“Реал” ва “Барса”дан келган бўлса ўзига! Моуриньо “Рома”дан кетадиганлар рўйхатини берди
“Рома”ни қудратли клублар сафига қўшиш вазифасини уддалашга киришган Жозе Моуриньога бу ишни уддалашда ёрдами тегмайдиган ўйинчиларни аниқлаб олиши учун ярим мавсум кифоя қилди.
Аслида португалиялик мутахассис Римга келганидаёқ Эдин Жеко, Педро, Алессандро Флоренци, Женгиз Ундер, Жастин Клюйверт каби бир неча машҳур ўйинчилар ҳам пойтахтдан узоқлашганди. “Рома”дан ижарага жўнатилган футболчиларнинг ўзидан яна бир жанговар таркиб тузса бўладиган ҳолат юзага келди.
Моуриньо жамоани ўзига мослаштиришни давом эттирмоқда. Қишки трансферлар вақтида “Рома”ни тарк этадиган ўйинчилар номи аниқ бўлди. Спорт директори Тьягу Пинто айни пайтда уларнинг масаласини ҳал қилиш билан шуғулланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, испан грандлари – “Реал” ва “Барселона” академияларидан чиққан чарм тўп усталари ҳам Моуриньонинг талабига тортмай қолди.
“Қироллик клуби” анъаналарига хос тарзда тарбия кўрган ҳужумчи Борха Майораль жорий мавсумда биттадан гол ва ассист қайд этганига қарамай, унинг ишончни оқламаган ўйинлари кўпроқ бўлди ва у январь ичи ўзига янги жамоа топишга мажбур. Йўқса, ижара муддати тугагунга қадар захира ўриндиғини иситади. Табиийки, “Реал”дек клуб мактабини ўтаган ҳужумчига таклифлар йўқ эмас, Ҳеч бўлмаганда “Фиорентина” ва “Кристал Пэлас” бор.
“Барселона”дан ижарага олиниб, кейинчалик 12,5 миллион еврога трансфер ҳуқуқи сотиб олинган Карлес Перес ҳам ўзига сарфланган пулларни оқламади. Унинг нархи мунтазам пастлаб, етти миллион еврога тушиб қолгани ҳам бунинг исботи. Каталония мактабини кўрган йигит А Серия ва Конференциялар лигасида 16 та учрашувда 703 дақиқа ўйнаб, бир жуфт гол муаллифи бўлди. Ҳужумчининг бу статистикаси Моуриньони умуман қониқтирмади ва Перес ҳам кетадиганлар сафига қўшилди. Ваҳоланки, Перес ҳам худди Майораль сингари Моуриньо келгунича асосий таркибнинг муқим ўйинчиси бўлган.
Испан футболининг яна бир вакили – Гонсало Вильяр Моуриньо жанобларига умуман ёқмади. “Эльче” ва “Валенсия” тарбияланувчиси португалиялик мураббий даврида асосий таркибга яқинлашолмай қолди. Аввалги мураббий Паулу Фонсека уни мунтазам ўйнатаётган эди. А Серия доирасида майдонга қадам босмаган ярим ҳимоячи Конференциялар лигасида олти бор кўриниш бериб, ҳеч нарсани уддалай олмади.
Қизиғи, испан футболи аъзоларининг бирортаси португалиялик мутахассисга тўғри келмади.
Асосий таркибга кира олмаган орасида энг яхши вазият Риккардо Калафьорида. Бош мураббий 19 ёшли чап қанот ҳимоячиси билан бутунлай алоқани узмоқчи эмас. Фақатгина уни “Кальяри”га ижарага жўнатиб, “Рома”да ўйнайдиган савияга кўтарилганидан кейин ортга қайтаради.
“Рома”даги фаолияти ўзи истагандек якунланмайдиганлардан яна кимлар бор?
АҚШда футбол сир-асрорларини ўрганган Брайан Рейнольдснинг савияси Европага тўғри келмади. А Серияда битта ўйин ўтказган ўнг қанот ҳимоячиси юртига қайтиб кетишга яқин турибди. Агар у ўзига қизиқаётган “Брюгге” ва “Андерлехт” каби клублар синовидан ўтолмаса, ортга чекинишига тўғри келади.
Моуриньо синаб кўришни ҳам ўзига эп кўрмаган италиялик Давиде Сантон ва агентиналик Федерико Фасио қайсар мураббийнинг эътиборига тушаман, деб ярим йил вақтини бекор ўтказди. Бу ўйинчиларга Италия ва Туркия жамоаларидан иш чиқяпти, лекин улар маошининг катта қисмидан воз кечиб, камтарроқ маблағ эвазига анчагина тер тўкиши керак бўлади.
Яна бир ярим ҳимоячи Амаду Диавара “Рома”даги рақобатга дош беролмади. У мавсумнинг иккинчи қисмига тайёрланадиган паллада Африка Миллатлар лигасида қатнашиш учун Гвинея терма жамоасига кетди. Амаду бўлажак халқаро мусобақада скаутлар эътиборини тортишга уриниб кўради. Ҳозирча, ёш футболчига “Кальяри” ва Франциянинг ўртамиёна жамоалари қизиқиб турибди.
Фикрлар