. Шу ўринда, бу мутахассис Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва тўпурари Элдор Шомуродовнинг Европага йўл олишида меҳнати сингган мутахассис ҳисобланади.
Элдор “Ростов”да Карпин қўл остида уч йил тўп тепганидан кейин А Серияга кўчиб ўтган ва устози жамоасининг асосий тўпурари кетишига қаршилик қилмаган эди.
Россиянинг https://www.bfm.ru сайти журналисти Иван Швец бу трансфер ҳақида фикр билдирар экан, Захаряндан олдин Европага йўл олган футболчиларни ҳам бир эслаб ўтди.
- Басклар мамлакатида Карпин ва Хохловни яхши кўришади ва шу боис, Захарян бегона бўлмаган жойга йўл оляпти. Фикримча, у ерда Арсен ўзини Алексей Миранчук ва Александр Кокориндан анча яхши томондан кўрсата олади.
Захарянга камида “Ростов”дан “Женоа”га ўтган Элдор Шомуродовнинг йўлини беришини ёки Италия чемпиони “Наполи” етакчиларидан бирига айланган Хвича Кварацхелия даражасига етишини кутиб қоламиз, - деб ёзди Иван Швец.
Испания матбуотига кўра, Захарян янги жамоадаги дебютини келаси жума куни Канар оролларида нишонлаши мумкин. 25 августда “Реал Сосьедад” сафар учрашувида “Лас-Пальмас” жамоаси меҳмони бўлади.
Машҳур футболчи: Ўғлим Шомуродовга мухлислик қиляпти!
Шомуродовнинг устози қайси жамоа чемпион бўлишини айтди
Ҳусанов жамоаси Чемпионлар лигаси учун кўп гол урадиган ҳужумчини оляпти
Шомуродов: Мессига ҳеч қандай алоқам йўқ! (фото)
Премьер-лига клуби тез орада ўзбек футболчиси трансферини эълон қилади
Фикрлар