“Ланс” Ҳусановни кузатиб қўяди
Франция футболи, хусусан “Ланс” фаолиятини мунтазам ёритиб келаётган lensois.com сайти журналисти Кристоф Шаад жамоанинг ўзбекистонлик легионери Абдуқодир Ҳусанов тез орада клубни тарк этади, деб хабар тарқатди.
Бунга сабаб – 20 ёшли марказий ҳимоячи Ўзбекистон миллий терма жамоасидан март ойида бўладиган ўйинлар учун таклиф олганидир.
Абдуқодир Ҳусанов 2023 йилнинг июнь ойидан миллий терма жамоа аъзосига айланган. Ёш бўлишига қарамай, бош жамоанинг асосий ўйинчиларидан бирига ҳисобланади. Ҳозиргача Абдуқодир халқаро миқёсда ўнта учрашувда қатнашиб улгурди.
Хусусан, икки йил аввал Қатар мезбонлик қилган Осиё кубогида Ҳусанов маҳоратини яна бир карра намойиш қилиб, беллашувларда ишончли ҳаракатлари билан ажралиб турди.
Март ойидаги ФИФА кунлари давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси иккита муҳим учрашувда қатнашади.
Сречко Катанец шогирдлари 2026 йилги жаҳон чемпионати саралаш турнири доирасида Гонконг жамоаси билан икки марта куч синашади. Дастлабки баҳс 21 март куни рақиб майдонида ташкил этилади.
26 март куни бу икки терма жамоа Тошкентда ўзаро тўқнаш келади.
Жаҳон чемпионатининг Осиё минтақасидаги саралаш босқичида иккита тур ўтказилган. Ўзбекистон терма жамоаси ўз гуруҳида тўрт очко тўплаб, тўплар нисбатига кўра, Эрондан кейин иккинчи ўринда бормоқда. Гуруҳдаги Туркманистон ва Гонконг биттадан очко жамғарган. Гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган терма жамоалар кейинги босқичга чиқади, - деб ёзди lensois.com сайти журналисти Кристоф Шаад.
Бундан ташқари, Абдуқодир Ҳусанов Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги иштирокини якунлаб, “Ланс”га қайтганидан кейин ҳам битта учрашувда жамоасига ёрдам бера олмайди.
Ёш ҳимоячимиз “Ланс”нинг “Брест” билан бўлган ғалабали ўйинида огоҳлантирилган. Бу маҳаллий миқёсдаги мусобақалардаги ўнта учрашувдаги учинчи сариқ карточка ҳисобланади.
Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилишида Абдуқодир Ҳусанов битта ўйинни ўтказиб юбориши ҳақида қарор чиқарди. Бу қарор 27-турдан ўрин олган “Лилль” – “Ланс” дербисига тўғри келади. Бир хил – 42 тадан очко жамғарган бу икки жамоанинг ўзаро тўқнашуви 29 март санасига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов “Бунёдкор” тарбияланувчиси ҳисобланади. Бироқ профессионал футболчилик фаолиятини Беларуснинг “Энергетик-БГУ” жамоасида бошлаган.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоасидаги ўйинлари орқали Франция вице-чемпиони – “Ланс” мутасаддилари назарига тушган ўйинчи ўтган ёзда лансликлар билан тўрт йиллик шартнома имзолади.
Франциядаги илк ўзбек футболчиси сифатида тарихга кирган Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсумда “Ланс” сафида Лига 1, Европа Чемпионлар лигаси ва Европа лигаси ўйинларида иштирок этди.
Файзуллаев ЦСКАда асосий таркибдаги жойидан айрилдими?
Раньери бир гап билан Шомуродовни ўзгартириб юборди. Мураббий нима деганди?
Фикрлар