Тезкор хабар! Турин клуби асосий юлдузи ўрнига Шомуродовни олади!
Мавсум охирига яқинлашган сари “Рома” ҳужумчиси Элдор Шомуродов олдида янги вариантлар пайдо бўла бошлади.
Маълумки, “Женоа” таркибидаги ёрқин дебют мавсумидан кейин ҳужумчимиз Жозе Моуриньо таклифига биноан “Рома”ни танлаган эди. Элдор берган интервьюларининг бирида “Ювентус” варианти ҳам бўлгани, бироқ “Рома”да ўйнаб кетишига кўпроқ ишонгани учун пойтахтликлар таклифини қабул қилганини таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, “Рома”даги фаолияти ёмон бошланмади. Ҳужумчимиз мавсумолди йиғинлардаги ўртоқлик учрашувларидагол уриб, ўзини кўрсатди. УЕФА таснифидаги халқаро турнир - Конференциялар лигасининг саралаш босқичига тўғри келган илк расмий учрашувида Туркияда “Трабзонспор” жамоаси дарвозасини ҳам ишғол қилиб, дебют голини нишонлади.
Лекин Рим клуби “Челси” юлдузи Тэмми Абрахам трансферини уддалаганидан кейин Жозе Моуриньо Элдорни захирага михлаб қўйди. Моуриньо асосан бир ҳужумчи билан ўйнаётгани боис, қимматбаҳо юлдузнинг майдондаги ўрни кафолатланган. Қолган ҳужумчилар эса ўз вақтини кутишига тўғри келяпти.
Тэмми Абрахам ҳам ўзига берилган имкониятни тўлиқ оқлаётганини ҳам тан олиш лозим. У кучли бешлик чемпионатларидаги ҳамюртлари орасида энг кўп гол урган тўпурар бўлиб тургани ҳам шундан далолат беради.
Кўпчилик ўзбекистонлик мухлисларни Шомуродов захирада ўтиришдан кўра, бошқа жамоага ўтиш варианти қизитирмоқда, десак муболаға бўлмайди. Ўзбек ҳужумчисига Испаниядан “Севилья”, Германиядан “Фрайбург”, “Хоффенхайм ва “Лейпциг” қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқатилган эди.
Энди Европа футболини қамраб олган euro-football сайтининг аниқлашича, Туриннинг “Торино” жамоаси Элдор Шомуродов трансфери бўйича иш бошлаган. Туринликлар ёзда кейинги йиллардаги энг ёрқин юлдузи Андреа Белоттини қўйиб юборади. Шартномаси якунланаётган тўпурар фаолиятини кучлироқ клублардан бирида давом эттиришни маъқул кўрган.
“Торино” раҳбарияти эса Элдор Шомуродов унинг ўрнини тўла боса олишига ишонмоқда. Бу клуб ўзбек ҳужумчисини олиш учун икки вариант бўйича ишлаяпти. Агар улар “Рома”ни кўндира олса, Шомуродовнинг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олмоқчи. Рим клуби бу таклифни қабул қилмаса, “Торино” легионер ҳужумчини ижарага олишга уриниб кўради.
Шомуродов асл мақсади “Рома”да кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиб, ўзини кўрсатиш эканини бир неча маротаба таъкидлади. Бироқ, амалда ҳамюртимиз захирада қолиб кетмоқда. Фактларга мурожаат қиладиган бўлсак, Элдор бутун мавсум давомида барча турнирларда 33 маротаба майдонга тушиб, жами 1000 дақиқа атрофида ўйнади. Бу жуда кам. Шунга қарамай, ўзи қатнашган барча турнирлар – Конференциялар лигаси, А Серия, Италия кубогида гол ура олди. Ҳозирги пайтда Элдор ҳисобида тўртта гол ва бешта голли пас қайд этилган.
Шу ўринда Элдор айнан ўйнайдиган ёшда эканини таъкидлаш жоиз. Машҳур клуб захирасида вақт ўтказгандан кўра, унга мунтазам ўйин амалиётини берадиган ва тўлиқ ишонч билдирадиган жамоада тўп тепгани маъқул.
Зеро, Элдор “Женоа” сингари аутсайдер жамоадаги ўйинлари билан “Ювентус” ва “ Рома” каби катта клублар эътиборига тушган экан, “Торино” даражасидаги клубларда ҳам йўқолиб қолмаслиги аниқ.
Бир сўз билан айтганда, яқинлашиб келаётган ёзги трансферлар мавсумида Элдор Шомуродов номи кўп янграйдиганда ўхшаб турибди. Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳужумчимизга омад тилаб, унинг атрофидаги вазиятни кузатишда давом этамиз.
Фикрлар