“Рома” Мессини тиз чўктирган футболчини олади!
“Рома” ҳужумларида катта кўламдаги ишни бажариб келган Генрих Мхитарян “Интер”га ўтиб кетишга қарор қилганидан кейин Рим клуби мутасаддилари унинг ўрнига бошқа ўйинчи оладиган бўляпти.
Calciomercato нашрининг хабар беришича, Жозе Моуриньо арманистонлик футболчи ўрнига ПСВда ўйнаётган Марио Гётцени олиб келишни истаяпти.
Марио Гётце 2014 йилги жаҳон чемпионатида Германия терма жамоаси сафида жаҳон чемпиони бўлган. Маҳоратли ярим ҳимоячи финал учрашувида ягона голни ўриб, Лионель Месси бошчилигидаги Аргентина терма жамоасини тиз чўктирган.
Айни пайтда германиялик плеймейкер ПСВ жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. У Нидерландия чемпионатига 2020 йили “Боруссия”дан эркин агент сифатида кўчиб ўтган. Шу кунга қадар Эйндховен клуби сафида 77 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 18 марта ишғол қилди ва жамоадошларига ҳам 18 та голли узатмани амалга оширди.
Гётценинг ПСВ билан яна икки йиллик шартномаси бор. Манбаларнинг таъкидлашича, машҳур футболчининг трансферини 5 миллион евро атрофидаги маблағ эвазига ҳал қилиш мумкин.
Мариога римликлардан ташқари “Милан” ҳам даъвогарлик қилмоқда.
Дзаньоло “Милан”ни танладими?
“Рома” ёзги трансферлар вақтида жамоа етакчиларидан Николо Дзаньолони сотиб юборишга тайёр.
Ҳужумкор футболчи клуб билан яна икки йил давом этадиган шартномани узайтиришни истамаяпти. Шу боис клуб мутасаддилари уни 55 миллион евро атрофидаги маблағ эвазига қўйиб юбормоқчи.
Асосий харидор сифатида “Ювентус” тилга олинаётган эди. Бироқ, Италиянинг амалдаги чемпиони “Милан” римликларга таклиф билан чиқиб, рад жавобини олишга ҳам улгурди. Шунга қарамай, миланликлар Дзаньолони олиш фикридан қайтгани йўқ.
Николонинг чемпион жамоа сафига ўтаётгани ҳақидаги хабарларга ўйинчининг агенти Вигорелли муносабат билдирди.
Дзаньолонинг “Милан”га ўтгани ҳақидаги хабарлар жуда ёқимли, лекин менинг бундан умуман хабарим йўқ, - деди Клаудио Вигорелли.
22 ёшли ҳужумкор футболчи Конференция лигаси финали қаҳрамони ҳисобланади. У “Фейеноорд” дарвозасини ишғол қилиб, “Рома”га узоқ кутилган совринни тақдим этди.
Николо барча турнирларда 42 марта майдонга тушиб, ўз ҳисобига саккизта гол ва тўққизта ассист расмийлаштирди.
“Рома” Моуриньони хафа қилган ҳужумчини кутяпти
“Будё-Глимт” ҳужумчиси Оле Сольбаккен Конференциялар лигаси гуруҳ босқичида “Рома”га қарши ўтказилган ҳар икки учрашувда Руй Патрисио дарвозасини ишғол қилган эди.
Гарчи ўша учрашувлардаги ҳисоб Жозе Моуриньонинг ғазабини келтирган бўлса-да, норвегиялик ҳужумчининг маҳорати португалиялик мутахассис томонидан юқори баҳолади.
Клуб спорт директори Тьягу Пинто шундан бери Сольбаккенни “Рома”га олиб келиш устида иш олиб бормоқда. Бу мутахассис биринчи навбатда истеъдодли ҳужумчи билан шахсий шартнома шартларини келишиб олмоқчи. Шундан сўнг, “Рома” мутасаддилари “Будё-Глимт” раҳбариятига трансфер бўйича расмий таклиф юборишни мўлжаллаяпти.
Аслида Сольбаккеннинг амалдаги шартномаси декабрда якунланади.
“Будё-Глимт” келаси мавсум Чемпионлар лигаси саралашида қатнашади ва муҳим турнирда Сольбаккеннинг хизматидан фойдаланмоқчи. Бу вазиятда кўп нарса ҳужумчининг танловига боғлиқ бўлади.
Фикрлар