Ўрунов жамоаси қандай тақдирланади?
Россия премьер-лигасининг 26-турида “Уфа” футболчилари сафар учрашувида “Спартак” дарвозасига жавобсиз учта гол киритиб, йирик ҳисобда зафар қучди. Мезбонлар кутилмаган қақшатқич мағлубиятдан сўнг, чемпионлик пойгасидан чиқиб кетгани айтилмоқда.
Журналистлар “Уфа” бош директори Шамиль Газизовдан принципиал учрашувда москваликларни тиз чўктирган жамоа қандай мукофотланиши ҳақида сўради.
- Моддий мукофотлар бўлмайди. Чунки менинг клубимнинг бюджети анча кичик. Қолаверса, биз ҳали асосий вазифа – премьер-лигада қолиш масаласини ҳал қилганимиз йўқ. Шу боис, ҳозирдан қандайдир бонуслар ва мукофот пуллари ҳақида гапиришга жуда эрта, - деди Шамиль Газизов.
Ушбу учрашувда ҳуқуқий жиҳатдан “Спартак”га тегишли бўлган ва ижара асосида “Уфа”да ўйнаётган Остон Ўрунов иштирок этмади. Легионеримиз жароҳатидан тикланиб улгурмагани боис, баҳс қайдномасига киритилмади.
Фикрлар