Моуриньо "Реал" ҳужумчисини қайтармоқчи. Кетиш навбати Шомуродовгами?
Январь ойида Жозе Моуриньо ички рақобатда жамоадошларига бас кела олмаган бир неча футболчи билан хайрлашган эди. Хусусан, ҳужум чизиғидаги рақобатда Элдор Шомуродовга ютқазиб қўйган Борха Майораль “Хетафа”га ижарага бериб юборилган эди.
Аслида “Реал”га тегишли бўлган испан ҳужумчиси ўтган мавсумда “Рома” тўпурари бўлган, бироқ Моуриньо келиши билан жамоага Элдор Шомуродов ва Тэмми Абрахамни олиб келди.
Борханинг захирага михланиб қолган “Реал”га ҳам маъқул келмади. “Рома” чемпионатнинг иккинчи ярмида ҳам Майоралга имконият бермаслигини аниқ бўлганидан кейин томонлар келишувига кўра, ҳужумчи Испания чемпионатига ижарага жўнатилди.
24 ёшли футболчи берилган имкониятдан оқилона фойдаланиб қолди. Ла лигада беш маротаба майдонга тушиб, ўз ҳисобига учта гол ва битта ассист ёздириб қўйди.
Майораль Рим клуби сафида жами ўн битта ўйин ўтказиб, биттадан гол ва ассист муаллифи бўлганди.
Истеъдодли ҳужумчининг Испания чемпионатига ўйини “Рома” раҳбариятини ўйлантириб қўйди. Римликларда мавсум якунлангач, “Майораль”ни биринчи бўлиб харид қилиш ҳуқуқи бор. Аввалроқ, уни 20 миллион еврога сотиб олишдан бош тортган “бўрилар” энди бу ҳуқуқдан фойдаланиб қолмоқчи.
Ҳозир “Рома”да Тэмми Абрахам асосий ҳужумчи ҳисобланади. Иккинчи ҳужумчи мақомини ёш Феликс Афена-Гьян тажрибали Элдор Шомуродовдан тортиб олди. Ҳар ҳолда Моуриньо африкалик форвардга кўпроқ ишонч билдирмоқда.
“Рома”да ўйнатмагани учун португалиялик мураббийга нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйишни ваъда бериб, бунинг уддасидан чиққан Майораль яна Римга қайтадиган бўлса, Элдор Шомуродовнинг асосий таркибга кириши янада қийинлашиб кетади. Бу ҳолатда, “Рома” легионеримизни ижарага жўнатиши ёки сотиб юбориши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Моуриньо энди “Рома”га ёрдам беролмайди!
Италия футбол федерациясининг Тартиб-интизом қўмитаси “Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньони А Сериянинг иккита учрашувидан четлатди.
Португалиялик мутахассис миллий чемпионатнинг “Верона”га қарши ўтказилган учрашувида бош ҳакам Лука Пайреттонинг қарорларига кескин норозилик билдирган ва ўйин якунланиши арафасида ҳакамга телефон қилиш ишорасини кўрсатган. Моуриньога дарҳол қизил карточка кўрсатилди.
Бу вазият кўп мунозараларни келтириб чиқарди. Мутахассислар португалиялик мураббий бу ишораси орқали бош ҳакамни коррупцияда айблагани, унга “Ювентус”дан қўн0ироқ бўлганини англатади, деган версиялар ҳам янгради. Чунки, Лука Пайреттонинг отаси Пьерлуижи ҳам футбол ҳаками бўлган ва 2006 йилда коррупцион тизим – “Кальчаполи” ишининг асосий фигурантларидан бири, деб топилган. У ўша даврда “Ювентус” директори Лучано Моджи билан телефон орқали доимий алоқада бўлгани аниқланган. Моуриньо шунга ишора қилган.
“Рома” бош мураббийи 20 минг евро миқдорида жарима ҳам тўлайди.
Бундан ташқари, Тартиб интизом қўмитаси Моуриньонинг ёрдамчиси Луис да Кошта Нуну Сантушни ҳам икки ўйинга четлатди. Спорт директори Тиагу Пинто эса, фаолиятига икки ҳафталик таъқиқ қўйилди. “Рома” мураббийлар штабининг яна бир вакили – жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис Стефано Рапетти “Верона” мураббийларини ҳақорат қилгани учун бир ўйинга дисквалификация қилинди ва беш минг евро жарима тўлаши белгиланди.
Шу тариқа, Жозе Моуриньо А Серия доирасида 27 февраль куни “Специя” ва 6 март куни “Аталанта”га қарши бўладиган учрашувларда жамоасига яқиндан ёрдам бера олмайди.
Моуриньога “Арсенал” ўйинчиси маъқул келмади
Calciomercato нашрининг хабар беришича, “Рома” мутасаддилари январь ойида “Арсенал”дан ижарага олинган ярим ҳимоячи Эйнсли Мейтленд-Найлсни мавсум охирида Англияга қайтариб юборишга қарор қилди.
24 ёшли футболчининг ҳаракатлари Жозе Моуриньога маъқул келмади ва римликлар англиялик ўйинчини ёзда сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланмайдиган бўлди.
Аслида “Рома” раҳбарияти “Арсенал” вакилини ёзда тўлиқ трансфер қилишни режалаштираётган эди.
Мейтленд-Найлс “Рома”га ўтганидан бери “бўрилар” сафида еттита учрашув ўтказди, бироқ самарали ҳаракатларни амалга ошира олмади. Энди у мавсум якунланиши билан Лондонга қайтиб кетади ва “Арсенал” асосий таркибига қўшилиш учун қайтадан курашга киришади.
“Рома” юлдузига янги шартнома бермади
“Рома” ўз тарбияланувчиси Николо Дзаньоло билан янги шартнома бўйича музокараларни бошлагани йўқ.
22 ёшли ҳужумкор футболчининг амалдаги шартномаси 2024 йилнинг ярмигача давом этади. Бироқ, Дзаньоло ҳозирнинг ўзида Италия, Испания, Германия ва Англия чемпионатларидан жуда манфаатли таклифлар олмоқда.
Римликлар энг машҳур футболчисини ушлаб қолиши қийин бўлади. Аввалроқ, клуб раҳбарияти Николо билан янги битим тузиб, кейин уни 50 миллион евродан кам бўлмаган бадал пули эвазига қўйиб юбориши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатилган эди.
Жозе Моуриньо шогирдига нисбатан А Серия ҳимоячилар жуда қўпол ўйнаётганини инобатга олиб, унга бошқа чемпионатга кетишни тавсия қилган. Чунки кетма-кет икки марта оғир жароҳат олган Дзаньоло ўйин давомида шикастланишдан чўчиб ҳаракат қилаётган билиниб қолмоқда.
Жорий мавсумда Николо римликлар сафида жами 28 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига тўртта гол ва бешта ассист расмийлаштирди.
Transfermarkt портали бу ўйинчини 33 миллион еврога баҳоламоқда. Табиийки, бу сумма “Рома”ни қониқтирмайди.
Фикрлар