“Навбаҳор”га келиши айтилган Ўрунов қайси жамоада ўйнайди?
Мамлакатимизнинг энг истеъдодли футболчиларидан бўлган Остон Ўрунов фаолиятидаги мавҳумлик ҳали тўла барҳам топгани йўқ. Трансфер ҳуқуқи “Спартак” клубига тегишли бўлган ва москваликлар билан шартномаси 2025 йилнинг ярмигача давом этадиган ҳамюртимиз айни пайтда мавсумнинг иккинчи ярмига “Уфа” таркибида тайёрланмоқда.
Бошқирдистон жамоаси қишки ўқув-машғулот йиғинини Туркияда ўтаётганидан кўпчиликнинг хабари бор.
Sports.uz нашри ўз манбаларига таяниб, Остон Ўрунов фаолиятини “Навбаҳор”да давом эттириши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.
Россиянинг энг нуфузли агентлиги – РАТА ТАСС ўзбекистонлик легионер Остон Ўруновнинг фаолияти борасидаги масалага ойдинлик киритиш учун “Уфа” бош директори Шамиль Газизовга мурожаат қилади.
Маълумки, ҳуқуқий жиҳатдан “Спартак”га тегишли бўлган ўзбек легионери учинчи маротаба “Уфа”га олиб келинди. Дастлаб 2020 йилнинг бошида “Локомотив”дан уфаликлар таркибига қўшилган иқтидорли ярим ҳимоячи ўша йилнинг ёзида “Спартак”га трансфер қилинганди.
Кейинчалик “Спартак” бошқарувидаги ўзгаришлар оқибатида, яъни уни пойтахт клубига трансфер қилишда бош ролни ўйнаган Шамиль Газизов “ Спартак” бош директорлигидан бўшатилганидан кейин Ўрунов ярим мавсумга “Уфа”га ижарага берилди.
Ниҳоят, Остон учинчи бор жорий мавсум аввалида уфаликлар томонидан чемпионат охиригача ижарага олинди. Бу гал Бошқирдистон клубида ўзбек футболчисини трансфер қилиш ҳуқуқи ва маълум миқдорда ўйин ўтказган тақдирни уни харид қилиш мажбурияти ҳам бор. Ҳар икки ҳолатда ҳам “Уфа” москваликларга 1 миллион евро тўлашига тўғри келади.
“Уфа” бош директори Ўамиль Газизов нуфузли ахборот агентлиги сўровига жавоб берар экан, клуб ҳали Остон Ўруновдан воз кечмаганини маълум қилди. Аввалроқ, “Уфа” ўзбек легионерининг трансферини сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланмаслиги ҳақида ҳам хабарлар тарқатилган эди.
- Ўрунов масаласи бўйича қарорни мавсум охирида қабул қиладиган бўлдик. Унинг мавсумнинг биринчи ярмидаги ўйинларига изоҳ бермайман. Чемпионатни якунлаб олсак, кейин уёғи янада ойдинлашади, - деди Шамиль Газизов.
“Уфа” бош директорининг гапларидан Остон Ўрунов мавсумнинг иккинчи ярмини ҳозирги жамоасида бошлашини англаш мумкин. Россияда трансфер ойнаси ҳали давом этишини инобатга олиб, кейинчалик бирор ўзгариш бўлиб қолиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Остон Ўрунов жорий мавсумда Россия премьер-лигасида етти марта майдонга тушиб, бирор самарали ҳаракатни амалга оширгани йўқ. Аксинча, икки марта сариқ карточка билан жазоланди. “Уфа” ҳамюртимизни трансфер қилиш имконини сақлаб қолиши учун биринчи навбатда премьер-лигадан тушиб кетмаслиги шарт. Ҳозир бу клуб мусобақа жадвалида 18-турдан сўнг 16 очко билан 15-ўринда қайд этилган.
“Уфа” қишки танаффусдан сўнг биринчи учрашувини 27 февраль куни “Ахмат” жамоаси майдонида ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, “Пахтакор” тарбияланувчиси бўлган Остон Ўрунов профессионал футболчи сифатида “Навбаҳор”да шаклланган. Истеъдодли ярим ҳимоячи 2017-2019 йиллар давомида наманганликлар сафида жами 51 та учрашувда қатнашиб, ўз ҳисобига учта тўп ёздириб қўйган.
Ўрунов кейинчалик Тошкентнинг “Локомотив” жамоасига кўчиб ўтган эди.
Фикрлар