Ўзбек футболчилари машҳур дарвозабонни бездириб қўйди
Гильермо Очоа – жаҳон футболининг энг машҳур дарвозабонларидан. 38 ёшли голкипер 2005 йилдан бери Мексика терма жамоасидаги ўрнини ҳеч кимга бермай келаётгани унинг маҳорати юксак эканидан далолат беради.
Очоа ўз юртида “Америка” дарвозасини саккиз йил қўриқлаганидан кейин Европага кўчиб ўтди. “Кўҳна қитъа”да Франциянинг “Аяччо”, Испаниянинг “Малага” ва “Гранада”, Бельгиянинг “Стандарт” жамоалари шарафини ҳимоя қилди. Орада 2019-2022 йиллар давомида яна Мексикага қайтиб, “Америка”да ўйнади.
Бироқ, 2023 йилнинг бошида А Серия вакили “Салернитана” Гильермо Очоани Европага қайтарди. Мексикалик юлдуз айнан мана шу чемпионатди биринчи бор ўзбек футболчиси зарбасига дуч келди.
Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини “Специя”да ўтказган Элдор Шомуродов ягона голини айнан Очоа дарвозасига киритди. 2 апрель куни ўтказилган 28-тур учрашувида ўзбек ҳужумчиси узоқ масофадан ҳужум уюштириб, тўпни аниқ зарба билан Очоа қўриқлаётган дарвоза тўрига туширди.
Ҳар ҳолда 38 ёшли голкипер АҚШдаги ўқув-машғулот йиғини доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бўлган ўртоқлик учрашувидан олдин Элдор Шомуродовнинг суперголини эслаган бўлса, ажаб эмас.
Терма жамоамиз мураббийлари штаби қарорига кўра, Элдор бу ўйинда майдонга туширилмади. Таркибни кўрган Гильермо бироз енгил тортган бўлса керак.
Бироқ, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида гол уришни биладиган бошқа ўйинчилар борлигини билмаган. Айниқса, Бобур Абдухолиқов ўзидан баланд бўлган ҳимоячини доғда қолдириб, боши билан аниқ зарба берган вазиятда Очоа ҳеч нарса қила олмади.
Кейин Азизбек Турғунбоев қарши ҳужум чоғида жарима майдончаси ташқарисидан мексикаликлар дарвозасини ишғол қилди. Гильермо бу гал тўпга ташланишда кеч қолди ва кутилмаган зарбани бартараф этолмади.
Сўнгги дақиқаларда Отабек Шукуровнинг голи шедевр таснифидаги голлардан бўлди. Тажриба ярим ҳимоячи ўткир бурчакда турганига қарамай, жарима тўпини тўғри дарвозага йўллади. Гильермо Очоа тўпга қўшилиб, дарвоза ичига кириб кетди.
Мексикалик таниқли дарвозабон ўзбек футболчиларига қарши икки маротаба рўбарў келган бўлса, ўз дарвозасидан тўрт марта тўп олиб чиққан.
Гильермо Очоа ва Элдор Шомуродов дуэлини жорий мавсумда яна кўришимиз мумкин. “Салернитана” 22 октябрь куни ўз майдонида “Кальяри”ни қабул қилади. Бундан ташқари, иккинчи даврада сардинияликлар 10 март куни ўз мухлислари кўз ўнгида “Салернитана” билан тўқнаш келади.
Бўлажак учрашувларда 28 ёшли легионеримиз мексикалик дарвозабонга гол уриш анъанасини давом эттиришга умид қиламиз.
Ўзбекистоннинг голлари мексикаликларни қаттиқ хавотирга солиб қўйди
“Барса” юлдузи нега Мессининг эмас, Шомуродовнинг севимли рақамини танлади?
Шомуродовга ёрдам керак!
Ўзбекистон ва Россия тўқнашувида олтита гол бўлди
Шомуродовни уйғотиб қўйинглар...
Италиялик мухлислар Шомуродовни муҳокама қилмоқда: яхши гап ҳам, танқид ҳам етарли!
Ҳусанов жамоаси ҳақида ҳайратланарли факт!
Шомуродов трансфери ўзини оқлайдими?
Фанатлар Шомуродовдан нимани талаб қиляпти?
Фикрлар