Легионеримизнинг суперголи жамоасини биринчи ўринга олиб чиқди!
Қисқа танаффусдан кейин Беларусь олий лигасига қайта старт олди. Ўн биринчи турнинг дастлабки учрашувида тўрт нафар легионеримиз ўйнаётган “Энергетик-БГУ” сафарда “Белшина” жамоаси меҳмони бўлди.
Дастлабки ўнта учрашувнинг аксариятида ҳужумкор ўйин намойиш қилган минсклик “талабалар” чемпионатда юзага келган қисқа танаффусдан кейин ўз ўйинини топиб олишга анча қийналди. “Белшина” футболчилари меҳмонларга жиддий қаршилик кўрсатди.
Шу куни асосий таркибда майдонга тушган Бобур Абдухолиқов, Шоҳруҳбек Абдураҳмонов ва Абдулқодир Ҳусанов анча фаол ўйнади. Айниқса, Шоҳруҳбек жамоасининг ҳужумларини ташкил қилишда ўзини кўрсатди.
Бу мавсум юқори ўринлар учун курашаётган “Энергетик-БГУ” ғалаба илинжида охиригача курашди. Бу ҳакам томонидан йўқотилган дақиқалар ўрнини қоплаш учун қўшиб берилган дақиқаларнинг охирида ўз самарасини берди.
Шоҳруҳбек Абдураҳмонов тўпни жарима майдончаси ичига ёриб кирган Бобур Абдухолиқовга ўта қулай тарзда етказиб берди. Чемпионат тўпурари боши билан рақиб жамоа дарвозасини ишғол қилиб, “Энергетик-БГУ” ғалабасини таъминлади.
Ўзбек легионери иштирокидаги гол эвазига зафар қучган “Энергетик-БГУ” очколари сонини 25 тага етказиб, мусобақа жадвалида биринчи ўринга кўтарилиб олди. Шу пайтгача энг юқори поғонада келган БАТЭ иккита кам ўйин ўтказган ҳолда 23 очкога эга.
Бобур Абдухолиқов голли сериясини давом эттиргани қувонарли бўлди. Ҳамюртимиз ўн биринчи учрашувида ўн иккинчи голини урди. Абдураҳмонов эса, чемпионатда учинчи ассистини амалга оширди.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, Бобур гол урган ўйинларда жамоаси ютқазмаган. Қашқадарёлик ҳужумчи ўз номини таблога ёздириб қўйган ўйинларда “Энергетик-БГУ” “Витебск”ни 3:1, “Торпедо –БелАЗ”ни 3:1, “Динамо-Брест”ни 2:1, “Нёман”ни 4:1, “Минск”ни 2:0, “Арсенал-Дзержинск”ни 2:0, “Славия”ни 1:0 ва “Белшина”ни 1:0 ҳисобида доғда қолдирган.
Бу беллашув давомида Абдухолиқов битта хет-трик, иккита дубль қайд этиб, бешта ўйинда биттадан гол киритди.
Бобур Абдухолиқов жамоасининг чемпионатда киритган жами 24 та голидан тенг ярмининг муаллифи ҳисобланади. У тўпурарлар пойгасида катта устунлик билан рақобатчиларини ортда қолдирмоқда.
Ҳужумчимизнинг энг яқин таъқибчилари ҳисобланган Александр Свирепа (“Энергетик-БГУ”), Дембо Дарбо (“Шахтёр-Солигорск”), Владимир Хвашчинский (“Минск”) ва Александр Макась (“Гомель”) бештадан голга муаллифлик қилган.
“Энергетик-БГУ” 12-тур учрашувини 27 июнь куни ўз майдонида ўтказади. Шу куни минсклик “талабалар” чемпионат аутсайдерларидан ҳисобланган “Днепр-Могилев” футболчилари билан куч синашади.
Фикрлар