Ҳусановнинг нархи бирдан ошди, “Ланс” уни ушлаб қола олмайди!
Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсумда ўзига берилган имкониятдан фойдаланиб, “Ланс” мураббийлар штабини бир неча мавсум идеал ҳисобланган Жонатан Градит – Кевин Дансо – Факундо Медина ҳимоя учлигини бузиб юборди.
20 ёшли ўзбек ҳимоячиси лансликлар етакчиси Кевин Дансонинг икки ойда давомида йўқлигида асосий таркибнинг муқим фигурасига айланди. Бош мураббий Уилл Стилл Дансо сафга қайтгандан кейин унинг ўрнида ўйнаган Абдуқодирни таркибдан чиқармади, аксинча, ҳимоя схемасини ўзгартиришга қарор қилди.
Ҳозир Ҳусанов Европанинг ўндан зиёд кучли клублари нишонига тушган. Экспертлар ҳамюртимиз атрофида юзага келган вазиятни таҳлил қилмоқда.
Sports.uz портали Франция манбаларининг легионер трансферига оид қарашларини ўзбекистонлик футбол ишқибозлари эътиборига ҳавола қилишда давом этади.
Кристоф Шаад, lensois.com эксперти:
Англия манбалари Абдуқодир Ҳусановга Премьер-лиганинг етти клуби жижжий қизиқаётгани ва улардан иккитаси – “Тоттенхэм” ва “Ньюкасл” трансферни январда амалга оширишни режалаштираётгани ҳақида ёзаётгани бўйича мухлисларга маълумот етказган эдик.
Нуфузли манбалардан L'Equipe нашри ўзининг инсайдерлари орқали Англия суперклубларининг мақсади жиддий экани, Ҳусанов трансфери учун улар 30 миллион евродан кўпроқ маблағ тикишга тайёрлигидан хабар топди.
Ҳусановга бўлаётган қизиқишлар “Ланс”нинг трансфер сиёсатига таъсир қилмоқда. Илгари энг катта даромад келтириши кутилган Кевин Дансо иккинчи планга ўтди. Унинг ёзда “Рома” билан 26 миллион еврога келишилган трансфери тиббий сабабларга кўра барбод бўлди. Гарчи австриялик ҳимоячининг номи ҳамон трансфер бозорида янграётган бўлса-да, энди харидорлар бу ўйинчи учун “Ланс” кутган суммани бермайди.
Айни пайтда ўзбек ҳимоячисининг трансфер суммаси Дансоникидан ўтиб кетди ва жуда тез кўтарилмоқда. “Ланс” хўжайинлари клубга бўлаётган молиявий босимни бартараф этиш учун икки марказий ҳимоячидан бирини сотиб юборишига тўғри келади.
Тимоти Жан, foot-sur7.fr сайти эксперти:
“Ланс”даги ўйинлари билан ҳамманининг назарига тушган Абдуқодир Ҳусановга харидор бўлаётган клублардан айримлари қишки трансферлар вақтида лансликларга катта таклифлар билан мурожаат қилиши кутилмоқда.
“Ланс”га кулгили нархга олиб келинган Абдуқодир қисқа фурсатда Лига 1 кашфиётига айланди. Унинг ҳимоя марказидаги ишончли ўйини Европа клублари эътиборини тортди.
Франциянинг етакчи клубларидан “Пари Сен-Жермен” ва “Марсель” ўзбек ўйинчисини кузатиш билан банд бўлган бир пайтда Ҳусанов учун курашга Мадриднинг “Атлетико” клуби ҳам қўшилганини алоҳида таъкидлаш мумкин.
Инсайдер Муҳаммад Тубаш-Тер мадридликларнинг қизиқиши жуда жиддий эканини, ўйинчининг салоҳиятини пайқаган “Атлетико” мутасаддилари қишки трансферлар давридаёқ уни ўз сафига қўшиб олишни мўлжаллаётганини айтдмоқда.
Буёғига Англия клублари, хусусан “Тоттенхэм” ва “Ньюкасл” 30 миллион евродан ортиқ маблағ тиккан ҳолда “Ланс”ни ўзбек ҳимоячисини қўйиб юборишга кўндиришга бел боғлаган.
Бу ҳолатда “Ланс” 20 ёшли ҳимоячини ушлаб қола олмаслигининг эҳтимоли катта. 100 минг еврога олинган ўйинчи катта миқдорда даромад келтириши лансликларни ҳам бефарқ қолдирмайди, аслида. Бироқ “Ланс” ҳарчанд ҳаракат қилмасин, гранд клубларнинг Ҳусановга ҳужумини қайтариш осон бўлмайди.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов “Бунёдкор” тизимидан етишиб чиққан. Аммо профессионал фаолиятини Беларуснинг “Энаргетик-БГУ” жамоасида бошлаган. Ҳамюртимизнинг ЎЗбекистон ёшлар терма жамоаси сафида халқаро миқёсдаги ўйинлари хориж клублари эътиборини тортган эди. Улар орасида “Ланс” аниқ таклиф билан чиқди ва 2023 йилнинг ёзида Ҳусановни ўз сафига қўшиб олди. Мана бугун бу ўта муваффақиятли трансфер бўлиб чиққани ўз исботини топмоқда.
Фикрлар